МОЗИЙ МАНЗАРАЛАРИ
Ўзбекистон Бадиий академиясининг “Академия” галереясида Туркия Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси ва Юлдуз техника университети Султон Иккинчи Абдулҳамид номидаги илмий-амалий тадқиқотлар Маркази ва Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида ташкил қилинган “Усмонийлар салтанатида дипломатия ва меҳмондорчилик” кўргазмасининг очилиш маросими ҳамда кўргазма каталоги тақдимоти бўлиб ўтди.
Туркия Республикасининг юз йиллиги ва Туркия Ташқи ишлар вазирлигининг беш юз йиллигига бағишланган мазкур экспозиция ва унинг каталоги тақдимоти тарихи ва маданияти муштарак Ўзбекистонда ўтказилиши алоҳида аҳамиятга эга.
Профессор доктор А.Мелек Ўзеткин, доцент доктор Айше Эрсай Юксел, ўқитувчи-мураббий Туғче Курт, мутахассис архитектор Экинсу Бойраз раҳбарлик қилган мазкур кўргазмада Усмонийлар салтанати ташкил топганидан то ХIХ асргача бўлган дипломатик расм-русумларга оид қирқдан зиёд фотосуратлар намойиш қилинмоқда. Шу билан бирга, кўргазмада Франция, Швеция, Норвегия, Япония, Германия, Эрон ҳукмдорлари ва сулола аъзоларининг Истанбулга қилган ташрифига доир ёзма ва кўргазмали ҳужжатлар нусхалари ўрин олган. Кўргазмадан мақсад Усмонийлар олиб борган дипломатик фаолият, айни пайтда замонавий Туркия Республикасининг дипломатияси анъаналари асослари билан кенг жамоатчиликни таништиришдан иборат.
Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Замонавий фотожурналистика: анъана, тажриба ва маҳорат уйғунлиги” мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси масъуллари, журналист кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фотожурналистлар, блогерлар иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов кириш сўзи билан очди. Таниқли фотосуратчи Абдуғани Жумаев ҳозирги тезкор жамиятда фотожурналистнинг ўрни ҳамда унинг фаолияти ҳақида сўзлади. Тадбир доирасида фотокўргазма ташкил этилди. Унда табиат манзаралари, қурилиш майдонлари, портретлар ва турли мавзудаги суратлар намойиш этилди.