БЕЖИЗ ТЎҚИЛМАГАЙ БИРОН РИВОЯТ
Поп кенгликлари бағрида деҳқончилик қилиш бамисоли игна билан қудуқ қазишдай машаққатли иш. Дарҳақиқат, мустақиллик йиллари барча соҳалар қатори деҳқончиликда ҳам жуда катта ўзгаришлар бўлгани, соҳага эски андозалар билан ёндошувларга барҳам берилгани билан иш осонлашиб қолгани йўқ.
Қачонки деҳқончиликка тамомила янги ёндошув – кластер, бошқарувга эса сектор тизими йўлга қўйилди-ю, одамларнинг юмуши осон, фермерларнинг оғири енгил бўлди. Бу ҳам осонликча рўй бергани йўқ, албатта. Тўғри, бир замонлар, пахта яккаҳокимлиги даврида одамларни ҳаволантириш мақсадида оддий пахтадан “оқ олтин”, қадоқ қўллардан “олтин қўл” яратилган, одамларнинг устидан заҳарли химикатлар сочилиб, ҳосилдорлик оширилган, “Ўзбекистонда ҳамма пахтакор бўлган” “офаринбозлик”лар замонида “Ўзбекистон СССРнинг асосий пахта базаси”, Поп эса Наманганнинг “Пахтақайнари” бўлган ва қадоқ қўлли деҳқонлар орасидан ўндан зиёд “Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари” етишиб чиққан, энг аламлиси, тақдирланганларнинг биронтаси қарилик гаштини суриш у ёқда қолиб, аксариятининг ажалидан бурун етган жойи қаро тупроқнинг ости бўлган эди. Ўзим бевосита шу соҳада ҳам бирмунча фаолият кўрсатган қишлоқ одами сифатида дангал айтаманки, мавжуд жамоа ва давлат хўжаликларини тугатиб, бирваракайига фермерликка ўтилиши ҳам ўйлаб-нетиб ўтирмай қилинган иш бўлиб, бу билан деҳқоннинг бири икки бўлиши, косаси оқариши ўрнига, боридан ҳам айрилишига, кунда қайнаб турган қора қозони ҳафталаб тўнтарилган ҳолда туришига олиб келди. Пахта ўрнига бошқа экинлар экиш, ерларни талон-тарож қилиш, пахта сотиш ўрнига пахта сотиб олиш сингари салбий иллатлар урчиб кетди.
– Тагингдаги машинангни сотиб бўлса ҳам “план”ни жойига қўйиб қўй! – деди ўшанда пойтахтдан бириктирилган вакиллардан бири.
– Машинам йўқ, – деди ночорликдан силласи қуриган рангпаргина фермер.
– Ундай бўлса, уйингни сотасан, – деди вакил ўшқириб.
– Ўтган йили сотганман, – деди йиғламсираб у.
– Ундай бўлса, – деди вакил бепарво, – ўзингни ўлдир, “план”ни тўлдир!
Бундай гаплар пахта мавсуми даври учун оддий ҳол бўлиб қолганди.
Мана шуларни хаёлим кўзгусидан ўтказар эканман, “Фидойи тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби, “Art soft holding” таъсисчиси Ориф ака Бобохонов билан одатдагидай қанчалик иши бошидан ошиб ётганига қарамай, суҳбатимиз бир лаҳзада қизиб кетди ва у кишининг суҳбат бошидаёқ айтган гапи менга маъқул келди. Бу гапни айнан келтираман:
“Биз давлатимиз раҳбари, вилоят ва тизим раҳбарлари, шунингдек, кампаниямизнинг аҳил жамоаси аъзолари, ҳаммамиз битта кемадамиз, уни маҳорат билан, эҳтиёткорлик, огоҳлик ва ҳушёрлик билан бошқараётган Юртбошимизнинг йўл-йўриқлари биз учун асосий йўналиш, истиқбол калити бўлиб хизмат қилаётгани кундай равшан, ойдай тиниқ ҳақиқат.
Гарчи соҳа хусусий бўлса ҳам манфаати умумий. Шу маънода бизга ниҳоят даражада тўғри йўл кўрсатаётган муҳтарам Юртбошимиз саъй-ҳаракатлари билан соҳамизга қишлоқ хўжалигининг ҳам қўшиб берилиши бизга жуда катта ишонч бағишлади. Шу ишонч бизга масъулият юклади. Мамлакатимиз раҳбари бамисоли қўмондон, биз эса яхши маънода, яъни тинчлик аскарларимиз. Аслида тинчлик ҳам кураш, тинчлик учун кураш энг муҳим кураш. Дунё талотўплар гирдобида турганда, тинчликни сақлаш фақат меҳнат, меҳнатда юксак натижаларга эришиш экани, агар пахта, аввалроқ ғалла режасини бажарганимиз шу тинчликка заррача ҳисса бўлиб қўшилса, биз мамнунмиз. Қишлоқ хўжалигидаги бу ютуқларнинг бош омили эса, – дея давом этди Ориф ака, – ҳукуматимиз томонидан барча соҳалар қатори бошқарувда сектор, ишда кластер тизими ўрнатилгани, ёқилғи, ўғит ва сув ресурслари маромида ажратиб берилганидир. Энг муҳими, қишлоқ хўжалигидагилар мабодо қарздор бўлиб қолса, уни кечиктириб туриш, кредитларни вақтида ҳал қилиш соҳадагиларнинг оёқ-қўлини тушовдан ҳоли қилди!”
Кўпни кўрган, айни пайтда илгарилари тадбиркор сифатида оғир машаққатларга дуч келган Ориф ака ҳақ гапларни айтди. Энг муҳими, қисқа фурсатларда натижаларнинг юксаклиги, самарадорликнинг кўнгилдагидайлигидир.
Бунга мураккаб деҳқончилик муҳитидаги Поп, худди шу каби деҳқончиликнинг мураккаб вазиятидаги Мингбулоқ ва Чуст туманларида йўлга қўйилган “Art soft tex cluster” кластер тизими яққол мисол бўла олади. Хўш яна қандай омиллар қўлга киритилган ютуқларда асқотди, қўл келди? Бу саволларга кластер раҳбари Миршоҳид Бекмуродов ҳамда соҳадаги ютуқларда жонбозлик кўрсатаётган ака-ука Олимжон ва Ғиёсиддин Бобохоновлар, шунингдек, корпоратив бошқарув ва ички аудит департаментининг бошқа мутасаддилари билан бўлган суҳбатда жўяли жавобларни олганимиз нур устига нур бўлди.
Бугунги кунда кластер тизимига яратиб берилаётган имкониятлар, умуман олганда, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизими натижасида жуда кўплаб янги-янги корхоналар ишга тушмоқда. Жумладан, “Art soft holding” тизимида ҳам жуда кўплаб лойиҳалар ишга туширилди ва бир нечтаси ишга тушиш арафасида турибди. 2022 йилнинг ўзида 40 минг тонна қувватдаги пахтани қайта ишлаш заводи, Калава ип ишлаб чиқариш фабрикаси, учта тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари, Кафель керамогранит ишлаб чиқариш заводи, ёқилғи маҳсулотларини сақлаш ва тарқатиш базаси ишга туширилди. Ўтган йилнинг ўзида жами 1 960та янги иш ўрни яратилди.
Кластер тасарруфида бўлган Поп туманидаги “Само юлдузи”, “Олтин замин пешқадами”, Чуст туманидаги “Наби Собир”, “Усмон, Шариф, Азамат”, Мингбулоқ туманидаги “Ятраз”, “Машраббой Сайдалиев” фермер хўжаликлари рекорд кўрсатгич – 50 центнердан ошириб пахта сотганликлари, далаларда ҳали ҳосилнинг чўғи баландлиги замонавий кластер тизимининг ҳақли равишда дадил одимлари ва улкан ютуқларидир.
Кластер мутасаддилари ислоҳотларни янада жадалроқ давом эттириш, нафақат тўқимачилик ёки деҳқончилик йўналиши, балки янгидан-янги йўналишларда ҳам тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, давлатимиз равнақи йўлида ҳиссаларини кўпайтириш борасида ўз жамоалари аҳли билан тинимсиз ҳаракатда.
Ўз ишига чин юракдан ёндошадиган Миршоҳид(кластер раҳбари)нинг айтишича, ҳозиргина тугаган селектор йиғилишида республикадаги аграр соҳа раҳбари Шуҳрат Мадаминович уларни обдон мақтабди. Буни уни “сўкағон” деяётганлар эшитдимикан? Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи эканини билган инсон ишлаганни мақташни ҳам билади-да! Наманганчасига айтганда, ишни “лала” қилиб сўкиш эшитгандан кўра, уни “мазза” қилиб, олқиш эшитганга нима етсин, ахир?! Қолаверса, Юртбошимиз томонидан жуда кўп эътироф этилган “Наманган тажрибаси”, “Наманган намунаси”, “Наманган феномени” иборалари вилоят аҳли учун доимий тамойилга айланган бир пайтда пахта марраси ҳам барвақт эгаллангани нур устига нур бўлди.
Бежиз сўз заргари тўқиб мадҳия,
Жаннат юртимизни мақтамайдилар.
Кўз тегмасин гуллар шаҳрига, дея
Фаришталар илк бор Ерга тушганда
Бизнинг юртни кўриб, севиб қолганлар.
Хизр бува Наманганни олганлар.
Бежиз тўқилмагай бирон ривоят,
Ҳақиқат яралмас ҳеч вақт ёлғондан.
Фаришта файзидан юрт бўлмиш жаннат,
Хизрнинг меҳридан гуллар Наманган.
Ривоят рост чиқар, бундан кўнглим тўқ:
Дўстлар, эҳей, дўстлар! Кезинг дунёни,
Ер юзида бошқа бундай чаман йўқ!
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,