August 3, 2023

БОШҚА ТУШИМГА КИРМА  

БАҲОРДА

Тонгда қуёш сочиб нур,

Ниҳол бошин силайди.

Майсалар сув ичсин деб,

Кўк булутни элайди.

Она юртим баҳорда,

Келинчакка ўхшайди.

Қир-адирга гул сочиб,

Яшил гилам тўшайди.

Наврўз келса баҳорда,

Сумалаклар қайнайди.

Капалаклар пирпираб,

Қувлашмачоқ ўйнайди.

Ариқларда шилдираб,

Сувлар тўлиб оқади.

Кўкламойнинг келиши,

Менга жуда ёқади.

ЧИГИРТКА

Учиб юрар чигиртка,

Оғзи сира тинмайди.

Нега унинг кўзига,

Асло уйқу инмайди?

Ёз келса гар, далада

Чириллайди туну кун.

Қишда қайга кетади,

Овози чиқмас нечун?

ТУШИМГА КИРМА

Анвар Солига деди:

– Кеча тушимга кирдинг.

Юзимни кўкартириб,

Роса дўппослаб урдинг.

Қайтариб урмоқчийдим,

Бехос уйғониб кетдим.

Кейин билсам туш экан,

Дардимни ичга ютдим.

Маслаҳатим, Соливой,

Мени кўп уялтирма.

– Нима қилай, ўртоқжон?

– Бошқа тушимга кирма!

ОЙ ЎҒРИСИ

Кеча тун ёруғ эди,

Бугун эса зимистон.

– Айт-чи, ука, бу не ҳол,

Нега ёришмас осмон?

– Менингча, шу осмонга

Кимнидир қўли етган.

Катта халтага солиб,

Ойни ўғирлаб кетган.

ШАМОЛВОЙ

Ҳамма жойни тўзғитиб,

Вайрон қилди шамолвой.

Ва ҳеч кимнинг гапига,

Кирмай қўйди эркатой.

Шу он осмон гулдираб,

Булут кўкдан сув сочди.

Қўрқиб кетган шамолвой,

Тумтарақай бўб қочди.

ОФТОБ

Офтоб чиқар уфқдан

Аста-секин уялиб.

Бош кўтарар кулчадек,

Қизил рангга бўялиб.

Иссиқ юзи жилмайиб,

Қучоғини очади.

Кўтарилиб осмонга

Заррин нурлар сочади.

Зуҳра БЕГИМ