МУЛОҚОТИМИЗ ДАВОМ ЭТАДИ
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг азиз мухлислари!
Мана, севимли газетангизнинг 2023 йилги сўнги сони қўлингизда. Ўтган давр мобайнида ўнлаб янги битилган шеърий туркумлар, ҳикоялар, салмоқли адабий-танқидий мақолалар, маданият янгиликлари, шунингдек, жаҳон адабиётига оид турли хабарлар эътиборингизга тақдим этилди. Улар, шубҳасиз, муаллифларимизнинг ўзбек адабиёти ва санъати ривожига қўшган муносиб ҳиссаларидир.
Йиллар мобайнида севимли газетангиз саҳифаларида мамлакатимиз, жамиятимиз ҳаётида кечган ижтимоий, сиёсий, маънавий янгиланишлар, маданий-маърифий ислоҳотлар мунтазам тарзда ёритиб келинди ва бунга ўзингиз гувоҳсиз. Бугунги шиддатли давр олдимизга янгидан-янги, залворли вазифаларни қўймоқда ва уларни бажаришда бошқа матбуот нашрлари қатори ҳафталик газетамизнинг ҳам масъулияти ортмоқда. Бундай шарафли бурч ишимизга янгича ёндашишни, газетамиз мазмун-мундарижасини бойитишни, бугунги замон талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб фаолият юритишни тақазо этмоқда.
Шу нуқтаи назардан бугун Сизни муҳим янгиликдан хабардор қилишни лозим топдик: янги 2024 йил бошидан газетамизни “Жадид” номида чиқаришга қарор қилдик. Ўнлаб йиллар мобайнида ўзининг қутлуғ анъаналарини давом эттириб, бойитиб келган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталиги фаолиятида жадидчилик ҳаракати энг муҳим мавзулардан бири сифатида кенг ёритиб келинди. Озод Шарафиддинов, Наим Каримов, Шерали Турдиев, Бегали Қосимов, Бойбўта Дўстқораев сингари устоз адабиётшуносларимизнинг жадидчилик ҳаракати ва адабиёти, матбуоти тарихини ёритишга бағишланган тадқиқот ва мақолалари газетамиз саҳифаларида изчил ёритиб келинди ва бу йўналишдаги ишлар давом этмоқда. Янги “Жадид” номида чиқа бошлаган газетамизда ҳам бу йўналиш еткачи мавзулардан бири бўлади.
Юртимиз тарихида ёрқин саҳифа бўлган тарихий воқеалардан бири – Тошкентда бўлиб ўтган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги халқаро конференция нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки бутун мусулмон олами ва туркий дунё тарихида чуқур из қолдирган жадидчилик ҳаракатини ҳар томонлама ўрганиш шарафли вазифа эканини кўрсатиб берди.
Ўз моҳият эътиборига кўра, ноёб ижтимоий-сиёсий феномен бўлган жадидчилик ҳаракатининг шаклланиши ва тараққиёти тадқиқига бағишланган кўплаб тадқиқотлар яратилган бўлса-да, ушбу ҳаракат намояндаларининг Марказий Осиё ҳудудида миллий давлатчилик ва минтақавий ўзига хосликни, фуқаролик жамиятининг ривожланишига қўшган улкан ҳиссасини концептуал ва тизимли асосда атрофлича ўрганиш долзарб масала бўлиб қолмоқда. Зотан, “Тилда, фикрда, ишда бирлик” деган эзгу ғоя билан майдонга чиққан жадид боболаримиз халқларимизни жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, уларни ғафлат ботқоғидан қутқаришнинг асосий йўли – билим ва маърифатда, дунёвий тараққиётни эгаллашда, деб билдилар.
Жадидчилик ҳаракати намояндалари тарғиб этган ғоявий-сиёсий, ижтимоий-маърифий ва ҳуқуқий-ахлоқий қарашлар, уларнинг турли миллат ва элатлар ўртасида бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтириш, миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган интилишларини ёритиш газета фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлади.
Газетамиз келгуси фаолиятида ҳам, биринчи навбатда, юртимиз адабиёти ва санъатида кечаётган ижодий жараёнлар, мумтоз адабиётимиз таҳлилига бағишланган мақолаларга, замонавий туркий халқлар адабиёти намуналари, шоир ва ёзувчиларимизнинг янги асарларига кенг ўрин беради.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетамиз тарихида муҳим бурилиш бўлиши кўзда тутилмоқда. Газета ўзининг доимий мазмун ва мундарижасини тўлиқ сақлаб қолган ҳолда, 2024 йил 1 январдан бошлаб “Жадид” номида кўпминг ададда нашр этилади ва бу янгиланиш газета фаолиятида янги бир даврни бошлаб беришига ишонамиз.