December 8, 2023

ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-АМАЛИЙ АНЖУМАН 

Яқинда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти анжуманлар залида “Амир Темур ва Темурийлар даврида давлат бошқаруви, бунёдкорлик, илм-фан ва маданият ривожи” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда Тошкент, Андижон, Наманган, Навоий ҳамда Қирғизистон Республикасидан тарихчи, темуршунос олимлар, ижодкорлар, институт профессор-ўқитувчилари ва талабалари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Конференция Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди, Андижон вилояти ҳокимлиги, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ҳамда Фонднинг вилоят бўлими фаоллари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Конференцияни Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти 1-проректори Абдусалом Махсуталиев очиб, бундай маънавият кечалари талаба ёшлар учун фойдали эканини таъкидлади.

Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, профессор Муҳаммад Али ўз маърузасида Соҳибқирон бобомиз амалга оширган бунёдкорлик ишлари, қурдирган бинолари ҳақида сўзлади. Ушбу иншоотлар орадан бир неча аср ўтса-да, бугунги кунда ҳам ўзининг салобатини сақлаган ҳолда бутун дунёнинг диққат марказида эканлигини таъкидлади. Айни пайтда, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига тайёргарлик борасида ҳам маълумот берди.

Шунингдек, конференцияда Тошкент шарқшунослик университети профессори Адҳамбек Алимбеков, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Қирғизистон Республикаси бўлими бошлиғи Аҳмаджон Раҳимов, Фонднинг Навоий, Андижон, Наманган, вилоятлари бўлим бошлиқлари, шоир Жамолхон Боқиев, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти доценти Расулжон Юсупов шонли ўтмишимиз ҳамда буюк аждодларимиз, хусусан, Амир Темур ва Темурийларга оид мавзуларда маъруза қилдилар. Фонднинг ҳудудий бўлимларида амалга оширилган ва келгусида бажариладиган ишлар, режалари хусусида фикр алмашилди. Анжуман қизғин савол-жавобларга бой бўлди.

Конференция сўнгида Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди фаолларига Фонднинг кўкрак нишонлари ва фахрий ёрлиқлари топширилди.

М. ҚЎЧҚОРОВ