СЕНИНГДИРМАН
Кел, гўзалим, дил уйида яшажакмиз,
Юраклари зардоблардан бўшажакмиз,
Дил боғига биз ҳам бир гул қўшажакмиз,
Ёнишларда, хонишларда тенгингдирман,
Эй, қаламқош, сенингдирман, сенингдирман.
Адашганман, дея ўзинг койимагин,
Чеҳраларинг сўлғин эмас, бўлсин гулгун,
Сен қалбимга севги бўлиб кириб келгин,
Чангда қолган гул бўлсанг, мен чангингдирман,
Эй, қаламқош, сенингдирман, сенингдирман.
Тақдир мени раво кўрса, чекинмагин,
Сен ойсан-ку, ногоҳ кўкда бекинмагин,
Севиб яша, бошқа ишга эгилмагин,
Севги деган чек тушганда чекингдирман,
Эй, қаламқош, сенингдирман, сенингдирман.
Мендан ўзга етмагайдир ишқ қадрига,
Дил сабабдир таратгувчи дил атрига,
Жоним фидо муҳаббатнинг ҳар сатрига,
Муҳаббатда ёлғиз ўзим бегингдирман,
Эй, қаламқош, сенингдирман, сенингдирман.
ХОРАЗМНИНГ ОҲАНГЛАРИ
Хоразмнинг оҳанглари
Жайхун каби жўшқин экан.
Куй таралса ул тарафдан
Дилда боринг қўшгин экан.
Хоразмнинг навоси зўр,
Шоҳ куйи бор – “Лазги” эрур.
Эриб кетар ҳатто тошлар,
Қиш ҳавоси ёзги эрур.
Ёшуллилар чалинг дейди,
Куйлаш санинг галинг дейди.
Қўлларида қайроқиси,
Хоразмча чалинг дейди.
Хоразмнинг оҳанглари
Дилгинамни яйратади.
Шеър айтаман булбул бўлиб,
Хоразмча сайратади.
ҚУЁШ ЕРГА ЯҚИН КЕЛГАН КУН
Жазирама ҳаддан ошганда,
Нур денгизи тўлиб-тошганда,
Олов ёнар Нукус, Тошканда,
Ер тандирда пишдик бус-бутун,
Қуёш Ерга яқин келган кун.
Ҳансирайди Замин, коинот,
Юрак-қуёш, танингда нажот,
Фақат сендан ирода, сабот,
Сўраб турар табиат букун,
Қуёш Ерга яқин келган кун.
Ҳаммасига қодирдир Эгам,
Ҳаёт букун эмасдир бекам,
Қалб чароғон, бизларга не ғам,
Меҳр тафти бўлгайдир устун,
Қуёш Ерга яқин келган кун.
Ашурали БОЙМУРОД