ЧУМОЛИНИНГ ЎКИНЧИ
Дон излаб чиқдик, бироқ,
Топганимиз бир увоқ.
Афсуски, товуққа биз
Ўлжа бўлдик ўша чоқ.
ҚИСҚА ЖАВОБ
– Исминг нима?
– Шерали.
– Тилинг бунча
Ширали?
– Кўп бўлмади,
Бўлди сал.
Еган эдим
Мен асал.
Шундандир
Тилим ширин.
Айтиб қўйдим- а,
Сирим.
КИМ ҚЎЙИБДИ
Мушугим болалади,
Тўртта, ночор аҳволи.
Қаранг-ки, мўйлов қўйган,
Хайрият, йўқ соқоли.
Кўзлари кўрмаса-да,
Бари сутга тўйибди.
Қаранг, мўйлов қўйишни,
Уларга ким қўйибди.
МУНОСИБ ЖАВОБ
“Оғзингга қараб гапир”–
деди Раъно Саҳобга.
Саҳоб жуда сўзга бой,
Қулоқ тутинг жавобга:
– Хўп опажон, албатта,
Тушундим сўзингизни.
Менга-чи, бериб туринг,
Қизғанмай кўзгунгизни.
Рўзимурод БОЛҚИЕВ