МАЪРИФАТ ГУЛЗОРИДА
Бобораҳим мулла Вали ўғли Машраб. У фоний дунёнинг ҳой-у ҳавасларидан юз буриб, нафс аталмиш ички қутқудан қутулишга қодирлик мақомига етган, ўз даврининг Хожа Убайдуллоҳ мулла Бозор Охунд, Ҳидоятуллоҳ Офоқ Хожа эшонлардек пиру комилларидан сабоқ олган, эътиқодига собитликда, элу юртига содиқликда то умрининг поёнига қадар муқим яшаган улуғ зотдир.
Машраб битикларини ота-боболаримиз қанчалар суюб мутолаа қилишган бўлса, худди шундай ихлосу меҳр бугунги ворислар кўнглида ҳам аллақачон уйғонган. Ахир, даҳрийликка даъваткор вақтлар ортда қолди, динни миллатдан ажратиб бўлмаганидек, миллатни ҳам ўз динидан тондиришнинг ҳеч иложи йўқлигини тан олишни истамаган, зулму зўравонлик билан оғизларга “қулф”, тилларга “тугун” қадашга интилганлар билишмас эдики, Аллоҳдан ато диннинг туғма эркинлигини ҳеч бир куч маҳв этиши мумкин эмаслигини. Шу боис Машраб бобомиз диллардан тилларга ўтиб, истиқлол чоғидагина гўё ҳамюртларга сафдошдай тўла маънода ёруғ юзла юзланди. Шоир қаламига мансуб тароналар кеча-ю кундуз баралла янграмоқда.
Намангандан кетар бўлган Машраб Кошғардан Тошкентга, Туркистондан Жиззахга, Самарқанддан Бухорога ўтди. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида қаландар қиёфасида юрди. Ва ниҳоят, Балхда қўним топди. Қайга борса, ўша жойдан дардкаш изладию, дардмандларга дуч келаверди. Зинҳор-базинҳор бундан малол чекмади. Ҳар ерда ҳозиру нозирлик ила дунё машаққатларидан ҳориган шоир халқдан сеҳрли сўзларни аямади.
Машрабнинг ҳақиқатгўйлиги эътироф этилгач, эларо довруғи достон бўлди. Халқни авровчи, бошига минг бир кулфатлар ёғдирувчи мансабпараст нафс бандалари ёши етмишдан ошгану, лекин бечарчоқ чолнинг беаёв зикридан зириллашди, тиғдор фикридан қўрқиб титрашди, токи унинг бошини дор сиртмоғига рўбарў этмагунларича...
Балх ҳокими Маҳмуд Қатағоннинг, бундан 306 йил муқаддам шоирнинг овозини бешафқат йўсинда ўчириш билан беадл кўнгли хотиржам тортгандиру, бу билан ўз номини абадий тавқи лаънатга муҳрлаганини тожу тахт васвасасида англаб етмаган бўлса керак. Халқона оҳангларнинг соҳиби – халқнинг ўзи эса, буюк дардкашига алвидо айтишдан кўра, қалбининг туб-тубига Машраб номини, Машраб назму наволарини аллақачоноқ жойлаб бўлганди. Асли азал шоирларнинг ижоди қўлёзмалар бағрида асрлардан-асрларга ҳатлаб ўтиши, яшаб қолиши бор ҳақиқат. Аммо “...таваллуди ўшал Намангони”нинг бениҳоя ҳайратомуз барҳаётликни бошдан кечираётганини ҳеч ким, ҳеч қачон инкор қилолмайди. Унинг шеърларини каттаю кичик ўзи тириклигидаёқ ёдлаб, тилларидан қўймай такрорлаб юришни одат қилишганди. Ҳатто Машраб шахсини авлиё мақомига тенглашиб, кўпдан-кўп афсонаю ривоятлар тўқишганди. Оғиздан-оғизга овозаланган “Қиссаи Машраб”, ошиқона (дунёвий ва тасаввуфий) ғазаллару мухаммаслар, мустазоду мураббаълар миллатдошларимиз учун оила даврасидаги машрабхонлик анжуманларини қизитгандан-қизитганди. Бу дилларда ҳам, тилларда ҳам бобомиз номи, бобомиз назми боқийлик касб этганини англатади.
Шундай толега эришишига эса, унинг улуғ устозлари томонидан берилган билимлар, панду насиҳатлар, айниқса, ўз вақтида ёғдирилган рағбатларнинг етакчи омил бўлгани шак-шубҳасиз. Филология фанлари доктори, профессор Исматулла Абдуллаев айтганидай: “Ўз асарларида мулла Бозор Охунд номини мароқ билан ёзди. “Қиссаи Машраб” асарида мулла Бозор Охунд билан Машраб орасида бўлиб ўтган суҳбатлар, баҳслар ҳақида ривоят қилинган. У ерда мулла Бозор Охунд “Бузрук киши”, “Ҳазрати эшони мулла Бозор” каби номлар билан тилга олинган”. Унинг устози аввалидан умр бўйи миннатдорлик туйиб яшаганига шеърлари шоҳидлик беради:
Маърифатнинг гулзори мулло Бозор девона,
Ошиқларнинг сардори мулло Бозор девона.
Йўқдир асло кийнаси, баҳру уммон сийнаси
Нури ҳақнинг ойнаси мулло Бозор девона.
Пири комилнинг шогирдларига мамнунбахш хислатларидан бири фазлу камолини аён кўрган муридларини ўша пайтдаги илму маърифат дарғалари қўнимлаган кентларга, аниқроғи, Бухоро, Самарқанд ва Қошғар томонлардаги ўзига яқин устозлар ҳузурига йўлламасдан қолмаслиги эди. Чунончи, Бобораҳимни Кошғарга – Офоқ Хожа эшоннинг даргоҳига юкунтирганидан ҳам шу одати устуворлигини фаҳмлашимиз мумкин. Бошланғич таълим олган илми толиб, энди етти йил у ердаги синовлардан ўтади.
Туттум пирни этокин, охир йўлға бошлади,
“Йўлда қолган гумроҳ” деб Офоқ Хожам хушлади,
Айди: “Кирган бу йўлга ўзлукини ташлади,
Ёди била оҳ уриб, икки кўзин ёшлади” –
Тинмай айттим саносин, хобу ғафлат қолмади.
Мумтоз адабиётнинг ранг-баранг жанрларида ижод қилган Бобораҳим Машрабнинг девонию бошқа асарлари маъно-моҳияти, халқона тили, ёрқин бадиий ифодалари билан ўзига хослик бобида алоҳида қимматга эга. Баркамол асарларининг ҳам, шахсиятининг ҳам тарбиявий таъсири беқиёс.