Қоратовнинг ортидан шафақ,
Кўтарилар элга уриб бонг.
Олтин рангли кенгликлар аро,
Ёйилади бир нурафшон тонг.
Осмон тўлиб келади нурга,
Гўё кўкдан ёғилар ёғду.
Наинки ҳар кўча, ҳар йўлак,
Ҳар кўнгилга нур улашар у.
Ҳар дарахтни эркалар само,
Ҳар майсани эркалатар ел.
Шу фараҳбахш тонг оғушида,
Умид билан уйғонади эл.
***
Остонасин ҳатлар чол, кампир,
Чиқса, равон йўллар поёндоз.
Ҳар қадамда шукроналик-ла,
Қаддин тутиб юрадилар ғоз.
Ахир, ўтди уларнинг умри,
Қиши балчиқ, ёзи чанг-тўзон.
Бугун йўлларида Нукуснинг,
Уфқнинг акси ялтирар азон.
***
Ойсулув қиз, ойдай сулув қиз,
Ой юзига термулганча у.
Камалакдай кўркам либослар,
Яратишни қиларди орзу.
Хаёлида бир тикув мошин,
Уни гўё сеҳргар берса.
Эртакдаги меҳнаткаш қиздай,
Тикаверса ва тикаверса.
Туши ўнгдан келгувчи малак,
Чарчамайди кўйлаклар тика.
Бунёд бўлди шу қизлар учун
Кегейлида катта фабрика.
Бир кўрсангиз сиз уни бугун,
Қалби тўла ғурур турибди.
Ахир, унинг тиккан либосин,
Хорижликлар кийиб юрибди.
***
Бир чеккада бир ғариб овул,
“Белтов” деса жунжикарди ҳис.
Тарк этмоқни қилиб ихтиёр,
Кўч-кўронин кўтарди улус.
Неча йиллар қақради бу ер,
Харобалик тутди, тонмади.
Неча йиллар дарахтларининг
Шохларига қушлар қўнмади,
Неча йил кимсасиз деворлар,
Сукунатга, жимликка чўмди.
Неча йилки сувсиз ариқлар,
Тупроқ тортиб ўзини кўмди.
Лек эзгулик бўлди охири,
“Белтов” ҳақидаги иншонинг.
Ана шундай бир қаҳрабога
Ҳаёт қайтди, десам ишонинг.
Бугун унда қайнайди ҳаёт,
Янграб турар илиқ каломлар,
Келин бўлган шаҳарлик қизлар
Қилар тонгда келинсаломлар.
Униб-ўсар энди бу авлод,
Бу бир ўлка бўлади азим.
Унга ҳаёт бахш этганларга
Бир умрки қиларлар таъзим!
***
Йигит севар, қиз севар эди.
Севги-ла муаззам эдилар.
Лек орага сукунат чўккан,
Бошпанасиз мулзам эдилар.
Қиз отасиз маҳзун, хокисор,
Йигит эса онасиз ғамгин.
Ололмасди елкага ҳеч ким,
Бу турмушнинг муштдайин юкин.
Султон суягини хорламас,
Шу сўз исботини кўрдилар.
Осмонўпар уйларда улар,
Осмонўпар бахтни қурдилар.
***
...Бу тонг шундай фарахбахш тонгки,
Эзгулик-ла кўз очар очун.
Шунча бахтни бериб турганда,
Унга ҳамдлар айтмайлик нечун.
Ана, қалам тутиб болакай,
Таассуротлар ичида кезар.
Обод бўлган маҳалласининг,
Мактабининг суратин чизар.
Энди маҳзун хотираларнинг
Варақлари сарғайиб борар.
Янги замон мактабларида
Ибройимлар улғайиб борар.
Бўлса ақлу идрок, истеъдод,
Бўлса дилинг покиза, баёз.
Қай эшикни очсанг имконият,
Қай эшикни очсанг имтиёз.
Ифтихор бу – Мўйноқни бугун
Маданиятга бешик билмишлар.
“Ойдинлар”ни, “Дембермес”ларни,
Дунё айтар қўшиқ билмишлар.
Бир пайтлар “қора уй” деса,
Пана топган чўпону чўлиғ.
Энди унда дунё меҳмондир,
Энди у ҳам келтирар довруғ.
Чайқалади саксовулзорлар,
Улар чўлнинг тилин билажак.
Ишонурмиз, бир куни бунда
Лолазорлар яратилажак.
Чиндир, элда ўтди кўп синов,
Айта олмам, ўкингани йўқ.
Лек, чекинса денгиз чекинди,
Юртдан меҳр чекингани йўқ.
Томиримиз кетди бирлашиб,
Ва бирлашди томирда илик.
Шу бирликда яратдик бир сўз
Дедик уни – оғзибирчилик.
Тарқамади бунда машварат,
Ҳамма фикр бир ёққа турди.
Қорақалпоқнинг равнақи учун
Ўзбекистон оёққа турди.
...Қоратоғнинг ортидан шафақ,
Кўтарилар элга уриб бонг.
Олтин рангли кенгликлар аро,
Ёйилади бир нурафшон тонг.
Бу бир тонгки, она-Ватанга,
Очилади бағри осмоннинг.
Бу тонг тараққиёт тонгидир
Янги Қорақапоғистоннинг!
Назира МАТЯҚУБОВ