September 29, 2023

ҚЎЛЛАГАЙДИР АЖДОДЛАР РУҲИ  

Юлдуз ҲАКИМОВА

ОНА ДУОСИ

Бошимга ҳеч қачон бахт қуши қўнмас,

Бўлмаса агарда онам дуоси.

Яқинми, йироқми – масофа билмас,

Онамнинг дуоси, онам дуоси.

Мени қўрқитолмас қайғу ва алам,

Ҳаттоки бошимга қилич келса хам,

Доим қўллагайдир ҳар ерда, ҳар дам,

Онамнинг дуоси, онам дуоси.

Мусофир элларда бўлганча йўлдош,

Менга тоғлар каби беради бардош,

Кўзим очганимда бўлганим йўлдош,

Асрагайдир мени онам дуоси.

Осмонда порлаган минглаб юлдуздек,

Жонга ором берган бир ширин сўздек,

Йўлимни ёритган ёруғ кундуздек,

Асрагайдир мени онам дуоси.

ОТЛАР ДУПИРИ

Телба шамолларни ортда қолдирган,

Дуч келса душманин доғда қолдирган,

Хақиқий мардларга жилов солдирган,

Отлар дупурини соғиндим яна.

Кишнаса қулатиб тоғлар тошини,

Ҳар касга эгмаган мағрур бошини,

Сира тарк этмаган йўл йўлдошини,

Отлар дупурини соғиндим яна.

Учарлар кўринмай, қаноти бордай,

Сиғмайди заминга, осмонлар тордай,

Юракка муҳаббат бергувчи ёрдай

Отлар дупурини соғиндим яна.

Тошқин дарёлардек тизгинсиз, асов,

Кечалар оғзидан сачрайди олов,

Кўкларга сакраган келганида ёв,

Отлар дупурини соғиндим яна.

Ёллари товланган олтин, кумушдек,

Бўларман уларни кўрсам беҳушдек,

Эгарлаб чопмоқлик гўзал бир тушдек,

Отлар дупурини соғиндим яна.

Отам жондан ортиқ меҳр қўйгани,

Қучсам отажоним ҳидин туйганим,

Мен ҳам отамдайин жондан суйганим,

Отлар дупурини соғиндим яна.

МАЙЛИМИ

Майлими, йиғласам кўзёшларимни

Марвариддек тўкиб йўлларингизга.

Боримни, инону ихтиёримни

Топширганча сизнинг қўлларингизга.

Майлими, сўйласам тонгга пичирлаб,

Сизни севишимни такрор ва такрор.

У қайтиб келади, дея овутсам,

Телба юрагимни сизга интизор.

Майлими, яшасам умидлар билан,

Гуллар қўйганимча армон қабрига.

Тангри инъом этар эканми сизни,

Менингдек бечора қизнинг сабрига.

КЎНГИЛ ЭШИКЛАРИ

Кўнглим эшигини чертинг оҳиста,

Унга меҳмон бўлсин оташ муҳаббат.

Мен ҳам мезбон бўлай пок туйғуларга,

Ишқсиз яшамоққа қолмади тоқат.

Кўнглим эшигини чертинг бир бора

Юрак ёлғизликдан адолар бўлди.

Сиз шу эшикни ёпгандан буён

Кўнгил ёруғликка гадолар бўлди.

Кўнглим эшигини чертинг, азизим,

Зангламасин токи очилмай туриб.

Бир нафаслик ўтли нигоҳингизга

Ахир, юборарман жонимни бериб.

Кўнглим эшигини бир бора очинг,

Юзингизга тўйиб олсин кўзларим.

Бир лаҳзалик бахтдан энтикиб, ёниб

Оташдек қизарсин қирмиз юзларим.

Кўнгил эшигимни очинг бир бора,

Кўринг муҳаббатнинг илоҳий кучин.

Қанчалаб ошиқлар очмоқ истаган

Бу кўнгил тилсимдир фақат сиз учун.

Юлдуз ҲАКИМОВА