September 29, 2023

ЁШ ИСТЕЪДОД  

Виктор ГЮГО

Виктор Гюго ижодни анча эрта бошлаган. Тадқиқотчилар ўн тўрт ёшли муаллифнинг эълон қилинмаган иккита трагедиясини аниқлашган. Ўн беш ёшида Академия танловида “Les avantages des études” шеъри учун фахрий тақриз олган, ўн етти ёшида “Jeux Floraux” танловида иккита мукофот соҳиби, йигирма ёшида эса, бу истеъдод соҳибига қирол Людовик XVIII номидан йилда бир марта бериладиган моддий рағбатлантириш белгиланган.

НАФАҚАТ ЁЗУВЧИ

Эҳтимол, Гюгода ёзувчиликдан олдин рассомликка иштиёқ уйғонган бўлса керак. У 8 ёшидан сурат чиза бошлаган. Аксарият машқлар тушь ва қаламда чизилган. Ҳозир хусусий ва давлат коллекцияларида у чизган тўрт мингдан зиёд расмлар сақланмоқда. Делакруанинг Гюго ҳақидаги қуйидаги сўзлари машҳур: “Агар сен рассом бўлганингда замонавий тасвирий санъат усталари соянгда қоларди”. Делакруа ёзувчининг биринчи пьесаси “Эми Робсарт”даги персонажлар либосини чизган эди.

САДОҚАТЛИ МАҲБУБ

Гюгонинг муҳаббат можаролари ҳақида латифалар тарқалган. Ҳақиқатан, ёзувчининг маҳбубалари кўп бўлган, аммо ўзининг “ҳақиқий севгилиси” деб қонуний хотини Адель Фушени эмас, собиқ актриса Жюльетта Друэни санаган. Адиб уни 31 ёшга кирганда учратган, бу вақтда ўзининг тўрт фарзанди бор эди. У Адель билан ажралишни истамайди ва актриса бир умр ёзувчининг маҳбубаси бўлиб қолади. Бу ғалати дўстлик эллик йил – актриса вафотигача давом этади.

XIX АСР ФАОЛИ

Гюгонинг букри Квазимодо ва гўзал лўли қиз Эсмеральда ҳақидаги романи Париж Бибимарям ибодатхонасининг сақланиб қолишига ёрдам берган. XII асрда қурилиши бошланган бу бино ҳозирда французлар пойтахтининг рамзларидан бири саналади. Гюго замонида у хароба ҳолига келиб қолганди.

Наполеон Бонапарт даврида черков тез орада нурай бошлайди, XIX асрнинг 30-йилларига келиб бузиб ташланадиган ярим вайрона ҳолига тушди. Виктор Гюгонинг машҳур романи туфайли бу ерга келадиган сайёҳлар сони ортгани боис ибодатхона асраб қолинади. Китоб сўзбошисида муаллифнинг шундай сўзлари бор: “Менинг асосий мақсадларимдан бири – миллат қалбида бизнинг меъморчилигимизга муҳаббат уйғотишдир”.

ҚУВҒИН

Ватан олдидаги улкан хизматларига қарамай, Виктор Гюго қувғин қилинади ва деярли ўн беш йил она юртидан йироқда умр кечиради. Ёзувчи Наполеон IIIни тахтга чиқиши билан ватан хоини, деб айблайди. Ёзувчини турмага қамашлари, ҳатто отиб ташлашлари мумкин эди. Бироқ у, эҳтимол Жюльеттанинг ёрдами биландир, Брюсселга қочади, ундан сўнг Жерсига ўтади, ниҳоят Сент-Питер-Портга етиб олади. Унинг ортидан оила аъзолари ҳам кўчиб келишади.

БАХТСИЗ ОТА

Гюгода орзу қилиш мумкин бўлган ҳамма нарса: истеъдод, пул, олижаноб дўстлар етарли бўлганига қарамай, фарзандларига бахтли ҳаёт кечириши учун шароит ярата олмади. Катта қизи Леопольдина ўн тўққиз ёшида эри билан яхтада бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлади, кичкинаси Адель опасининг ўлимидан, бахтсиз муҳаббат ва Франциядан қочишдан қаттиқ таъсирланиб, ақлдан озади ва касалхонада ҳаётдан кўз юмади. Машҳур ёзувчининг ўғиллари – Шарль ҳам, Франсуа-Виктор ҳам 45 ёшида ҳаётни тарк этади.