July 20, 2023

ШУ ЙЎЛДА БИРЛАШАЙЛИК

Донишмандлардан бири шундай деган экан: “Бир йилни ўйласанг – буғдой эк, ҳосилини кузнинг ўзидаёқ оласан, ўн йил кейинни ўйласанг – боғ ярат, уч-тўрт йил ўтиб, ҳар йили мева беради. Агар келажак ташвиши билан яшасанг, фарзандларингга яхши таълим-тарбия бер”.

Шиддат билан ривожланаётган бугунги замон ёшларни юксак билимли, маърифатли, жисмоний ва маънавий соғлом этиб тарбиялаш, таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини такомиллаштириш, жамиятимиздаги ўқитувчи ва педагог ходимлар, илмий ва ижодий зиёлиларга ҳурмат-эътиборни янада ошириш, ўқувчиларнинг касбий маҳоратини ривожлантиришни тақозо этмоқда. Айниқса, саводли кадрлар масаласи ҳамиша муҳокама майдонида. Бу йўлдаги саъй-ҳаракатлардан оддий бир мисол: корхона ва ташкилот ходимларининг имло қоидаларига нечоғли риоя этишларини аниқлаш мақсадида синов имтиҳонлари асосида ишга қабул қилинаётгани қувонарли, албатта. Хўш, бундай ҳолатларга нима сабаб бўлмоқда?

Деярли ҳар куни ижтимоий тармоқлар орқали махсус гуруҳларда дўстларимиз билан мулоқотда бўламиз. Кўп ҳолларда таъбингизни хира қилувчи чат(ёзишма)ларни кузатиб, эътиборсизлик ҳам эви билан-да, дегингиз келади. Яқинда телеграм ижтимоий тармоғи орқали узатилган хабарга кўзим тушди. Синчиклаб ўқисам, бу хабар Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомизнинг таваллуди муносабати билан танлов ташкил этилгани тўғрисида экан.

Шу мавзу юзасидан “ижодкор”лар гуруҳи аъзолари ўртасида қизғин баҳс бошланиб кетди. Нуфузли олий таълим муассасаси талабаларининг айримлари юборган “ижодий ишлар”ини кўздан кечириб, имло хатоларини санаб ўқишга улгурмадим. “Хазрат”, “мутафакир”, “Констутуссия”, “муқадас”, “илим”... Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ҳар қандай имло қоидасидан мақсад сўз ёки фикрни тўкис ифодалашдан иборатлиги айни ҳақиқат. Тил ички ва ташқи манбалар ҳисобига бойийди. Биз учун оддий талаффуз этилаётган ҳар битта сўз замирида оламча маънолар борлигини, вақт ўтгани сайин ўша сўзларга қулоқ ва кўзларимиз ҳам мослашиб кетишини юқоридаги фикр исботлайди.

“Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 20-моддасида “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бош­қа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин”лиги кўрсатиб ўтилган бўлса-да, аксарият ҳолларда юқоридагидек чалкашлик ёки ғализликларнинг гувоҳи бўламиз. Нуфузли олий таълим муассасаларида таълим олаётган айрим талабаларнинг ёзишмаларидаги хатолар ҳақида нима дейиш мумкин? Келажак авлоднинг савияси оддий ёзувлар орқали ифодаланар экан, уларга қандай дашном беришни билмайсан киши.

Яна бир ҳақиқат, “Давлат тили ҳақида”ги қонунни бузганлик учун жавобгарлик белгилаб қўйилган. Афсуски, бу механизм самарали ишлаётгани йўқ. Тил ёки имло қоидаларини бузганлиги учун жарима тўлаган инсонни учратганимиз йўқ. Абдулла Қаҳҳор айт­ганидек, йўл ҳаракати қоидаси бузилишидан кимдир моддий зарар кўриши, яна кимдир тан жароҳати олиши мумкин. Ўз она тилидан айрилиш эса, бутун бир миллатнинг таназзулга юз тутишига сабаб бўлади.

Баъзи ташкилот раҳбарларининг номидан йўлланаётган хат ва бошқа ҳужжатларда кўплаб услубий ва имло хатоларига дуч келамиз. Раҳбарларни чаласавод дейишдан йироқмиз-у, аммо эътиборсизлик ҳам эви билан, дея эътироз билдиришга ҳаққимиз бор. “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 7-моддасида “Давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилади”, дея таъкидланган бўлса-да, унга кўпчилик амал қилмаётгандек гўё.

Миллий тил — миллий дид, миллий тафаккур, миллий савиянинг асоси. Ўз тили учун қайғураётган миллат дунё халқлари сафида ўз ўрнини, чинакам мустақиллигини асрашга, ҳимоя қилишга жидду жаҳд қилаётган миллат саналади. Шундай экан, барчамиз қонунга ҳурматни, юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантирсаккина мақсадимизга эришамиз. Келинг, шу йўлда бирлашайлик.

Дилафруз ҚЎШОҚОВА

Навоий