August 11, 2023

«БИЗНИНГ МЕРОС»  

Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар залида очилган “Бизнинг мерос” деб номланган кўргазма Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоблари Арнольд Ган таваллудининг тўқсон беш, Анатолий Ошейконинг бир юз ўн ва Борис Котловнинг юз йиллигига бағишланди.

Тасвирий санъат усталарининг олтмишга яқин асари намойиш этилаётган мазкур экспозицияда мухлислар таниқли рассомларнинг турли йилларда яратган ижод намуналар билан танишиш имкониятига эга бўлади. Шуниси эътиборлики, бу санъат усталарининг ҳаёти ва ижоди миллий маданиятимиз, тарихимиз ва халқ ҳаётига қизиқиш билан йўғрилган бўлиб, бу, ўз навбатида, умуминсоний фазилат ва қадриятларни асарларида очиб беришларида улар учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Рассом Арнольд Ган ижодкор оиласида туғилган. Отаси Павел Ган ўз вақтида таниқли рассомлардан бири бўлиб, тасвирий санъатнинг илк алифбосини ундан ўрганди. У Павел Беньков номидаги рассомлик билим юртида А.Волков, В.Уфимцев каби таниқли рассомлардан таҳсил олган. Тошкентда яшаб ижод қилган бу рассом, асосан, маҳобатли асарлари билан машҳур. А.Ган Тошкент метросининг “Космонавтлар хиёбони” бекатини, шунингдек, юртимиз ва хорижий мамлакатларнинг маданий масканларини ҳам маҳобатли асарлари билан безаган.

Мусаввир Анатолий Ошейко илк фаолиятини ёшлар газеталарида безакчи рассом сифатида бошлаган. У, асосан, маълум ва машҳур бадиий китобларни безаш билан шуғулланган. Л.Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” асарига чизган график расмлари кўпчиликка манзур бўлган.

Борис Котлов ҳам сувбўёқда, ҳам оддий қаламда маҳорат билан асарлар яратган. Б.Котловнинг юртимизга чексиз меҳр-муҳаббати “Биринчи қор”, “Тоғ манзараси”, “Кўкда кезар кузнинг нафаси” каби сўлим манзараларида кўринади.

Мухтасар айтганда, намойиш этилаётган рангтасвир, портретлар, манзара ва натюрмортлар, моҳирона ишланган плэнер этюдлари, эскизлар орқали томошабинлар рассомларнинг ижодий устахонасига назар соладилар. Экспонатларнинг даврий кўлами ўтган асрнинг 40-йилларидан бош­лаб то 90-йилларгача бўлган вақтни ўз ичига олади. Бу асарлар Ўзбекистон бадиий санъатининг барҳаёт солномасидир.

Сарвара ҚОСИМОВА