«НЕ ЕРДА БЎЛСАНГ, ЭЙ ГУЛ...»
Турк адиби Азиз Несиннинг бир ҳикояси бор. Унда қадимда яшаб ўтган аллақайси шоир фалон йилнинг фалон санасида дунёга келганми ё ундан аввалги куннинг охирида – тун ярмида таваллуд топганми, агар шундоқ бўлса, тунги соат ўн иккининг қайси сониясида таваллуд топган, деган оламшумул масалани ҳал этишга бир катта олим бел боғлагани, аниқлаб бўлай деганига салкам жиндек қолгани, шунга бағишлаб бир неча жилд монография ёзгани, агар алломанинг умри етса-ку яхши, етмаса, бу улкан “муаммо”ни тадқиқ этишни унинг шогирдлари давом эттиражаклари ҳажв қилинади.
Биз бу ҳикояни ўқиб куламиз, аммо афсуски, арзимас бир гапни ўртага ташлаш – баайни пашшадан фил ясаб кўрсатиш илм-фан оламида ростдан ҳам кўп учрайди. Кераксиз, нафи тегмайдиган далилни излаб қанча одам сарсон, олимларнинг азиз умри ана шунақа “кашфиёт”лар кўйида ўтади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Андижонда туғилган эдими ё Ахсида, деган масала кейинги йилларда бот-бот ўртага қўйиляпти. Қўйиляпти, деган гапнинг ўзи ҳам эски, у аллақачон, зўрма-зўраки тарзда бўлса ҳам Андижонга “прописка” қилинган гўёки, тамом-вассалом. Биз бу гап билан йўқ, у зот Ахсида таваллуд топган, демоқчи эмасмиз. Фикримиз шуки, бунинг илмга ҳам, адабиётга ҳам тўрт пуллик фойдаси йўқ, билъакс, бу ҳукм одамларни Бобурдан совутади, уни “маҳалла классиги”га айлантиришга хизмат қилади. Хорижда Бобурнинг ижодини ҳам, тарихий ишларини ҳам биздан яхшироқ билишади, Бобур ҳақидаги илмий ишларнинг кўлами кенг, теран ҳам. Чунки биз уни “бизники, ўзимизники” қилишга кўпроқ куч сарфлаймиз.
Сарасоф солиб қарасангиз, фалон улуғ “анов сойнинг у ёғида туғилганми, ё бу ёғида”, деб тортишилади, кимнинг киндиги айнан қайси шаҳар ё туманда кесилганига қараб ўша вилоятдаги кўча, мактаб ва ҳоказолар шу одам номига қўйилади.
Нега маҳаллийлаштиришга ружу қўямиз? Нега бир миллат ўлароқ, барчага кенг бағир очмаймиз? Улуғларни қаршилик, марғилонлик, қўқонлик деб ажратмай, ўзбек элининг фарзанди сифатида эъзозламаймизми?
Бугина эмас. Умуминсоний, исломий, лоақал туркий қадриятлар миқёсига кўтарилсак, миллат кўзи очилиб, ўзини ўзи мақташ, ўзига ўзи маҳлиёликдан халос бўлиб, юксаларми эди...
Бу гапларнинг ёзилишига таниқли матншунос олимимиз Ваҳоб Раҳмонов домланинг бир мучал аввал битилган “Ғарибингға тараҳҳум айлагилким…” деб номланган мақоласи (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2011 йил, 7-сон) туртки берди. Унда муаллиф Бобурнинг “Баҳор айёмидур...” деб бошланадиган машҳур ғазалининг сўнгги байти – мақтаъси илмий адабиётларда икки хил ёзилаётганига эътибор қилган. Чунончи,
Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,
Ғарибингға тараҳҳум айлагилким, анда жонидур.
Ўзга бир китобда эса “сал” бошқача берилган экан:
Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,
Ғарибингға тараҳҳум айлагилким, андижонийдур.
Домла иккинчи талқинни ёқлаб, катта-катта олимларнинг фундаментал тадқиқотларида ҳам “анда жонидур” деб хато ёзилган, деб ёзади.
Бу ғазал, уни машҳур ҳофиз Шерали Жўраев ашула қилиб айтганидан кейин жуда оммалашиб кетди, қўшиқда ҳам бояги сўз “андижонийдур” деб талаффуз этилади. Исмоил Тўлаков эса “Андижоним қолди менинг” деб шеър ёзди, соддароқ одам буни Бобурнинг ўзи битган экан, деб қабул қилади. Ҳолбуки, Бобур бирон шеърида Андижонни тилга олмаган, чунки унинг ғазаллари автобиографик эмас, тасаввуфий йўналишда.
Дарвоқе, бу мисра, агар у “андижоний” шаклида бўлса, бошқа тилга нима деб таржима қилинади? Менга мурожаат этган таржимон, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Иброҳим Чориев: “Нега энди маъшуқа ўз ошиғига у андижонлик бўлгани учунгина раҳм қилиши керак? Андижонлик бўлмай, бирон бошқа жойлик бўлишнинг нимаси ёмон? Қани бу ерда мантиқ?”, деб сўрабди. Чиндан ҳам, “Ҳой нозанин, бошқага бўлмаса ҳам, менга раҳм қил, чунки мен андижонликман”, деб бўладими? Йўқ, албатта. Бу иддао Шарқона этикетга ҳам номувофиқ. Бобурнинг кўнгли бу сингари манманликдан саришта.
Ҳурматли матншунос олим эса ўз талқинига “қонуний” тус бериш учун “Бобурдай сўзда заршунос, маънода гавҳаршунос шоир сўзларини котиблар тасодифан йўл қўйган хатолардан холис қилиш” кори хайрлигини уқтиради.
Аммо... котиблар (яна, бир эмас, бир неча котиб) “тасодифан” (?) хато қилганми? Тасаввурга сиғмайди. Негаки, олимимиз талқинича англасак, байт мазмуни бузилади, котиблар тўғри битганидай ўқисак, ростланиб, Бобур айтгани каби асл сўфиёна маъноси рўёбга чиқади.
Домланинг фикрига кўра, шоир “Эй, гулдай севгилим, андижонлик ғарибингга раҳм-шафқат қилгин, Сен қаерда бўлсанг, Бобурнинг жони ўша ердадир”, деяётган эмиш. Андижондан йироқларда – Кобулдами, Аградами ёзилган ғазалнинг ушбу байтида Бобур ўзини андижонлик ғариб, дея гўё шеърига имзо қўйган ва бундан ажабланмаслик лозим экан.
Дариғки, хато фикрни нима қилиб бўлса ҳам “қабул қилдириш” учун Ваҳоб ака байтдаги сўзлар ўрнини алмаштириб, маънони бузиб ҳам юборади. Аслида эса, Бобур “андижонлик ғарибинг” деяётгани йўқ. Борингки, домла каби “Андижонийдур” деб ўқисак ҳам, “ғарибингга раҳм-шафқат қил, (сабаби) у андижонликдир”, деяётган бўлар эди.
Ғазалнависликда муҳим бир қоида бор: шоир бирон фикрни илгари суриш учун аввалги байт унга мантиқий асос (таносуб санъати) келтиради. Бу ўринда эса нега ёрнинг андижонликка раҳм-шафқат қилиши кераклигига далил йўқ. Чунки Бобур унақа демоқчи эмас. Бу қабилдаги хатолар ҳақида айнан Ваҳоб аканинг ўзи шундай деб ёзади: “Икки сўзни бир сўз ҳолига келтириш фикрни умуман издан чиқариб юборади”. (Ваҳоб Раҳмон. “Мумтоз сўз сеҳри”, 2015, 271-бет). Бу ерда ана шу сакталик юз берган.
Яна, энг муҳими, бу байтда шоир “андадур жони: анда жонидур” қабилида бадиий санъат (тарди аксли тарсеъ) қўллаган эди:
Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,
Ғарибингға тараҳҳум айлагилким, анда жонидур.
Такрор айтамиз, Бобурнинг ватани – бутун ислом дунёси, туркий олам ва ниҳоят, бугунги Ўзбекистондир, шундай экан, уни нима қилиб бўлса ҳам “андижонлик”ка айлантиришдан не наф? Эски ўзбек ёзувида ҳам бунинг бири икки сўз (انده جاني), яна бири эса битта сўз (انديجاني) тарзида битилади. Котиблар бунчалик янглишмаса керак?
Байтнинг маъноси ҳам домланинг талқинидан анча ўзга, назаримизда. Ёр маъвоси – ғариб ошиқнинг кўнглидир, шундай экан, эй гул каби санам, раҳм қил, ўз уйингни (ошиқ кўнглини) вайрон айлама, демоқчи шоир. Албатта, бу хийла мураккаб тарзда ифода топган.
Ҳар бир улуғ сиймо – ватан фарзанди. Аммо биз гўё улардан янада кўпроқ фахрлангандек бўлиб, маҳалламиз идорасига хатлаб оляпмиз. Қизиқ-да, Муқимий Қўқонда эмас, Когонда туғилса фарғоналикларнинг ифтихори бўлмай қолармиди? Фузулий Ироқда туғилган бўлса нима қипти? Бобур Ахсида эмас, Андижонда туғилганини ким исбот қилса, мунча мукофоти бор, деб соврин ажратиш илмга хилоф юмуш-ку? Ўшани аниқлаган билан шоир ижодининг қиммати ошиб ё камайиб қоладими?
Ваҳоб Раҳмонов домла эса, давом этиб, шундай ёзади: “Биз агар... байтнинг иккинчи мисрасини: “Ғарибингға тараҳҳум айлагилким, анда жонидур” тарзида эълон қилсак, икки нуқсон содир бўлади: фикр ҳавода муаллақ қолади; ўринсиз, қўпол такрор юз беради”. Бу – жуда кескин ҳукм, чунки аввало қўлёзмалар орқали исботланмайди, қолаверса, “Андижонлик бўлганим учун тараҳҳум қил” дейиш мантиққа зид ва ниҳоят, шоирнинг ўзи айнан шундай деб ёзган. Сўзга ниҳоятда дақиқ, маънога ҳассос, ҳатто Алишер Навоий ижодига ҳам закий назар ташлай олган Бобурни бу қабилда айблашдан тийилганимиз дуруст. Байтда “фикр ҳавода муаллақ” қолмаган, “ўринсиз, қўпол такрор” ҳам йўқ.
Мақола шундай якунланади: “2008 йилда Бобур таваллудининг 525 йиллиги тантанаси куни – 14 февралда Андижон шаҳри чорраҳалари ана шу байт ёзиғлиқ лавҳалар билан безалган эди. Шунинг учун ҳам Бобур жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов кўп ўтмай Боғишамолда Бобур боғидаги ҳайкали белбоғига йирик ҳарфларда шу байтни ёздирди:
Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,
Ғарибингға тараҳҳум айлагилким, андижонийдур.
Энди Бобур номидаги миллий боққа қадам қўйиб, шоир сиймосига назар солган ҳар бир киши кўзи олдида ана шу байт ярқираб кўриниб туради...”
Ажаб, шундай айёмда, бундай жойларда “прописка” кўрсатилмас, балки энг фалсафий, ҳикматга кон парча ёздирилар эди-ку? Бобур девонидан излаб-излаб топилган шоҳбайт наҳот шу бўлса?
...Халқаро Бобур фонди шоир ҳаёти ва ижодини ўрганишда таҳсинга лойиқ ишларни амалга оширди ва ошириб келаётибди, аммо бу кори хайр негизида уни “Андижоний”лаштириш турмаслиги керак, деб ўйлаймиз. Чунки бунақа “факт”дан илмга наф йўқ. Илмий ҳақиқатдан кўз юмилган жойда эса бошқа ҳар қандай ҳақиқатнинг қадри қолмайди.