НОЗИК МАКТУБ
Шогирди Жузжоний билан Райга етиб келган Ибн Синога бу шаҳар ёққан бўлса ҳам, ундан оқиб ўтадиган анҳорнинг суви саломатлик учун маъқул эмаслигини дарҳол ҳис этди. Бу канал суви Сурон дарёсидан олинарди, айтишларича, имом Ҳусайннинг қонига ботган қилични мана шу дарёда чайиб олишган экан.
Шоҳ Қобуснинг қўлидан Райни тортиб олган Фахр уд-Давла вафот этгач, бева қолган Саида шаҳар ва унинг атрофини бошқариб келарди. У арабларга бўйсунмаган Гилонда яшовчи дайламит элидан эди. Ибн Синони очиқ чеҳра билан қаршилаб, ўзига вазир этиб тайинлашга қарор қилган Саида меҳмоннинг илтимосига кўра, унинг бу ерга келганини овоза қилмай шаҳарнинг одамлар сийрак қисмидан ижарага жой топиб, тирикчилиги учун зарур маблағ билан таъминлаб турди. Ибн Сино Маҳмуд Ғазнавийдан қочиб юрарди. Саида эса султон бу ерга кўз олайтиришидан ҳадиксирарди. Иккисини битта душман бирлаштирганди.
Ибн Сино табиб сифатида ҳеч кимни қабул қилишни истамасди. Қўшнилар билан ҳам алоқа йўқ, хизматга ёлланган маҳаллий боши очиқ аёллар олдида ҳам иккиси деярли бир-бирларининг номини тилга олишмасди.
Ибн Сино шогирди Жузжоний билан “Тиб қонунлари” асарининг биринчи жилдини тайёрлай бошлашганди. Олим ёзарди, шогирди эса бу қораламаларни чиройли хат ила оққа кўчириб, китоб шаклида тикиб қўярди. Қўлёзмалар солинадиган хуржун кўзлари тўлиб бормоқда. Саида тавсия қилган қарииндошларини “узоқдан келган номсиз табиб” сифатида уйларига бориб даволагани учун, Ибн Сино шаҳарнинг қайси қисмида яшашини ҳам билишмас, аммо ич-ичларидан ўзларини у даволаганига ишонишарди.
Аммо Ибн Синонинг Райга келгани сир бўлиб қолмади. Султон Маҳмудга бу хабар етказилганида у қувониб кетди. У ўз саройида даврнинг етук файласуф шоирини кўришни неча йиллардан бери орзу қилиб келарди. Абу Райҳон Беруний ғазнавийлар саройининг муҳташам гавҳари. Унинг ёнига Ибн Сино ҳам қўшилса...
У дарҳол Саидага мактуб юборди: “Сендан талабим шуки, масжидларда менинг номимга ҳутба ўқитгин ва тангалар зарб эттиргин. Шундай қилмасанг, Райга ўзим боришимга тўғри келади”. Агар Саида бу таклифини рад этса, шу баҳонада Райга юриш учун шайхул исломдан фатво олиш ҳам қийинмас.
Саида тезда Ибн Синонинг ҳузурига махфий тарзда етиб борди ва унга мактубни кўрсатиб, шунга мос бир жавоб мактуби ёзишда ёрдам беришини сўради. Ибн Сино бироз ўйланиб, мактуб қораламасини битди: “Эрим тириклик пайти Сизнинг босиб келишингиздан хавотирда яшардим. Эрим ўлди-ю, бу хавотир мендан ариди. Мен Сизни оқил султон сифатида ҳурмат қиламан. Оқил кишилар аёлларга қарши жангга чиқмайди. Мабодо, босиб келадиган бўлсангиз, жон-жаҳдим ила жанг қиламан. Худойим қўллаб, жангда устун келсам, юзлаб ҳукмдорларни енгган Султон Маҳмуд бир бевадан енгилибди, деган овоза ҳар томонга тарқалиб кетади ва мен бундай шармисорликни душманимга ҳам раво кўрмагаймен. Мабодо, енгилсам, бунинг мен учун ҳеч қандай иснодли, Сиз жаноби олийлари учун ҳеч қандай мақтанадиган тарафи йўқдир”.
Ибн Сино Саидадан бир халтача олтин олган заҳоти, шогирдига вазиятни тушунтирди, тезда йўл тадоригини кўришиб, Райдан чиқиб кетишди.
Мактуб Султон Маҳмудга етиб келиши билан Ибн Синонинг Райда эканига шубҳа қолмади. Бу ўжар шоирга Маҳмуднинг хусумати йўқлигини тушунтира оладиган бирор кимса борми? Бор бўлганида ҳам, унинг мактубини топшириш учун аниқ манзили бўлиши керак. Абу Райҳон томонидан ёзилган мактублар ҳам эгасига етмай қайтиб келаётган бўлса... Аммо Саидани барибир жазолаш лозим!
Ниҳоят, Саидадан ўч олиш фурсати етиб келди.
Ибн Сино Жузжоний билан Қазвин томонни кўзлаб кетаётган пайти, шаҳзода Мажид уд-давлат онасидан Райни тортиб олгани ҳақида хабарни эшитди ва Султон Маҳмуд учун яхши бир имконият пайдо бўлганини ҳис қилди. Бева аёлга қарши қилич кўтармаган султон ақли норасо шаҳзодани бир ҳамлада бир ёқли қила олади.
Рай шаҳрида эса исён етилибди. Саида тарафдорлари унинг ўғлига қарши бош кўтаришибди, тоғдаги қалъада мудофаага шайланган она ва шаҳзода пойтахтга қайтиб келишибди. Шамс уд-Давла эса Ҳамадонга қочиб кетибди ва ўзининг мустақил вилоятини эълон қилибди.
Султон Маҳмуд йўлнинг ярмидан қайтишга мажбур бўлди. Саиданинг ўша мактуби эсига тушди. Уялди. Ёнида кетаётган отлиқ бош вазири Маймандийга деди: “Тақдир қилмаса, қийин экан...”