Льюис Кэрролл
“Алиса мўъжизалар мамлакатида” асарининг муаллифи, қизалоқларни суратга туширишни яхши кўрган Льюис Кэрролл тахаллусли Чарльз Лютвиж Доджсон атоқли математик, файласуф, ихтирочи ва фотосуратчи бўлган. Аммо у жаҳонда “Алиса мўъжизалар мамлакатида” ва “Алиса кўзгу орти ўлкасида” номли эртаклари билан танилган.
Бўлажак ёзувчи роҳиб оиласида дунёга келади, бу оилада ундан ташқари уч ўғил ва етти қиз бор эди. Тўнғич фарзанд бўлгани учун Чарльзни отасининг ўзи қаттиққўллик билан тарбиялайди. Чапақай бўлгани учун отаси уни ўнг қўлда ёзишга мажбурлайди. Болаликдан руҳий зўриқишлар таъсирида улғайган Чарльз дудуқланиб сўзлайдиган ва ўнг қулоғи яхши эшитмайдиган бўлиб қолади. Кексайгани сари унда турли касалликлар пайдо бўлиши ҳам болаликдаги қийинчиликлардан эканини ёзувчининг ўзи тасдиқлайди.
У отасининг изидан кетди, аммо роҳиб бўлмади. Эҳтимол, бунга театрга муҳаббати сабаб бўлгандир. Доджсонлар оиласининг бир неча авлоди диндор бўлган ва ёш Чарлзни ҳам черков хизматига тайёрлашган, ҳатто Оксфорд коллежи – Крайст-Чёрч(“Исонинг черкови”)да таълим олишга юборишган. Ўқиш даврида “Алиса”нинг муаллифи математикага қобилияти билан отасини ҳайратга солади ва коллежда ўқитувчи бўлиб қолади. Қолаверса, унинг театрга қизиқиши ҳам оиласидагиларнинг ҳафсаласини пир қилади, чунки бу оиладан ҳеч ким бирон марта театрга бормаган, буни ўзларига муносиб кўришмаган.
Унинг ҳаётида иккита Алиса бўлгани маълум. Кўпчиликка маълумки, мўъжизалар мамлакатига тушиб қолган Алисанинг ҳаётдаги прототипи Алиса Лидделл, коллеж деканининг қизи эди.
Аммо “Алиса кўзгу орти ўлкасида” эртагини ёзишга илҳом берган бошқа қизалоқ Алисанинг беш ёшли жияни Теодора Рейксдир. Ёзувчи ҳаётини ўрганган мутахассисларнинг фикрича, бу асар ёзилган вақтда у Лидделлар оиласидан узоқлашган экан.
Кэрролл умрининг охирида нариги дунё ташвишини қилиб, Худонинг қаҳрини келтирмаслик учун “ҳаётининг бош китобини” – 800 саҳифалик “Сильви ва Бруно” романини ёзади. Бу китоб фан, поэзия, пародия, руҳий тадқиқотлар ва романтик қарашлар қоришмасидан, панд-насиҳатлардан иборат бўлгани учун муваффақиятсизликка учрайди. Чарльз Доджсоннинг жамиятдаги обрў-эътибори боис 1890 йилларда нашрдан чиққан китобнинг бор-йўғи 13 000 донасигина сотилади, холос.