September 15, 2023

ҚУЁШ – ҲАҚИҚАТ ДЕГАНИ  


Таниқли адиб Муҳаммад Алининг “Мангу қуёш” романи (“Шарқ юлдузи” журнали, 2023 йил 4-5-6-сонлар) Ҳирот шаҳри­нинг бундан беш-олти аср олдинги кўринишлари тасвири билан бошланади. Романда тилга олинган “Чақар” маҳалласи, “Инжил” ариғи, “Мусалло” масжиди, “Боғи жаҳонаро” арк майдони ва бошқа манзиллар тарихийдир. Шу боисдан ҳам асар илк саҳифаларданоқ ўқувчини узоқ тарихий масканларга олиб киради. Романда қаламга олинган Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Султон Ҳусайн Мирзо, Хондамир, Беҳзод ва бошқа буюк шахсларнинг бадиий образлари талқинидан ҳам миллатимиз тарихи уфуриб турибди. Асар туркий тилнинг ўрта асрлар лаҳжасида ёзилганини ўқувчи ҳис этиб туради. Мана, бир мисол: “Бу ишқ достонини эшитиб, бағрингга ўт туташмай иложи йўқ! Ёниб кетишингга оз қолодур. Бандаси чидаб юрадур-да... Мен Ҳазратни ўзгача кашф этмишмен...”.

Муҳаммад Алининг тарихий романларида тарихийлик талабларига риоя қилинган. Зеро, адиб миллатимиз ва туркий халқлар тарихининг билимдони. Шу сабабдан ҳам улуғ ёзувчимиз тарихий мавзуга қайта-қайта қўл уради.

Шу ўринда бир фикрни айтиб ўтишни жоиз деб билдим. Тарихни тушунтиришда бадиҳанинг ўрни бениҳоядир.

Машҳур рус тарихчиси Лев Гумилёв Кас­пий, Орол, Бойкўл бассейнлари туркийларнинг қадим ватани эканини исботлаган. Тасаввур қилинг, аждодларимиз куч-қудратга тўлган IV – VI асрларда Дунайнинг Пананио ялангликларидан то Буюк Хитой деворларигача, Ўрол тоғларидан Ҳимолайгача бўлган ҳудудларда от сурган, ҳукмдорлик қилган, қудратли давлатлар тузган. Муҳаммад Али ана шу тарих билан халқимизни, ёшларимизни таништиришга бел боғлаган. Бу жуда ҳам улкан, машаққатли, ўз навбатида, шарафли вазифа.

Бадиий асарда тасвирланган тарихнинг қалбларга таъсири ўта кучли бўлади, у миллат хотирасига муҳрланади. Эсланг, ўтган асрнинг 60-йиллари сўнгида эълон қилинган атоқли шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” шеъридаги:

Денгиз ортин ёритди илк бор,

Берунийнинг ақл машъали.

Колумбда бор аламим маним,

Ўзбекистон, Ватаним маним, –

сатрлари миллат қалбидан ўрин олди, барчанинг тилига тушди, халқимиз алам билан ўз тарихини эслади. Мана, бадиий тафаккурнинг қудрати! Атоқли ёзувчимиз Муҳаммад Али тарихимизни тушунтиришда худди шу йўлдан, яъни бадиий тафаккур йўлидан бормоқда.

Муҳаммад Али табиатни, ҳолатни, қаҳрамонларни аниқ ва лўнда қилиб тас­вир­лашнинг устаси. Ўқишингиз билан, тасаввурингизда аниқ манзаралар, лавҳалар намоён бўлади. “Эркак кишининг кўзи ҳам кўр, фаросати ҳам камроқ бўларкан-да, йўқ эса, Ҳоқони Мансур ҳарамнинг шунча маҳлиқо парирўйлари ичидан келиб-келиб шу олқиндини танлайдиларми?..” деб тас­вирлайди Хадича бегимни ёзувчи. Ўқувчи дарҳол энди қўлга олинган хушбўй, бежирим ироқи совунни ва вақтлар ўтиб ишлатилаверилиб, эзғиланавериб ейилиб кетган, оҳорини йўқотган, кўримсиз бир матоҳни тасаввур қилади. Бу тасвир, сўзсиз, ёзувчининг маҳоратидан далолатдир.

Роман воқеалари қаҳрамонларнинг фавқулодда жонли ва ҳаётий суҳбатлари, баҳс-мунозаралари, хотиралар баёни орқали ёритилиб борилади. Улар шунчалар ишонарли чиққанки, беихтиёр ёзувчининг ўзи ҳам ўша суҳбат-мунозараларда кўринмас бўлиб иштирок этмаганмикин, деб ўйлаб қоласиз. Интиқлик билан қачон Алишер Навоийнинг ёшлиги, севгилиси жумбоғи тасвирларини ўқийман, деб кутасиз, бу сизга тинчлик бермайди, хаёлингизни банд қилади. Ниҳоят, романнинг “Алишернинг туғилиши” бобига етиб келасиз ва ташналик билан ўқишни давом эттирасиз. Ёзувчи, худди кўриб тургандай, Алишербекни оддий “бувак” эмас, балки миллиондан битта, минг йилда бир туғиладиган даҳо эканини ишонарли тасвирлашга тушади.

Кўз ўнгингиздан кинотасмаси каби тас­вирлар ўта бошлайди, табиат мўъжизаси юз берганини ҳис қиласиз. Ўшанда, милодий 1441 йил 9 февраль куни Ҳиротда Алишер Навоий дунёга келган эди...

Китобхон тасаввур қилади, мана, Алишер тўрт ёшга, етти, ўн ва ниҳоят севги ёшига етди, деб мутолаани катта қизиқиш билан давом эттиради ва кейинги саҳифаларда у орзиқиб кутган воқеалар юз беради... Муҳаммад Али роман давомида Алишер Навоийни пири бадавлат ёшда, даҳолик даражасига эришган қиёфада намоён қилади, суҳбатлар, баҳслар ва хотиралар воситасида даҳонинг ҳаёт йўлларини, ички кечинмаларини тиклайди, ўқувчиларни уларга ишонтиради. Романда марказий ўринда турадиган образлар – Алишер Навоий, Султон Ҳусайн Мирзо, Бадиуззамон Мирзо, Мўмин Мирзо, Абдураҳмон Жомий, Камолиддин Беҳзод, Ғиёсиддин Кичкина, Саид Ҳасан Ардашер, Шайхим Суҳайлий, Хондамир ва бошқа тарихий шахслар образлари ишончли манбаларга таяниб тасвирланган. Шу сабабдан ҳам асар ишонарли чиққан.

Албатта, китобхонни бир жумбоқ, яъни Алишер Навоийнинг севган қизи бўлганми, бўлган бўлса у ким ва бу ишқ мўъжизаси қачон юз берган каби саволлар қизиқтиради. Шу саволларга жавобни романдан қидиради... ва ниҳоят топади ҳам. Айни пайт­да муаллиф ҳам ушбу жумбоқ ечимини ўқувчилар билан бирга излагандай таассурот уйғонади. Иттифоқо, муаллиф бир муаммога дуч келади... Бу ҳам бўлса, Алишер Навоийнинг севгилиси бўлгани тўғрисида аниқ тарихий манбанинг йўқлиги. Лекин имо-ишоралар бор. Қаерда? Алишер Навоийнинг ғазалларида, достонларида, “Лайли ва Мажнун”да, “Фарҳод ва Ширин”да... Адиб Алишер ва унинг севгилиси образларини чуқур таҳлиллардан сўнг, мантиқдан келиб чиқиб, жуда усталик билан ишонарли тарзда романга олиб киради. Бу ҳолатни ўқувчи ҳатто сезмай қолади... Бу ҳам ёзувчи талантининг юксаклигидан далолат.

Муҳаммад Али илоҳий, бокира севги неча ёшда пайдо бўлади, деб савол қўяди ва “12-16 ёшларда”, деган қарорга келади. Чунки даҳолар Лайли ва Мажнун, Тоҳир ва Зуҳра, Ромео ва Жульетталарни айнан шу ёшда илоҳий бир ишққа, севгига мубтало бўлганини эътироф этганлар. Бу фикрга китобхон ишонади, беихтиёр Алишер ва Бадъеулжамол мубтало бўлган севги жараёни, ширин изтироблар ўзига ҳам насиб қилишини Худодан тилайди. Чунки ёзувчи бор талантини ишга солиб, бутун вужуди билан ўспирин Алишернинг ички ҳиссиётларини моҳирона тасвирлайди. Беихтиёр Алишерга ўхшагингиз келади.

Алишер билан Бадъеулжамол севгиси бир зумлик, осмонда чақмоқ чаққандай ёрқин эди. Улар севгисининг жаранги ҳам ҳаққа бўлган ишқ каби сассиз эди. Ҳақ – мутлоқ, инсонлар – ўткинчи. Инчунин, Бадъеулжамол ишқ ўтига дош беролмай навниҳоллигида вафот этади...

Алишер Навоий ўзининг инсоний ишқидан, жуфтидан абадул-абад айрилади, дўсти Султон Ҳусайн Мирзонинг: “Онт ичмасунлар!” деб ёлворганига қарамай онт ичади, умрбод Бадъеулжамол севгисига содиқ қолади, ҳаётдан танҳо ўтади...

Муҳаммад Али сўзнинг кучи, тафаккур қудрати билан бу тарихга ҳаммамизни ишонтира олди. Ҳақиқатан, улуғ бобомиз Алишер Навоий ҳар бир эр кишига хос бўлган севги ҳиссиётларига дучор бўлган, фақат сизу биздан фарқли ўлароқ, ўша илоҳий туйғуга умрбод содиқ қолган. Ҳаётдаги танҳолигининг сабаби илоҳий севгининг боқийлигидадир.

Бир қараганда, роман Хуросон, Темурийлар давлатчилиги, сарой ҳаёти, давр сиёсати тарихи тўғрисидагидек туюлади. Аслида, мақсад инсон ва табиат муносабатлари, инсон табиати фалсафаларини идрок қилиш ва, албатта, Алишер Навоийнинг теран образини яратиш, буюк сиймонинг инсоний туйғуларга хос севгисини олқиш­лаш, бинобарин, бундай ноёб севгининг тарихи ҳам мутлақо ўзгача бўлишини тараннум этишдан иборат эди. Бу вазифани муаллиф тўлиқ адо эта олган.

Атоқли ёзувчимиз Муҳаммад Али нав­батдаги тарихий романини “Мангу қуёш” деб номлабди. Бу ном бежиз эмас, у мантиқан келиб чиққан. Бу тарихимиз қуёши, Алишер Навоий қуёши, қуёшнинг мангулиги, даҳонинг илоҳий севгиси, севгилиси Бадъеулжамол хақидаги порлоқ қиссадир. Мен, китобхонларимизни мана шу мўъжизалар билан ошно бўлишга чорлаб қоламан.

Темур ШИРИНОВ,

Ўзбекистон Республикасифан арбоби