БОЗОР – ОЗОР
Бошим оғриб кетади
Ғала-ғовур бозорда.
Бунда ҳар кун келса ким
Унга азоб, озор-да
Турфа молу мато деб,
Майда-чуйда ашё деб,
Эссиз, пулу савдо деб,
Умр ўтса, бекорга.
Вақтингни бой берасан,
Нақдингни бой берасан.
Ютдим, деган кунинг ҳам
Ўхшайсан нақ қарздорга.
Эй, тенгдош-қадрдоним,
Айни сенинг замонинг.
То бугун бор имконинг,
Ўқи, ўрган такрорла!
АЧЧИҚ ЧОЙ ҲАҚИДА АЧЧИҚ ГАП
Яхши удум, яхши калом:
“Чойга келинг, чойга келинг!”
Лекин фақат дастурхонмас,
Зўр дастурлар тузинг, бўлинг.
Шаҳд-шиддатда илму фан ҳам,
Тезкор, шошқин замон бу кун.
Кимлар учун олтин – ҳар дам
Ва бир қадам осмон бу кун!
Чорлар улар кўк тўридан:
“Ойга келинг! Ойга келинг!”
Ўтирмайлик биз сўрида:
“Чойга келинг! Чойга келинг!”
...Беғам чойхўр ортда борар,
Судралар, нақ тошбақа-да.
Сўнг дунёдан нолиб юрар,
Куни қолиб чойчақага!
БУРГУТГА
Ўзинг мағрур қушсану
Ҳукмдордай осмонда,
Гоҳо битта сичқон деб
Пастлаганинг ёмон-да.
КИТОБ
Китоб бор уйга нур, файз ёғар десам,
Балки бу китобий гапга ўхшайди.
Ўқишга очилган китобни кўринг –
Дуога очилган кафтга ўхшайди.
ҚОРА КЎЗОЙНАК
ҳазил
Чиқиб олиб бурунга
“Ҳунар”ингни бошлайсан:
Чор атрофни кўзимга
“Қора” қилиб ташлайсан.
Қоралашдан нима наф,
Куя суркаб барига?
Яхшиям, борамиз зап
Оқ-қоранинг фарқига.
Ойнаксан. Шу феъл билан
Одам бўлсанг, (ўксима)
Қорасини кўрсатмай
Қочар эди дўстинг ҳам.
Дилшод РАЖАБ