December 8, 2023

ҚИЗИҚЧИЛИК ТАНҚИДДАН ХОЛИМИ?  

Ўзбек халқ оғзаки ижодиёти шундай бир уммонки, уни ўрганган сари бири биридан сержило гавҳарлар топилаверади. Ана шундай гавҳарлардан бири қизиқчилик санъатидир. Ушбу санъатга оид манбалар ХХ асрда санъатшунос, фольклоршунос олимларимиз томонидан тўпланган, ўрганилган.

Санъатшунослик фанлари доктори, профессор Муҳсин Қодиров “Ўзбек театри тарихи” китобида: “Қизиқчилик – ўзбек анъанавий театр тури. Қизиқчилик театри, асосан, Қўқон хонлиги ҳудудида (айниқса, Фарғона водийси ва Тошкентда) расм бўлган, ижрочиси қизиқчи (қизиқ), тўда бошлиғи ва иш юритувчи корфармон деб аталган... Унинг репертуарини танқид ва муқаллид жанрларидаги ҳажвий-юмористик комедиялар, кулгили ҳикоялар ташкил этган”, деган маълумотларни келтирган. Кўринадики, қизиқчилик санъати, аввало, жамоавий ижродан бош­ланган. Манбаларга кўра, ХIХ асрда Зокир Эшон бошчилигидаги қизиқчилик гуруҳида 20дан зиёд қизиқчи фаолият кўрсатган, репертуаридан юзга яқин танқид, муқаллид, кулги-ҳикоялар, латифалар ўрин олган.

ХХ асрнинг биринчи ярмида эса, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов бошчилигида эллик нафарга яқин қизиқчи бу ишни давом эттириб, ўзлари яшаб турган замон талабларидан келиб чиқиб ижод қилган ҳамда билим ва тажрибаларини келажак авлодларга қолдирган. Улар қизиқчилик санъатининг, асосан, жамоавий ижро йўлидан фойдаланган бўлсалар, ХХ асрнинг иккинчи ярмида Зай­нобиддин Юсупов, Муҳиддин қизиқ Дарвешов, Жўрахон Пўлатов каби якка ижрочилар майдонга кела бошлади. Мустақиллик даврида эса Ҳожибой Тожибоев, Мирзабек Холмедов, Тўхтамурод Азизов, Обид Асомов, Шукрулло Исроилов, Ғайрат Аҳмедов, Абдураҳмон Сиддиқов, Абдулла Акбаров, Валижон Шамшиев каби сўз усталари бу соҳада самарали ижод қилишди, уларнинг кўпчилиги ҳозир ҳам ижодни давом эттирмоқда.

Қизиқчилик санъати вакилларининг кўпчилиги жамоавий қизиқчилик фаолиятидан ташқари якка ижрода ҳам ўз маҳоратлари ва йўналишларига эга ижодкорлардир. Жамоавий ижрода саҳна асари томошабинга икки ва ундан ортиқ иштирокчи ёрдамида тақдим этилади. Бунда воқеликни томошабинга тўлиқроқ ёритиб бериш учун махсус декорация, ҳар бир қаҳрамонга алоҳида либос, грим ва уни ижро этаётган ижодкорнинг маҳорати керак бўлади. Якка қизиқчиликда эса, бир қизиқчининг ўзи бир неча қаҳрамон ҳолатига кириб, воқеликни фақатгина овоз ва юз (баъзида қўл ва оёқ ҳаракатлари билан) ҳолатларини ўзгартирган тарзда ижро этади. Бу анча мураккаб жараён бўлиб, қизиқчидан катта маҳоратни талаб этади. Яъни қизиқчи фақат ўзига, маҳоратига ишониб саҳнага чиқади. Яна ҳам мураккаб томони, томоша залидаги ҳолатга, мухлислар талабига кўра йўл-йўлакай воқеалар, сўз ўйинлари ўйлаб топишига, шунга монанд ҳаракатланишига, яъни бадиҳагўйлик (импровизация) қилишига тўғри келади. Чунки томошабин у айтаётган воқеаларнинг кўпини олдиндан билган бўлиши мумкин. Бинобарин, томошабин учун саҳнадаги одам мазкур воқеликни қандай ва қай тарзда ижро этгани муҳим. Ҳаммасини қизиқчининг сезгирлиги, топағонлиги, бадиҳагўйлиги, санъатнинг турли йўналишлари, анъанавий сюжет, кўриниш ва образлар талқинига ўзгартиришлар киритиши, аския, қўшиқ, рақсдан қай тарзда фойдаланиши ҳал қилади.

Қадимдан якка қизиқчиликда ижрочи ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, томошабинда кулги уйғотувчи воқеа-ҳодисалар, тақлидлар, танқидлар ҳамда ҳикоялар ўйлаб топган ва ижро этган. Бу ўйлаб топганлари сийқаси чиқмаган, ортиқча хатти-ҳаракатлар, бемаза латифалардан холи ўлароқ, томошабиннинг маданий савиясини юксалтиришга, ҳаётидаги муаммо ва ташвишларини, бироз бўлса-да, унутишига кўмаклашиш, айни пайтда, жамиятда мавжуд иллатларни кулги орқали фош этишга хизмат қилиши шарт.

Сўнгги йилларда ижод қилаётган якка қизиқчилар ўз ижроларида айнан юқорида айтилган асосий жиҳатга, яъни танқидга деярли мурожаат этмаяптилар. Маиший, енгил кулги уйғотувчи, кўпинча якуни беҳаёликка бориб тақалувчи мавзулар уларнинг дастурларидан жой олмоқда. Албатта, бу гаплар барча қизиқчиларга тааллуқли эмас. Аммо саҳнага олиб чиқилган асар нафақат кулдириши, балки томошабинга маданий озиқ бериш билан бирга, унинг ички кечинмалари, дард-қайғуси, хурсандчилигини, қўйингки, миллат ҳаётидан сўзловчи кўзгу эканлигини унутмаслик керак.

Энг муҳими, ушбу дастурларни ёш фарзандларимиз томоша қилаётгани, бу ижод маҳсули улар тарбиясига таъсир этишини ўйлаш лозим. Қизиқчи саҳнага олиб чиққан асар жамиятдаги адолатсизликлар ва иллатларни фош қилувчи, пировардида халққа манфаат олиб келувчи кучга эса бўлиши, бунинг учун дастур тайёрлашда кўпроқ халққа манфаатли мавзуларда ижод қилиш ҳамда тайёрланган ижод маҳсулини менталитетимизга хос “элак”дан ўтказиш зарур.

Ҳамиджон РЎЗИБОЕВ,

тадқиқотчи