June 8, 2023

ЖОНЛИ УЧРАШУВ

(ҳангома)

Раҳим Шайдо ўзига ишонган бош муҳаррирлардек савлат билан жойига ўтирди-да, олтин узукли бармоғи билан чақирув қўнғироғини босди. Эшикдан мўралаган котибага қарамай, буюрди:

– Шоирани чақир...

“Шоира” – гугурт чўпидек ингичка қиз адабиёт бўлимида ходим бўлиб ишлар, “ака”лардан бири “Қараб қўясиз, кўнгли тоза қиз”, деган эди, уни аниқ топшириқ билан синамоқчи бўлди.

– Сезиб юрибман, сизни анча қисиб қўйишган, – тагдор гап бош­лади Шайдо. Бу илтифотдан ходима анграйиб қолди, “Рост гапираяпсизми?” дегандек тикилди ва бўлиқ юзга кўзи тушгач, “Бу одам алдамайди”, деган ишончга келдими, кўзларида ёш айланди. – Энди бирга ишлаймиз, – қисқа сукунатни бузиб янграган бу калом хонада ишчан кайфиятга доя бўлди, ходима дадилланди.

Яқиндагина бошлиқ курсисини эгаллаган Раҳим Шайдо парвозни катта олган, туман нашридан республика газетасига раҳбар бўлиб келганди. Кўпчилик бундай “сакраш”нинг сирини билмаса-да, унга синовчан назар солар, “Нима каромат кўрсатар экан?” дегандек, ўсмоқчилаб юришарди. Туманда анча уддабурон сифатида танилган муҳаррир санъатини айнан катта даврада тўла намо­йиш этиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилаётганди.

– Кўраётган бўлсангиз.., – бир зум тўхтади, – кўраяпсизми? – ўдағайлагандек сўради. “Ҳа” деган минғирлаган овозни эшитгач, яна ҳам баланд пардада давом этди, – ишлар юришиб кетди, газета зўр чиқаяпти-я, – тасдиқлатиб олгач, қўшимча қилди, – энди бундан ҳам зўр чиқиши керак. Шунинг учун бир иш қиласиз. Ҳар бир сонда битта қизиқарли суҳбат тайёрлайсиз. Бўладими? Кимларни суҳбатга тортиш кераклигини белгилаб бераман, сиз бир рўйхат тузинг.

Шундан кейин Шоираи даврон бутун иқтидорини ишга солиб, “олтин рўйхат” тузишга киришди, “Нима бўлса ҳам баъзи фамилияларни ўқиб, афтлари бужмаймасин-да”, истиҳола қиларди у. Рўйхат тайёр бўлгач, эшилиб, сузилиб, бошлиқнинг ҳузурига йўл олди. Бу сафар анча очилиб гаплашдилар. Шайдонинг кайфияти яхши эканми, ҳазиллашиб, кулиб, юмушни бажардилар. У рўйхатдаги фамилия­ни ўқир, бироз мулоҳаза қилиб, ё чизиқ тортар, ё “плюс” қўяр – маъқулларди. Шундай қилиб, йигирмата кишидан ярми “чиғириқдан ўтди”.

– Энди, – деди таъкидлаб Шайдо, – тез буларни топинг-да, гаплашинг. Кейинги сонга суҳбатларнинг биринчиси тайёр бўлсин.

Ишончдан қанот боғлаган Шоира парвоз қилгандек учиб чиқди-да, бирдан вазирликдаги “криша”сига телефон қилди.

– Акажон, ўзим йўқламасам, бир бора назар қилмайсиз ҳам. – Унинг оғзи тўла кулги эди. Нариги томондан ширин мужда келди чоғи, янаям эшилиб давом этди. – Ёзувчиларнинг телефони керак эди.

Бу иш ҳам осон битди. Энди Шоирахон ўтириб олиб, телефонда излашни бошлади. Дастлаб таниқли танқидчининг номерини терди. Гўшакни аёл киши олди.

– Алло, мен газетаданман, домла керак эдилар.

Нариги томон жимиб қолди, бир нафасдан кейин аёлнинг йиғиси эшитилди. Шоира ҳайрон эди. Телефондаги суҳбатдош ўзини босиб олди чоғи, ҳиқиллаб, паст овозда деди:

– Ўзимиз ҳам ишонганимиз йўқ, одамлар ҳамон телефон қилишади.

– Нима бўлган, тинчликми? – дея олди ходима.

– Эшитмагансизми? Олти ой бўлди-ку бандалик қилганларига.

Гўшакни қўйди-да, “Кимларни белгилаб берган бу?” дея энсаси қотди. Барибир топшириқни бажариш керак, иккинчи фамилия тўғрисидаги рақамни терди. Бу киши машҳур ёзувчи, бунинг устига ўғли катта вазифада эди. У томондан ёш йигитнинг овози эшитилди. Шоира­хон халққа таниш ёзувчи тахаллусини айтди-да:

– Шу кишини чақириб қў­йинг, – деди.

– Кетганлар, – бироз тўхталишдан кейин шундай жавоб келди гўшакдан.

– Қачон келадилар?

– Келмайдилар, – оғир нафас олди йигит.

Кимдир телефондаги суҳбатга қизиқиб қолди чамаси, боланинг ким биландир гаплашгани эшитиларди. Ходима тайинли жавоб олиш умидида кутиб турди. Гўшакни бошқа биров олди. Ўрта ёш аёлнинг овози келди:

– Кимсилар?

– Газетадан.

– У ёқ-бу ёққа қарамайсиларми? Адамизанинг вафот этганларига етти йил бўлди-ку, – гўшакнинг “тақ” этиб қўйилгани эшитилди.

Ишнинг бундай тус олишини кутмаган Шоирахон довдираб қолди. “Қолганларнинг ҳаммаси ҳам ўлиб кетган бўлса-чи” дея мулоҳаза қилди. Маслаҳатлашишга бирор маънилироқ одам ҳам йўқ. Яна бошлиқнинг ҳузурига йўл олди.

– Суҳбатлашдингизми? – сўради бошлиқ очиқ чеҳра билан.

Жавоб қисқа бўлди:

– Йўқ, улар мен билан суҳбатлашмас экан, сиз билан суҳбатлашар экан...

Ҳаким САТТОРИЙ