August 24, 2023

ШОИРАНИНГ ОИЛАСИ  

Марина Цветаева

Маринанинг онаси пианиночи эди ва у қизи ҳам мусиқачи бўлишини орзу қиларди. Бир куни она кундалик дафтарига қуйидаги сатрларни ёзиб қўйган экан: “Менинг тўрт яшар Мусям атрофимда гирдикапалак бўлиб, сўзларни оҳангга солиб айт­япти, эҳтимол, шоира бўлмоқчидир?”

Унинг отаси таниқли филолог ва санъатшунос, Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Иван Владимирович Цветаев ўз даврининг илғор олими сифатида Нафис санъат музейига асос солган. Бу музей ҳозир “А.С.Пушкин номидаги тасвирий санъат музейи” деб аталади. Олимнинг фикрича, бу музей талабаларга ғарб санъатининг юксак намуналарини намойиш этиши лозим эди, чунки профессор шахсан ўзи ғарбдаги кўплаб давлатларни кезиб, машҳур санъаткорлар асарларининг асл нусхаларини жамлаган эди.

БИРИНЧИ КИТОБ

Шоира олти ёшда шеър ёза бошлаган. Нафақат рус тилида, балки олмон ва француз тилларини ҳам болаликдаёқ ўзлаштирган эди. Онаси унинг мусиқачи бўлишини истаб, Мусиқа билим юртига берганди, аммо Марина бадиий ижодни танлади ва 18 ёшидаёқ ўз ҳисобидан “Оқшом альбоми” номли биринчи китобини нашр эттирди. Цветаеванинг илк китобини олқишлаган шоирлар орасида ўша даврнинг атоқли адиблари Николай Гумилев билан Валерий Брюсов ҳам бор эди. Шоира Марина Цветаева кейинчалик чинакам шон-шуҳрат қозонади.

ИРИМЧИ

Шоира ўзи севган қимматбаҳо тош(сердолик)ни совға қилган кишига турмушга чиқишини айтади ва ўзини тақдир измига ташлаб, қарорини амалга оширади. Москва университетининг тарих-филология факультети талабаси, ўзидан ёши кичик Сергей Эфрон кўнглидаги тошни ҳадя қилгани учун унга тегади. Бу турмуш бахтли бўлганми?.. Аммо шоира кўп ҳолларда ўзини ёлғиз ҳис қиларди.

БАХТСИЗ ОИЛА

Шоира эри Сергей Эфрон билан 29 йил бирга яшайди, аммо бу турмушни бахтли деб бўлмасди. Чунки шоира ўзини эркин тутар, хуллас, оилавий мажбуриятларга совуққон эди, дейиш мумкин. Россияда фуқаролар уруши бошланганда Сергей Эфрон “оқ гвардиячилар” сафида кўнгиллиларга қўшилиб шўроларга қарши жангга отланади. Марина эрини урушдан олиб қолмоқчи бўлиб уринади, аммо Сергей ортга қайтмайди. Урушдан кейин у ҳам бошқа “оқ гвардиячи”лар қатори хорижга қочишга мажбур бўлади. Улар кейинчалик Европада кўришадилар.

МУҲОЖИРЛИК

Марина Цветаева ўн етти йил муҳожирликда, асосан, Берлин ва Парижда яшади. Бу машаққатли йилларда ёзган шеърлари эвазига арзимаган қалам ҳақи оларди, тирикчилик ўтказиш учун бошқа манба бўлмаган. Эфроннинг жосуслиги, шўроларга хизмат қилиши ҳақида миш-мишлар урчиб, бундан эру хотиннинг ўзи ҳам ташвишга тушиб қолади. Унинг муҳожирликда ёзган асарларининг катта қисми китоб ҳолида нашр қилинмай қолиб кетган.

ЁЗУВЧИ ВА ТАРЖИМОН

Машҳур шоира нафақат шеърлар, балки насрда ҳам асарлар битган. Ўша вақтларда шоиранинг ўзи: “Муҳожирлик мени ёзувчига айлантирди”, деб ёзганди. У бошқа тиллардан рус тилига таржималар ҳам қилган. Жумладан, муҳожирликда яхшигина ўрганган испан тилидан асарлар ўгирган.

ШОИРА ҚАБРИ

Марина Ивановнанинг қабри қаердалиги номаълум. Узоқ вақт бир қабристонда “Қабристоннинг шу томонига Марина Цветаева дафн этилган”, деган кўрсаткич сақланган. Ҳозир унинг номи битилган ёдгорлик қўйилган қабр шоиранинг “рамзий қабри” ҳисобланади, аммо ҳақиқатан ҳам у шу ерга дафн этилгани аниқ эмас. 1982 йили аниқланган бир астероид (3511. Tsvetaeva) вакўплаб кўчалар шоира номи билан аталган.