“ОТА БАЙИТ” АФСОНАСИ
“Менинг биринчи асосий “кутубхонам” аждодларимдан мерос бўлиб қолган қўшиқлар, афсона ва ривоятларга тўлиб-тошган, ўзим туғилиб ўсган Талас водийси бўлган. Шу ерда илк бор манасчилар – “Манас” эпосини айтувчи оқинларнинг садоларини тинглаганман”, деб ёзган эди буюк ёзувчи Чингиз Айтматов “Бизни кашф этган китоблар” номли эссесида.
Ёзувчи умрининг кўп қисмини ўзи туғилиб ўсган водийлардан олисларда ўтказган бўлса-да, унинг асарларидаги аксарият қаҳрамонлар қирғиз қишлоқларида, даштларда, тоғу тошларда умр кечирган оддий халқ вакилларидир. Улар миллий урф-одатларга амал қилишган, қадимги афсоналарга ишонишган... Қирғиз далалари, кенгликлари, қир-адирлари бағридаги сирларни, она тупроқ дардини қалбан ҳис этган ёзувчининг умр йўли ва асарларида қаламга олинган воқеалар бир-бирига уйқашлигини, улардаги ҳаёт ҳақиқатлари афсоналарга йўғрилиб тасвирланганини ҳис этамиз.
Бу гал Бишкекка борганимда афсоналар қандай яралишига гувоҳ бўлдим. Шаҳарнинг ўзи ҳам файзли, дарахтзор, олис-яқин тоғлар кўзга кўриниб туради. Мавзелар оралатиб қўйилган маҳобатли ҳайкаллар бадиийлиги билан ҳайратга солади, ўзига хос ифодали асарлар. Шаҳарга келган сайёҳларда ёдгорликлар катта таассурот қолдиради.
Яқинда бир гуруҳ олим, ижодкор ва журналистлар Бишкекда бўлиб ўтган МДҲ мамлакатлари зиёлиларининг XVI анжуманида иштирок этиб қайтдик. Анжуман дастурига Чингиз Айтматов номи билан боғлиқ учта тадбир киритилган экан. Анжуманнинг биринчи куни “Ота Байит” ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиб, Чингиз Айтматов қабрига гуллар қўйдик. Шу оқшом ёзувчининг “Оқ кема” асари асосида режиссер А.Суюндиков суратга олган бадиий фильм намойиш этилди. Келаси кун эса, Қирғиз миллий кутубхонасида “Чингиз Айтматов ва замон” мавзусида конференция бўлди.
“Ота Байит” ёдгорлик мажмуаси тарихи гўё афсонадек – ақл бовар қилмас қайғули воқеалар, адолат қарор топиши, инсоннинг ҳаёт учун курашдаги ғалабаси билан ниҳоясига етади. Бу тарих салкам олтмиш йиллик даврни қамраб олади.
“Ота Байит” сўзини эшитганда ёзувчининг “Асрга татигулик кун” романидаги “Найман она ва манқурт” ҳақидаги Сариўзак афсонаси ёдингизга тушади: “… Она Байит қабристонининг ўз тарихи бор. Ривоятга кўра, ўтган замонларда Сариўзакни босиб олган жунгжанглар асирга тушган жангчиларга нисбатан беҳад шафқатсиз эканлар. Улар кези келиб бундай тутқунларни қўшни ўлкаларга қул қилиб сотиб юборишар экан. Бу эса тутқуннинг омади келгани ҳисобланар экан. Чунки сотиб юборилган қул эртами-кечми, бир кун ўз ватанига қочиб кетиши мумкин экан-да. Жунгжангларнинг қўл остида тутқун бўлиб қолганларнинг эса шўри қурир экан. Улар маҳкумнинг бошига тери қалпоқ тортиш йўли билан даҳшатли бир тарзда қийнаб, унинг хотирасини йўқотар эканлар...”.
Инсон хотираси ҳақидаги бу аламли афсона одамзодни ўзлигини унутмасликка даъват этиши, огоҳликка чорлаб туриши билан ҳақиқатга айланади! Чунки ундаги ушбу сатрлар мангу жаранглайди: “Инсоннинг инсонлик фазилати, яратилганда бирга яратилиб, ўлганда яна бир ўзи билан бирга кетадиган ва бошқа мавжудотлардан ажратиб турадиган бирдан-бир ноёб фазилати – хотираси, ақл-идроки бўлса-ю, уни таг-томири билан юлиб олсалар, ахир, бу қандай бедодлик?!” Ўша “жунгжанглар” барча замонларда бўлган, бугунги кеча-кундузда ҳам бор, келажакда ҳам, афсуски, йўқолиб кетмайди. Инсон хотирасини маҳв этишнинг турли мудҳиш йўллари борлиги эндиликда барчага маълум.
“Ота Байит” ёдгорлик мажмуаси ҳам қабристон, унда уч замонда – 1916 йилдаги қўзғолон туфайли қирғин қилинган қирғизлар, 1937 – 1938 йиллар ва ундан кейинги даврлардаги қатағон қурбонлари ва мустақиллик йилларида қурбон бўлганларнинг номи мангуликка муҳрланган.
1916 йилги қўзғолон қурбонларига бағишланган ёдгорлик пойига қирғизча ёзилган шеърни устоз, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим бирданига ўзбекча талаффузда ўқиди:
Дунёга оқ қалпоқда кўриндик биз,
Осмондан ёмғир бўлиб тўкилдик биз.
Чўп бўлдик, ер танламай ўса берган,
Булутдай олам кездик, сочилдик биз.
Қирилиб бораётиб тирилдик биз,
Бўлиниб бораётиб бирикдик биз.
Ушбу олти сатрда бизга қирғиз халқининг бошидан кечирган азоб-уқубатлари, тарихи, озодлик учун кураши мужассам бўлгандай туюлди. Дунё эътироф этган буюк ёзувчи Чингиз Айтматов ҳам шу муқаддас маконга дафн этилган ва қабр рўпарасидаги ёдгорлик деворига адибнинг ҳикматли сўзлари битилган: “Одамга энг қийини кун сайин одам бўлув”.
Ёдгорлик мажмуасини “Ота Байит” дея номлаш ҳақида Чингиз Айтматов билан Қирғиз Республикасининг ўша вақтдаги Президенти Асқар Акаев таклиф киритган экан.
“Ота Байит” ёдгорлик мажмуаси ҳақида илк бор Чингиз Айтматов билан таниқли қозоқ шоири Мухтор Шохоновнинг самимий суҳбатларидан иборат “Чўққида қолган овчининг оҳу зори” номли китобда ўқигандим. Китобнинг 19-саҳифасида Мухтор Шохоновнинг Чингиз Айтматовга айтган сўзи орқали мажмуа тарихига қисқа изоҳ бериб ўтилган: “1938 йил. Рутубатли куз кунлари. Бишкекдан унча олис бўлмаган тоғ этагида Пўнгтош деган сўлим гўша. Худди шу жойда НКВДнинг оромгоҳи бор. Ўша кунлари бир нечта юк машиналарига қамалган маҳбусларни пинҳоний равишда шу ерга келтиришади-ю, ҳаммасини отиб ўлдирадилар ва қотилларга хос пухталик билан илгаритдан ҳозирлаб қўйилган хандақларга кўмиб кетадилар. Ўша оромгоҳда қоровул бўлиб ишлайдиган Абикан Қидиралиев пинҳоний қотилликни зимдан кузатиб ўтиради. Орадан кўп йиллар ўтгач, оқсоқол ўша мозористонга бориб, марҳумларнинг руҳига Қуръон тиловат этиб юради. Чолнинг 1928 йилда туғилган Бубуйра исмли сизга тенгдош қизи бор эди. Ота ўз қизига шундай васият қилади: “Қизим, ҳозир айтадиган гапларим ҳеч қачон эсингдан чиқмасин; мана шу жойга жуда кўп марҳумлар дафн этилган. Худо хоҳласа, яхши кунлар келади. Ўшанда бу сирни одамларга ошкор қиласан. Ҳозирча бу тўғрида бировга миқ этиб оғиз оча кўрма”. Қирғизистонда эркинлик шабадалари эсиб, мустақилликни қўлга киритгач, Бубуйра опа отасидан эшитган гапларни қоғозга тушириб, Давлат хавфсизлик қўмитасига мактуб йўллайди. Қўмитада бўлим мудири лавозимида хизмат қиладиган Бўлат Абдураҳмонов (баъзи бир ҳамкасбларининг эътироз билдиришларига қарамасдан) номсиз мозорни очиб кўриш чора-тадбирига бош бўлади. Фожиа рўй берган жойдан 137 нафар кишининг бош чаноқлари, суяклари топилади. Суяклар орасидан ярми чириб кетган уч саҳифалик ҳукм матни ҳам чиқиб қолади. Сизнинг отангиз Тўрақул Айтматов ҳам айнан ўша ҳукмга асосан отиб ташланган экан. Қирғиз халқининг Жусуп Абдураҳмонов, Қосим Тинистонов, Эркинбек Эсономонов, Имонали Айдарбеков, Бойали Исоқов, Асанбой Жамансариев, Усмонқул Алиев, Содиқ Чўнбошев каби машҳур ўғлонлари ҳам отангизга тақдирдош бўлгани архив ҳужжатлари асосида исботланди... Мусибатлар уяси бўлмиш ўша жойга “Ота Байит” номи берилди”.
Бу воқеа ёзувчининг синглиси Роза Айтматованинг отаси Тўрақул Айтматов таваллудининг 110 йиллигига бағишлаб 2013 йилда чоп этилган “Тарихнинг оқ саҳифалари” (Менинг хотираларим) номли китобида батафсил ёритилган: “...Орадан 35 йил ўтди. 1973 йили Абикан Қидиралиев ўлими яқинлашганини ҳис қилиб, Бубуйрани чақириб, дейди: “...Қизим, юрагимда оғир юк билан жон беряпман. Мен Сталин репрессияси қурбонлари кўмилган жойни биламан, аммо сизларни ўйлаб, аввал бу ҳақида ҳеч кимга оғиз очолмадим... Бубуйра, бу жойни фақат сен биласан. Менга савол беравериб безор қилганинг ёдингдами? Умидим бор, яхши замонлар келади, ўшанда бегуноҳ қатл қилинганлар ҳақида одамларга айтасан. Қатағон қилинганларнинг болаларига уларнинг оталари ўша тепалик остига кўмиб юборилгани ҳақида айтасан. Уларнинг орасида қирғиз халқининг энг сара ўғлонлари бор. Уларнинг бари битта қабрда ётибди. Мен бир умр юрагимда тошдай оғир юк билан яшадим ва уни ўзим билан олиб кетолмайман...”.
Ўша вақтларда халқ орасида қатағон қурбонлари Ўроқ, Жал ва Воронцовка сингари қишлоқлардаги хилват ерларга кўмиб юборилган, деган миш-мишлар юрар экан.
1991 йилда Бубуйра опа отасининг топшириғини адо этиш учун Миллий хавфсизлик хизмати ходимларига муҳим сирни очади. Аммо ҳамма ҳам ишонмайди. Турли идораларга бош урган Бубуйра опанинг эшигини ниҳоят, Бўлат Абдураҳмонов тақиллатиб келади.
1991 йил апрелда МXХ ходимлари Бубуйра опа билан Чўнг Тош қишлоғига боришади, холанинг болалигида бир кечада дўмга айланган ғишт заводининг ўрасини топишади. Қазув ишлари бошланади.
Чингиз Айтматов 1963 йилда ёзган “Сомон йўли” қиссаси (Ўзбек тилига Асил Рашидов таржима қилган) бошида бағишлов бор: “Ота, мен сенга ёдгорлик ўрнатолмадим. Сенинг қаерга дафн этилганингни ҳам билолмадим. Ушбу асаримни, отам Тўрақул Айтматов, сенга бағишлайман. Она, сен бизни улғайтириб одам қилдинг. Сенинг узоқ умр кўришингни тилаб, онам Наима Айтматова, сенга бағишлайман”.
Ушбу сўзларни ёзганда ёзувчининг қалбидан нелар кечган? Буюк армон, алам бўлгани, шубҳасиз. Мустақиллик боис армонлар ариди. Асар ёзилганидан сўнг орадан 28 йил ўтгач, ёзувчи 63 ёшга кирганда, 10 ёшида уйдан олиб чиқиб кетилгани бўйича, эллик уч йил изларини излаб яшаган отасининг қабри топилди. Ёзувчи падари бузруквори ҳақида хабар топганда балки қувонгандир, балки отаси қатағон қурбони бўлганидан қайғуга ботгандир. Бу хабар Қирғиз Республикаси мустақиллик куни эълон қилиниши арафасида кечгани, буюк тарихий ўзгаришлар жараёнида фаол бўлган ёзувчининг қалбидаги армон ушалгани, шубҳасиз. Роза Айтматованинг “Тарихнинг оқ саҳифалари” (Менинг хотираларим) номли китобига киритилган кундаликларда шундай ёзув бор: “24.08.1991. Чингиз келди. Биз уни аэропортда кутиб олдик. Унинг кайфияти яхши эди. Отамиз кўмилган жой топилганидан хурсандлиги кўриниб турарди”.
Тўрақул Айтматов ўз даврининг зиёли кишиси сифатида халқ, миллат равнақи йўлидаги курашчиларнинг илғор сафларида бўлган. Жумладан, Тўрақул Айтматов 1921 йилда Тошкентда Совет партия мактабида таҳсил олган, РКСМ (комсомол)га қабул қилинган ва бу ердаги ўқишини якунлагач, Москвадаги Шарқ меҳнаткашларининг коммунистик университетига ўқишга юборилган. Кейинчалик, 1935–1937 йилларда Москвадаги Қизил профессуранинг партия тарихи ҳамда Марксизм-ленинизм курслари тингловчиси бўлган. Республика савдо-саноат комиссари, республика Халқ хўжалиги марказий кенгаши раиси сингари юқори лавозимларда ишлаган. Аммо 1937 йили сентябрда Москвадан Қирғиз Республикасига чақирилади ва шу йил декабрда ҳибсга олинади. 1938 йил 14 январдан 4 ноябргача Фрунзе шаҳрида (ҳозирги Бишкек) ҳибсда сақланиб, 4 ноябрь куни унга айблов хулосасидан кўчирма берилади. 5 ноябрь куни эса ҳукм ўқиб эшиттирилади ва ижро этилади. Чўнг Тошдаги ғишт заводи ўраси қазилганда ўша айблов хулосаси ёзилган қоғознинг парчалари топилган экан.
Бўлат оға билан суҳбатимиз қисқа, аммо сермазмун бўлди. Умр бўйи ҳавфсизлик соҳасида ишлаган, табиатан эҳтиёткор, ҳар бир сўзни ўйлаб айтадиган бу киши етмишдан ошган бўлса-да, анча ёш кўринади. Ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, нафақага чиққандан сўнг бутун фаолиятини қатағон қилинган юртдошларининг аянчли тақдирини ўрганишга бағишлаган Бўлат оғани ўз халқи олдидаги фарзандлик бурчини оқлаган бахтли инсон, дейиш мумкин. Яқинда “Ота Байит” ёдгорлик мажмуасига раҳбар этиб тайинланибди. Қирғиз Республикасидаги “Ўзбекистон – Қирғизистон дўстлик жамияти” ижрочи раиси, таниқли ёзувчи Бегижон Аҳмедов бошчилигида зиёратга борганимизда, узоқда бўлишига қарамай, зарур ишларини ташлаб етиб келди ва мажмуа тарихини батафсил сўзлаб берди.
Бўлат оға бизни мажмуадан икки юз қадам юқорида – тепаликда жойлашган ғишт заводининг печи учун қазилган ўра томонга бошлади. Йўл-йўлакай Бубуйра опанинг Ленинграддаги олий ўқув юртини битиргани, келиб юқори идораларда ишлагани, ўқимишли, сабр-бардошли аёллиги ҳақида сўзлади. Бу тафсилотлар юқорида қайд этилган китобларда ёзилганидан кўра батафсилроқ эди.
– Бу атрофларда НКВДнинг дам олиш маскани бўлган икки-учта бино жойлашган, – деди Бўлат оға 100-150 қадамлар наридаги биноларга ишора қилиб. – Ҳозир бу бинолар миллий гвардия қисмларига берилган. 1937-йилларда НКВДнинг раҳбари ва айрим масъул ходимлари шу биноларда яшаган. Уларга Абикан Қидиралиев деган киши озиқ-овқат келтириб, егулик тайёрлаган, умуман, кундалик юмушларни бажарган. У 1938 йилда 137 нафар кишининг жасади ғишт заводи ўрасига кўмиб юборилганига гувоҳ бўлади. Аммо НКВД ходимлари буни сир сақлашни, ошкор қилса, умри азобда ўтишини айтишади. Бубуйра опанинг эслашича, 8-9 ёшлигида бир куни отаси уни онаси билан бирга қўшни қишлоқдаги дўстининг уйига олиб бориб қўяди. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, қайтиб келишганда Чўнг Тошда ўзлари яшайдиган уйнинг атрофи ўзгариб кетганини кўради. Ғишт заводининг пастқам бинолари бузиб ташланган, печ ўраси текисланиб, унинг ўрнида тепалик пайдо бўлган. Ота-онаси бировга билдирмай бу тепалик четига бориб, фотиҳа ўқиб келиб, туни билан йиғлаб чиққанларини қизча ўша вақтда тушунолмайди. Бунинг сабабини отасидан сўраганда у айтмайди, аммо ўша тепалик қизчанинг хотирасида ўчмас из қолдиради.
Бу тепалик 1938 йил 5 ноябрь куни НКВД турмасида отилган 137 нафар қатағон қурбонининг жасади юк машинасига юклаб келтирилиб, ўрага ташлаб устига тупроқ тортиб, кўмиб юборилганидан кейин пайдо бўлган экан.
Кейинчалик Абикан ота немис фашистларига қарши урушга кетади, қон кечиб, уйига омон қайтади. (Агар урушда ҳалок бўлса, сир очилмай қолаверармиди?!). Хуллас, бу сир 1990 йилга келиб очилади. Бубуйра Қидиралиеванинг давлатга алоқадор сири борлигини эшитиб, унинг уйига борганимда тўрт соат суҳбат қилдик. Ўша пайтда мен МXХнинг капитани эдим. 1990 йил декабрь ойи, ҳамма ёқни қор босган, Чўнг Тошга борадиган йўл қор остида қолган. Тупроқ музлаган, ер қазишнинг имкони йўқ. Хуллас, ноқулайликлар туфайли ишни баҳорга қолдирдик. Қишда мен Миллий хавфсизлик хизмати идораси архивида сақланаётган қатағон қурбонларига оид ҳужжатларни ўргандим. Аммо бу ерда Чўнг Тош ҳақида айтарли ҳеч гап йўқ эди. Фақат қурбонлар Бишкекдан 20 чақирим жанубга кўмилган, деган ноаниқ маълумот берилган. Яъни бу жойга аниқлик киритилмаган, сир тутилган.
1991 йилнинг май-июнь ойларида ер юмшаб, намгарчилик чекингандан сўнг опа билан бирга Чўнг Тошга чиқдик. У болалиги ўтган жойларни қадамма-қадам юриб эслади. Ахир, орадан 53 йил ўтган эди-да. Хотираси яхши экан. Ошхона жойлашган ерлар, ғишт заводининг кўмиб ташланган ўраси ўрнидаги тепаликни кўрсатди. Эски ғишт синиқлари сочилиб ётарди. Шундан сўнг Қирғиз университетининг тарих-археология факультети профессори, археолог Москолёв ёрдамида қазиш ишларини бошладик. Менинг кўнглимда яна бир ният бор эди: биз аввалги НКВД меросхўри эмас, балки Ватан, халқ учун хизмат қиладиган МXХ ходимларимиз, дегим келарди. Шу фикрни исботлашни истардим.
Тепаликда қазув ишларини бошлашимиз билан 20-30 см.дан кейин бир бош чаноғи чиқди. Ишни зудлик билан тўхтатдик. Опанинг гапи ҳақиқат эканига шу биргина далил етарли эди. Раҳбариятга бу ҳақида ахборот бердим. Ҳукуматдан рухсат олгач, қазиш ишларини давом эттирдик. Ҳар куни ўнтадан жасадни қазиб олдик. Уларнинг бари бошидан отилган ва ўрага бетартиб ташланган эди. Ярим асрдан зиёд вақт ўтган, кийимлар, таналар чириб кетган, қурбонлар сонини бош чаноқларига қараб санадик. Ўранинг тубига яқинлашган сари ярим чириган гимнастёркалар, этиклар, тангалар, кўзойнаклар, ўнтача бош чаноғида тилла тишлар чиқа бошлади. Бу далиллар жасадлар қатағон қурбонларига тегишли эканига шубҳа қолдирмади. Ўранинг тубидан, қуруқ қисмида ниҳоят биз кутган муҳим далиллар топилди. Бу ўша Қирғизистон ССР ички ишлар комиссари, полковник Лоцманов тасдиқлаган айблов хулосаси – чириган гимнастёрка чўнтагидан чиқди. Жусуп Абдураҳманов ва Тўрақул Айтматов отувга ҳукм қилинган ҳукмларини ўқиб, уларни архивдаги ҳужжатларга солиштиргач, бу ерга халқнинг сара фарзандлари кўмилганини англаб етдик. Уларнинг шахсини архив ҳужжатлари асосида аниқладик, жами 17 миллат вакили бор экан. Бош чаноғига қараб ким кимлигини аниқлашнинг имкони бўлмади, аммо умумий рўйхат бор эди.
Ўша вақтда Чингиз Айтматов Люксембургда эди, телефон қилдик, зудлик билан етиб келди.
1991 йил 30 августда Чўнг Тошда митинг бўлиб, қатағон қурбонлари қайта дафн этилди. 31 август куни давлат мустақиллиги эълон қилинди. “Ота Байит”нинг тарихи шу. Аммо бошлаган ишларимиз бу билан якунланмади. Энди МXХга қатағонга учраган ота-боболарини қидирган фарзандлар, набиралардан юзлаб хатлар оқиб кела бошлади. Табиийки, раҳбарият уларнинг барини менга топширди. Қурбонларнинг тақдирига аниқлик киритиш, МXХ архивида сақланаётган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш менинг қўшимча ишимга айланди. Ҳужжатлар шу қадар кўп эдики, яна тўрт-беш нафар шогирдларимни ишга жалб этиб, тўрт йилда архивдаги 14 ярим минг ҳужжатни варақлаб чиқдик ва 20 минг қатағон қурбонининг исм-шарифларини аниқлаб, компьютерга киритдик. Уларнинг яшаш манзили, иш жойи, қачон суд қилингани, қачон отилгани – ҳаммаси қайд этилди.
2017 йили мени пенсияга чиқаришди. Агар рўйхатни МXХ институтида қолдирсам, ҳаммаси йўқолиб кетади, деб электрон вариантини сақлаб қўйдим. Нафақага чиққач, республиканинг 30-50 йиллар тарихини, асосан, репрессиялар даврини астойдил ўргандим, бу орада тарих мавзусида илмий иш ҳам ёқлаб, фан доктори бўлдим. Қилинган ишлар изсиз кетмасин, деб ўз ҳисобимдан 10 жилдлик “Қирғиз Республикасидаги сиёсий репрессия қурбонлари китоби”(1920-1953 й.)ни чоп эттирдим. 100 дона, холос. Бу йил 5 ноябрда Чўнг Тош воқеаси содир бўлганига 85 йил тўлади. Китобни шу санага бағишладик. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Қирғизистонда МXХ архиви 20-йиллардан бошлаб юритилган. Ундан олдинги архив ҳужжатлари Тошкентда сақланади. Чунки ўша даврдаги марказ Тошкентда бўлиб, Қирғиз Республикасидаги айрим раҳбарлар Тошкентда ўқиб келишган экан.
20 минг тақдир! Уларнинг орасида юзлаб ўзбеклар бор. Ўша вақтларда Қирғизистонда яшаб, ишлаган сирдарёлик, тошкентлик, водийлик ўзбеклар ҳам қатағонга учраган. Биз уларни ажратиб олиб, алоҳида китоб ҳолида нашр қилишга бел боғладик. Яқин орада Ўзбекистонга олиб бориб тақдим этамиз.
Бу китоб Ватан тарихи учун қанчалик муҳим ҳужжатдир.
Бўлат оғанинг ҳикоясидан барчамиз хомуш тортдик.
Тошкентда ҳам шундай мудҳиш воқеа Бешкекдагидан бир ой олдин – 1938 йил 4 октябрда бўлиб ўтганини, қардош халқларнинг тарихи, қувонч-қайғулари азалдан бир экани ҳақида сўзлашдик.
– Бора-бора бу гаплар афсонага айланиб кетса керак, – деди ҳамроҳим шоир Ғайрат Мажид Бўлат оғанинг ҳикоясидан таъсирланиб.
– Ҳақиқат бўлмаса, афсоналар яралмайди. Фақат биз уларга ишонишимиз керак, – деб суҳбатимизга якун ясадик