July 20, 2023

НУР ВА СОЯЛАР ЎЙИНИ

Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги буюртмасига биноан Тошкент давлат техника университети билан ҳамкорликда яратилган “Абдулла Қодирий” ҳужжатли фильми 2021 йили суратга олинган. Бу фильм пойтахтимиздаги “Адиблар хиёбони”да ёдгорлик ҳайкаллари ўрнатилган ижодкорларга бағишланган “Халқ юраги” туркумидаги фильмлар сирасига киради.

Бошқа ҳужжатли асарлардан фарқли ўлароқ, Умид Ҳамдамов режиссёрлик қилган бу фильмда қуруқ тарихий фактлар ҳамда воқеалар билангина чекланиб қолинмаган. Унда Абдулла Қодирий ҳаёт йўлигина эмас, балки у яшаган муҳит, жамият, шу жамиятдаги инсонлар аҳволи таъсирли, қалбга етиб борадиган даражада кўрсатилган. Бунда Абдулла Қодирий образи идеал қаҳрамон сифатида эмас, борича, бир ижодкор инсон сифатида ёритилган. Қолаверса, фильм мавзусига мос танланган Рауф Парфининг “Ассалому алайкум, дорнинг оғочи” шеърини тинглаб, томошабин ҳар сафар Абдулла Қодирий билан биргаликда дорнинг оғочига руҳан салом беришга мажбур бўлиши фильм таъсир кучини оширган. Фильм томошабин қалбидаги чўғни оловга айлантира олдими, демак санъаткор ўз мақсадига эришибди.

Фильм композицияси пухта ишланган. Ҳар бир деталь ўзига хос метафора ташийди, худди Абдулла Қодирий публицистикаси каби. Ф.Кафка: “Соялар қуёшни тўса олмайди” деганидек, ҳужжатли фильмда нур ва соялар ўйинидан маҳорат билан фойдаланилган. Ҳаёт ранг-барангликдан иборатлиги сир эмас, аммо асарда нега айнан оқ, қора ва қизил ранглар устун? Бу гўё яқин ўтмишнинг мафкураси таъсирида “оқлаб-кўкланган”, “қўшиб-айрилган” саҳифаларидаги ҳақиқат йиллар ўтса-да, ўз рангида бўй кўрсатишига, тўкилган қонлар қанчалик бекитилган бўлмасин, у борган сари қизариб, қора тусга киришига ишорадек.

Асар сюжети янги йил кириб келиши ва уни нишонлаш саҳнаси билан бошланади. 1937 йил… Ҳамма янги йилни эзгу тилаклар билан бошлайди, сарҳисоб эса янги йил эскиргачгина қилинади... Ким билибди дейсиз, ўша ўтган эски йиллар бутун бир миллат хотирасида ҳайқириқ бўлиб қолишини?!.

Кадрлар эски тузумга ишора қилувчи харобага кўчади. Хароба хонани рамзий маънода жамият, қулаган тузум десак, бу хонадаги ҳар бир буюмнинг ўз шивири борлигини сезгандай бўламиз. Тартибсиз тўзғиб ётган буюмлар ичида кўзингиз собиқ иттифоқ герби ва унга ёнма-ён ҳаво тозаловчи мослама(противагаз)га тушади. Шунинг ўзиёқ шўролар салтанатида кир, биқиқ, носоғлом, ҳаёт учун хавфли муҳит мавжудлиги, занглаган болта тўккан қонлар ранги байроққа кўчгани, инсон эрки бор-йўғи ўйинчоққа айланганига ишора қилади.

Аммо йўқотишлар алами азоб бераверади. Минораи Калондан ҳилпиратилган мустамлакачи байроғи бутун миллат маданияти-ю динига чанг сола бошлайди, энди кўзалар бўғзигача тўлган, алвон сувлар оқизиб кетаётган дўппиларга муносиб бошни ҳам топиш қийин. Миллат дўпписини улоқтирар экан, ўз бошидан ўзи воз кечаётганини сезганмикан?!

Фильмдаги мана шундай ўринлар ҳам тарихий манбалар яхши ўрганилганидан, замонга хос буюмлар, кийимлар ва умумий муҳит яхши жонлантирилганидан далолат беради. Ҳужжатли фильмдаги кадрлар алмашинуви чатишиб боғланиб кетгани тарих ва хотиранинг бир-бирига ўргимчак тўри каби уланиб кетганига ишора. Улар узвий боғлиқ, ипларни узиш бутун тарихдан воз кечишдек гап.

Ҳужжатли фильмда Абдуллар Қодирийнинг болалик йиллари, бобоси билан боғлиқ хотиралар, турли жанг ўринлари бугунги кунда кинемотографиянинг асосий соҳаларидан бири бўлиб келаётган анимация шаклида ёритилган. Бу эса, фильмнинг ҳақиқат мантиғидан четга чиқмаган ҳолда экранда ажойиб саҳналарни тақдим этишга имкон берган. Айниқса, ўрик гулларининг учиши картинага ўзгача оҳанг олиб кирган.

Ҳужжатли фильмнинг ютуқларидан яна бири актёрларнинг тўғри танланганлиги. Ровий Эркин Бозоров, Абдулла Қодирий ролидаги Элёрбек Атабаев, Калвак махсум ва Тошпўлат тажанг образини ёритган Пўлат Норматовнинг маҳорати таҳсинга сазовор. Айниқса, Калвак маҳзум ва Тошпўлат тажанг эпизодлари актёр томонидан маҳорат билан ёритилгани эътиборни тортади, унинг юз қиёфаси, қўл ҳаракатлари, овоз ритми образга жуда мос тушган. Аммо актёрлар монологларининг баъзи ўринларида Тошкент шевасига хос сўзлар, қолаверса, Қодирийнинг мақолаларини экранда ёзув орқали тасвирлаётганида уларда айрим имловий хатоликлар учрайди. Бу эса зийрак томошабиннинг эътиборидан четда қолмаслиги аниқ.

“Тарихни билмаган киши ўтмишдаги хатони қайтаришга мажбурдир”, деган эди Цицерон. “Абдулла Қодирий” ҳужжатли фильми ҳам бизга тарихни ўргатиш баробарида бугунимизга ҳам кўзгу тутади:

Кўр бизнинг аҳволимиз ғафлатда қандай ётамиз?

Жойи келган чоғида виждоннипулға сотамиз…

“…Ёзувчи ўшанда аччиқ ҳақиқат билан тўқнашганди. Сенинг жамиятдаги мавқеинг, ҳаётингдаги фаровонлик катта ёлғонга қанчалик ҳисса қўшганинг билан белгиланар экан. Лекин энди кеч эди”. Ўзбек ойим қора кийиб аза очганди. Харобага айланган хонанинг шифтлари энди очиқ, осмонлари бор, унда панжаралар йўқ. Балки озодликка ташна қушлар аллақачон ҳужрани тарк этгандир?..

Холида МУСУРМОНОВА

Жиззах