ИККИ ХАЛҚ ФАРЗАНДИ
Атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан юртимизда тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Муштарийларимизнинг ёдида бўлса керак, газетамизнинг жорий йил 13 октябрдаги 40-сонида чоп этилган “Қирғиз-ўзбек дўстлиги тимсоли” сарлавҳали суҳбатда Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ”Улуғбек” жамғармаси раиси, академик Оқил Салимов журналист Мамадали Эронов саволларига жавоб бера туриб, бугунги кунда Чингиз Айтматовга юртимизда берилаётган эътибор ҳақида шундай дейди: “Қайд этиб ўтганимиздек, Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг бошланишидаёқ қўни-қўшни мамлакатлар билан алоқалар мустаҳкамланиб, уларнинг фидойи фарзандлари эъзозлана бошланди. Президентимиз томонидан 2018 йил 2 апрелда “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Мамлакатимизда атоқли адибнинг ижоди ва фаолиятини ўрганиш борасида ўзига хос янги давр бошланди”.
Жорий йилнинг 12 декабрь куни Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ”Улуғбек” жамғармаси, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Қирғиз миллий маданий маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида буюк адиб ва мутафаккир Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан “Икки элнинг азиз фарзанди” мавзусида тадбир ҳамда шу номдаги китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
“Улуғбек” жамғармаси раиси Оқил Салимов маърузаси, Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Муса Жаманбоевнинг ўзбек-қирғиз дўстлик алоқалари янги босқичга чиқишида икки давлат раҳбарларининг узоқни кўзлаган сиёсати ҳақидаги самимий фикрлари, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг раиси Рустам Қурбонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбек-Қирғиз Миллий маданият маркази раиси Раҳматилла Жабборов, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев чиқишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Талабалар, олимлар, ижодкорлар иштирокидаги тадбир давомида юртимизда Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ чоп этилган мақолалар, фотосуратлар, расмий ва архив материаллари, уларга берилган шарҳлар асосида тайёрланган “Икки халқнинг азиз фарзанди” китоби тақдимоти ҳам кўтаринки руҳда ўтди.
Улуғ адибнинг юртимизга, халқимизга бўлган муҳаббати, ҳурмати чексиз эканини сўзга чиққанлар алоҳида самимият билан қайд этдилар. Чингиз Айтматовнинг бой ижодий мероси нафақат қирғиз эли, балки бутун туркий тилли мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Чингиз Айтматов халқларимиз ўртасидаги қадимий дўстлик ва маънавий бирликни янада мустаҳкамлаш, муштарак бой анъанавий меросини авайлаб-асрашга, адабиёт, санъат, илм-фан соҳасида эришган ютуқларини дунёга танитиш, бу соҳада янги имкониятларни излаб топиш ва тарғибот ишларини такомиллаштириш мақсадида Тошкентда ташкил этилган Марказий Осиё халқлари маданияти Ассамблеяси халқаро жамоатчилик ҳаракатининг раҳбарларидан бири сифатида фаолият юритган эди. Атоқли адиб хизматлари учун давлатимиз томонидан “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.