ДАСТХАТ
Оёғи енгил, ҳозиржавобгина ходимимиз Муқаррарни касб байрами арафасида йирик банклардан бири зиёфатга таклиф қилди. Йил бўйи банк фаолиятини ёритишда роса тер тўкканди-да. Боз устига унинг ёзганлари летучкада яхши баҳо олган, банк маъмуриятига ҳам маъқул келганди. Ишлагандан кейин қандини урсин, ҳалоли бўлсин. Бугун Муқаррар байрам столининг тўрида ўтирса ярашади. Биз ҳамкасблари уни ҳавас ва интизорлик билан кузатиб қўйдик.
Тушдан кейин Муқаррар ишхонада пайдо бўлганда уни космосдан қайтгандек кутиб олишга шай эдик, унинг шашти пастлигини кўриб индамай қўя қолдик. Бу пайтда ортиқча бир оғиз гап ҳам тошдек тегиши мумкин-да. У ўриндиққа оғир чўкди-да, қўлидаги ўроғлик нарсани “дўқ” этказиб, столга ташлади.
– Нима экан, қўлимни узиб юборай деди. Собиржон, очиб кўринг-чи.
Ҳамкасбимизнинг бу лутфидан сўнг ҳамманинг чеҳраси ёришди, тўртбурчак қилиб ўралган совғани қўлма-қўл қилиб, енгил аския бошланиб кетди.
– Банк роса ҳиммат кўрсатибди-ку. Наҳотки кўкидан шунча берган бўлса.
– Мен бунга ишонмайман, – деди қитмирроқ ходимлардан бири, – бу кўкидан эмас, олтин қуймаси бўлса керак-ов.
– Яна бир парча ғишт бўлмасин, – деди Муқаррарни доим таъқиб қилиб, ижодий мусобақага чорлаб юрадиган Салтанатхон. Бу совуқ каломдан Муқаррар ранжиди-ю, сиртига чиқармади, фақат ўқрайиб қараб қўйди.
Бу пайтда тугун ечилиб, ўралган совға юз кўрсата бошлаган эди.
– Э, – деб юборди Собиржон худди боши деворга теккандек, – китоб экан.
У қўлида замонавий шоирлардан бирининг қалин муқовада, фин қоғозида, рангли суратлар билан чоп этилган куллиётини ушлаб турарди.
– О, даҳшат, – деди ваҳимачироқ мусаҳҳиҳ, – ҳазрат Навоийнинг “Хамса”си ҳам бунақа сифатли чоп этилмаган.
Бу пайтда Муқаррархон хонани тарк этган, эҳтимол, банк ҳақидаги очеркининг қаеригадир тузатиш киритаётган эди.
Китоб таҳририятнинг мулкига айланди.
Ходимлар бўш бўлганда, куллиётни варақлашарди, шоирнинг ўтли нафасидан яралган назм дурларидан баҳра олишарди.
Кунларнинг бирида ҳамма қизғин ижодий жараёндан сўнг нафас ростлаб, у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирарди.
Собиржон ҳафсала билан куллиётни варақламоқда, гўё ҳеч ким тополмаган хазинани кашф қилмоқчидек. Унинг бирдан чеҳраси очилди, йўқотган нарсасини топгандек қийқириб юборди.
Ҳамма унга тикилиб қолди, шодликнинг сирини билишга қизиқди.
– Наҳотки муаллиф дастхат ёзиб кетган бўлса, – у куллиётнинг муқовасини очиб турарди.
Унда чумоли изидек қинғир-қийшиқ ёзув кўзга ташланарди. Ҳамма ёпишди, кимдир овоз чиқариб ўқиди:
– Зўр чиқибди, – дейишди ҳаммалари, – табриклаймиз.
Шунда Муқаррархон биринчи марта мамнун жилмайди ва керилиб:
– Шоир акам мени ҳурмат қиладилар, ўзлари келиб ёзиб кетганлар, – деди.
Дастхат ҳақиқиймиди ёки ҳамкасблардан бирининг ҳазилимиди, бу билан ҳеч ким қизиқмади.