August 11, 2023

ЭНДИ БАЙРАМ ЗЎР БЎЛАДИ

Кун оға бошлаб, тафти қайтаётган эса-да, шаҳар ўт пуркайди. Беаёв ёндирган саратон шукро­насига қовун-тарвуз, мева-чева шакар боғлайди. Тўкин-сочинлик. Бетон плиталару асфальтга қоришган чанг-тўзонлардан қочиб чеккалаган одамлар бири тоғда, бош­қаси кўл бўйида ўзига паноҳ топишга уринади.

Шаҳар четида барпо этилган Янги Ўзбекистон боғи томон аҳоли оқиб боради. Боғмисан, боғ! Кенг, баҳаво, кўм-кўк. Сал қоронғи туша бошлаши биланоқ ранг-баранг чироқлар теварак-атроф­га ажиб фусун, афсонавий кўрк бағишлайди. Очиқ осмон остидаги беҳиштнинг ўзи. Олтмиш ёшдан ошган, аммо кўриниши-ю хатти-ҳаракатлари тетик-бардам киши саккиз-тўққиз ёшлардаги болакайни етаклаб боғ томон шошиб борар, иккинчи қўлида мамлакат марказий газеталаридан бирининг янги сонини ушлаб олган эди. Улар боққа кириб, болакайга маъқул бир жойда тўхташди.

– Бобо, анави ёққа бориб ўйнасам майлими? – сўради болакай.

– Бор, боравер болам, маза қилиб ўйна.

– Сиз-чи, бобо, ўйнамайсизми?

Болакайнинг беғубор бу гапи туфайли у кишининг юз-кўзида самимий табассум пайдо бўлди.

– Мен энди ўйнамайман, ўйлайман, болам, – деди у қўлидаги газетани тепага кўтариб силкитиб қўяркан.

Аммо бу гап болакайнинг қулоғига етиб бормади. Етиб борса ҳам, анг­лармиди? Унга ҳозир ўйин керак. Ўйин учун тинчлик-осойишталик, хотиржамлик зарур. Кишини ўйлантираётгани шу.

Боғда болалар учун ҳамма шароит муҳайё. Оилавий дам олувчилар учун ҳам шийпонлар қуриб қўйилган. “Пикник”, “Пикник” дейишаётгани ўз она тилимизнинг ҳар қандай қайроқи сўзидан кўра кўпроқ қулоққа чалинади. Янгиланишлар, ўзгаришлар шу тариқа давом этади.

Болакай ўйинлар майдончасида ўзи билан ўзи овора чоғида тепадан ёритиб турган лампа остидаги шинам ўриндиққа жойлашиб ўтирган киши газетани тиззаси устига ёйиб, қизиқиш билан кўз югуртира бош­лади. Илк саҳифанинг бош­ланишидаёқ йирик ҳарф­лардаги бош сарлавҳага кўзи тушди: “Ўзбекис­тон Рес­публикаси давлат мус­тақил­лигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”, сал паст­роқда “Ўзбекистон Рес­публикаси Прези­ден­ти­нинг қарори”, деб битилган эди.

Ҳа, нечоғли оламшумул ҳодиса! Фахру ифтихор билан тафаккур қилса арзийди! Ўттиз икки йил-а! Энди таваллуд топган болакай униб-ўсиб, овози дўриллаб, тараққий қилмоқ орзусида оламни англай бошлайди. У ўйга толди. Ўшанда эндигина университетни битирган, аммо ҳали иши тайин бўлмагани учун шаҳардаги квартирасидан чиқмай, мактабни битириб ўқишга келган ҳамқишлоқ ўспиринларни атрофига йиғиб, мамлакатда содир бўлаётган буюк ўзгаришлар ҳақида тўлқинланиб гапирганча, уларни оғзига қаратган кезлар эди.

– Эҳ, биласизларми, мустақил бўлсак боқимандаликдан қутуламиз, – шаҳар кўрмаган содда-дўлвор қишлоқ йигитлари яхши тушуниб туришганидан кўзлари ёнганича бор вужудлари билан тинглашган. – Ҳали кўрасизлар, қанақа бўлиб кетишимизни. Еримиз, сувимиз, олтинимиз, кумушимиз, мисимиз, хуллас, ўша Менделеев жадвалидаги элементларнинг ҳаммаси бор бизда. Одамларимиз-чи, одамларимиз!

Бировлар учун ишлайвериб эзилиб кетган халқимиз рўшноликка чиқади, елкасига офтоб тегади, хуллас, укавойлар, бу ёғи сизларга боғлиқ, яхши ўқиб, юртимизни ўзимиз бошқарадиган вақт келди.

Ўша кунларни эслаб, унинг лаб­ларига табассум ёйилди. Хаёлини жамлаб, ўқишда давом этди: “Кўп миллатли халқимиз шу кунларда Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида бутунлай янги даврни бош­лаб берган унутилмас тарихий воқеа – Ўзбекистон Респуб­ликаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик санасини баланд руҳ ва кўтаринки кайфият билан нишонлаш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда”.

Ҳа-я, тунов куни маҳалла оқсоқоли, энди “ободонлаштириш ойлиги”ни ўтказсак қалай бўлади, деди. Яхши бўлишини ўзи билиб турибди-ю, бошқаларнинг ҳам фикрини билмоқчи-да! Ҳозир илгаригидек тарғибот-ташвиқотнинг кераги йўқ, халқнинг ўзи яхши тушуниб қолган бунақа ишларнинг нечоғли савоб эканини! Маҳалламиз ҳудудини мус­та­қил­лик байрами мазмун-моҳиятига мос равишда турли шиорлар билан безатиш ишларини ташкил қиламиз, деди. Буниси бошқа гап, байрам байрамдай бўлсин-да, билиниб турсин шодиёна экани! Экилган кўчатлар парваришини доимий назоратга олишни айтди, шу ишларни илгари бошлаганимизда шунча дарахтлар кесилиб кетмасди. Ҳа, яна маҳалламизга таниқли санъаткорлар, ижодкорлар, маънавият тарғиботчилари келиб, маданий-маърифий тадбирлар ўтказишаркан – буям байрам шарофати!

У қувноқ-шодон ўйнаётган болакайлар томон қараб турди. Булар янги авлод эканини ўйлади. Навниҳоллар. Донишмандлар демишки, ниҳол катта дарахтдан кўра кучли бўлади, катта дарахт­ларни шарт синдириб ташлайдиган шамол-довуллар уларнинг эгилиб-букилиб ўзини асрашига бас келолмайди. Илоҳо, шунақа бўлсин, қайсики замонда келгуси авлоднинг бахт-иқболи, саодати ёддан чиқмаса, инсоф-диёнат барқарор бўлади.

Унинг хаёли ўшанда шаҳар кўрмаган содда-дўлвор қишлоқ йигитлари атрофини қуршаб, кўзлари ёнганича бор вужудлари билан уни тинглаб ўтиришганига оғди. Жилмайди. Улар ўқиб-ўрганиб, элим, юртим деб яшамоқни ўрганиб, ҳозир жамиятга фойда келтирадиган касб-корлар этагидан тутиб кетишди, катта-катта мансабларда ўтиришгани ҳам бор – ҳалол нон топиб, оила боқишяпти, болаларини тарбиялашяпти. Шу-да, ўшандаги орзулари амалга ошгани!

Мутолаа билан банд бўлиб, хаёллар оғушида вақт ўтиб бораётганини сезмаган кишининг хаёлини невараси бузди.

– Бобо, бу ерга яна келамизми?

У неварасини бағрига босди.

– Албатта, болам.

– Қачон?

– Байрам куни.

– Қанақа байрам бўлади?

– Энди катта, зўр байрам бўлади, ўшанда келамиз.

Болакай қувончдан сакраб, қийқириб юборди.

Шойим БЎТАЕВ