ШЕЪР – ДИЛ РОЗИ
Яқинда Зуҳра Бегимнинг “Самарқанддан эсган саболар” номли янги китоби чоп этилди. Китобда Ватанга, она қишлоққа, ота-она, табиат, ишқ, муҳаббатга бағишланган шеърлари жамланган. “Юртим, тупроғингни кўзга суртгайман”, “Ишқ фасллари”, “Манзаралар”, “Беш кунлик дунёда”, “Ошиқ қалбнинг қулоғига муҳаббатдан изҳор келди”, “Мухаммаслар”, “Достонлар” каби бўлимлар, лирик шеърлар, сонет, мухаммас, баллада ва достонлар мавзулар ранг-баранглигини таъминлаган.
Камина шоиранинг олдин нашр этилган китобларини ҳам мутолаа қилганман. Бир қарашда, бу китобни кичик сайланма дейиш мумкин. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ушбу тўпламдаги “Ижод қувончи” сарлавҳали сўзбошисида ёзганидек: “Зуҳра Бегим талантли шоира, унинг шеърларида ўзига хос тароват бор. У кўрган-билган, ҳис қилган, бошидан кечирганлари ҳақида ёзади. Ҳаёт ҳақиқатидан, ҳар қанча аччиқ бўлмасин, чекинмасликка ҳаракат қилади. Энг катта ютуғи, бу – унинг битикларидаги самимият ифодаси, очиқ кўнгилнинг изҳорлари, дарди-изтиробларини ўқувчилардан яширмаслик, балки унга ёрилиш, унинг билан баҳам кўриш фазилати борлигидир”.
Зуҳра Бегим ўз шеърларида ҳаётнинг барча қирраларига назар ташлашга интилади ва талқинда яхши натижаларга эришади. Уларни ўқиб ўқувчи дардларига ҳамоҳанглик сезади, бўладиган сатрларни топади. Бугунги Самарқанд, Наврўз, она тил ҳақидаги шеърлар Ватан мадҳига бағишланган. “Назмий сабоқ сирларини Лутфий хўп хитоб этмиш, Навоийнинг ишқи ила номинг оламга кетмиш!”, дея ғурурланади шоира “Она тилим” шеърида. Она қишлоғи ҳақида ёзар экан, “Кўчалари қумлоқ тошлоғим...”, дея қишлоғини суюб ардоқлайди.
“Ишқ фасллари”ни бўлимидаги шеърларда шоира ишқ, муҳаббат, гул, ошиқлик, соғинч ва қалбнинг нозик ҳис-туйғулари ҳақида ёзади ва ишқ-муҳаббатни Яратганнинг буюк неъмати эканлигини таъкидлайди. Ошиқлар соғинчи, изтироби акс этган сатрлар ўқувчида шеърий кайфият уйғотади. “Руҳимизга куч берди дийдор, Ўз-ўзидан енгилди қайғу...” деб ёзаркан шоира ошиқ-маъшуқлар учун дийдорнинг бебаҳолигини, қайғуларни енгишига қодир қудратли кучлигини уқтиради. Бошқа бир шеърида ишқ “жим туриб севиш... Худо берган ширин дард”, деб таърифланади. Ҳаётий ва самимий таъриф.
“Ота-онам чинорим эди” номли шеърда шоира ота-онанинг ғанимат сиймолар экани, уларнинг ўрнини ҳеч ким боса олмаслиги, меҳри бебаҳолигини қисқа, самимий мисраларда ифодалашга ҳаракат қилади. Айни пайтда, улардан айрилиш изтиробини, улар қалбда мангу яшашини турли образлар, ташбеҳлар, таъсирчан ибораларда ифодалайди:
Умри фароғ, кўнгли хуш эдим...
Шоира табиат манзараларидан ҳайратга тушиши, тонг отиши, баҳор мўъжизаси, ёмғирли кунлар, муҳаббат фасли, саратон, ёз, куз, қиш фаслларининг ўзига хос кўрку чиройи ҳақида завқланиб қалам тебратади. Ўқувчи бу шеърларни ўқиб, ўзини табиат қўйнида юргандек тасаввур қилади.
Шоиранинг мумтоз шеъриятимизга мурожаат қилишлари, ундан ўқиб-ўрганишлари қувонарли ҳодиса. Шу ўринда Навоий ғазалига мухаммасидан бир банд келтирамиз:
Беҳижоб илгида бор кайфу сафо,
Не ситамким, ёрни деб чекдим жафо.
Кўнгил зулфин очгум, асраб мусаффо,
Басе ваъда бердинг қилай деб вафо,
Ҳамин ваъда қилдинг, вафо қилмадинг.
Адабиётимизнинг йирик намояндалари Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова хотирасига бағишланган “Садоқат ва матонат”, “Муҳаббат қасри”, “Мангу руҳлар суҳбати” сингари достонлар китобни мазмунан бойитган. Достонларида муаллиф улуғ сиймоларнинг мураккаб ҳаётини тасвирлайди, буюк тарихимиз билан фахрланиш туйғусини тараннум этади. Уларнинг руҳи Самарқанд заминида кезиб юрганини ҳис қилади.
Ҳа, шеър – кўнгил изҳори. Талантли шоира Зуҳра Бегим ижоднинг қайноқ паллаларини бошдан кечирмоқда, янгидан-янги шеърлар ёзмоқда, достонлар устида ишламоқда. Шоира изланишлари шеърият мухлисларига янада ажойиб асарларни туҳфа этишига ишонамиз.