ОЧИҚ ДЕРАЗАЛАР
Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон, агар ҳаёт бўлганида, бу йил саксон ёшни қаршиларди.
Омон Матжон ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида шеърият майдонига кириб келди. Ўқувчилик йилларида илк шеъри “Янгибозор кўзгуси” газетасида босилган. Бу шеър “Балиқ ва чирик тўр” ҳақида эди. Омон Матжон замонавий ўзбек адабиёти хазинасини ўзининг гўзал лирик шеърлари, драматик достонлари, насрий сочмалари, шеърий қисса, тарихий драма, бадиалари билан бойитди. Шоирнинг ўттизга яқин шеърий тўплами чоп этилган. Кўплаб шеърлари дунё тилларига таржима қилинган.
Омон Матжон ўзбек мумтоз адабиётининг йирик мутафаккирлари Алишер Навоий ҳазратлари, Бобур, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, Махтумқули ижодий анъаналарини маҳорат билан давом эттирди, ўзбек адабиётига Хоразм миллий оҳангларини олиб кирди. Айниқса, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Паҳлавон Маҳмуд, Маҳмуд Ғазнавий, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Хоразмшоҳ, Дравор хоним, Хўжа Аҳрор Вали каби тарихий шахслар образини бадиий гавдалантиришда драматик достонлар, драмалар, бадиалар яратди.
Омон Матжоннинг илк шеърий тўплами “Очиқ деразалар” 1970 йили Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган. Бу мўъжазгина шеърий китобга жами 59та шеър жамланган. Китобга кирган “Очиқ деразалар”, “Юракка”, “Кўзларингни яширгил мендан”, “Шеърият”, “Беланчакда ётар коинот”, “Бошқалардек севишдик биз ҳам”, “Қўшни деразадан куй қуйилади”, “Эшигингдан ўтаман...” каби шеърларидаги жўшқин туйғулар муҳаббат, айрилиқ, қалб, шеърият, ижод, ошиқ, висол, бахт, чинакам соф севги ҳақидаги ўзига хос поэтик бадиий топилмалар китобхон руҳониятига кучли таъсир этади. Ичкин туйғуларнинг ўта нозик руҳий тасвири кишини ҳайратлантиради. Зеро, “Очиқ деразалар” шеъридаги қуйидаги мисраларга эътибор қаратсак:
Ўзга деразага боқмоқ суқ билан.
Омон Матжон илк шеърий тўпламига кирган шеърлари билан Муҳаббат куйчиси – ички ҳиссиётларнинг моҳир тасвирчиси сифатида танилди. Шоир ижодида муҳаббат мавзуси ёлқинланиб, маромига етиб, “Сени яхши кўраман” шеърий туркумида янада баланд чўққига чиқди. Шеър муҳибига айланган мухлис бу туйғуларни қачонлардир ҳис этган, бошидан ўтказган ҳиссий кечинмаларнинг образли бадиий ифодасини ўқиб ҳайратланган. Соҳир руҳий ҳолатни сўз заргари Омон Матжон ниҳоятда муносиб тарзда ифодалай олган. Беихтиёр бундан мутаассир бўлиб, шоирнинг сўз қўллаш маҳоратига қойил қоласиз. Жумладан:
Азизам, юлдузлар фалакда бахтли,
Сен сира ўзингни нурга солмайсан:
“Анавилар бор-да, ўшалар...” дейсан.
Гулим, “ўша”ларга ўчма-ўч очил,
Уларни қўявер, улар қолмаслар,
Чунки бизлар каби сева олмаслар!
Шоир маъшуқанинг “Анавилар бор-да, ўшалар...” деган ўзлаштирма гапини мисраларга сингдириб юборар экан, шеърда ўзига хос халқона оҳангни таъминлаган. Шоир шеърий туркумга жамлаган ўн иккита шеърида армонли муҳаббат, соғинч, айрилиқ, ҳижрон, ишқ тарихи, умрнинг асл моҳияти севиб яшаш эканини ниҳоятда ширали тилда куйлайди. Шунингдек, лирик қаҳрамоннинг севгилисига ҳамдардлиги ошиқ-маъшуқа ўртасидаги самимий муносабатларга ниҳоятда аниқ ва тиниқ бадиий чизгилар беради.
Масалан, Омон Матжон соғинч туйғусини образли тилда юракда қатланиб ётган рангин ипакка ўхшатади. Ошиқ қалбида кечаётган изтиробли “Соғинч” руҳий ҳолатини ёрнинг йўлига кўз тикиб турган миллион япроқли дарахтга менгзайди. Шу туркумга кирган “Умр ўтар, вақт ўтар” шеъри эса халқимиз қалбидан чуқур жой олди.
Шоир “Сен кетурсан, изингдан” шеърида қисқа ҳижоли мисралардан фойдаланиб, мисралар охирида “жим, жим”, “тим, тим”, “лим-лим”, “дим, дим”, “ким, ким” сўзларини қофиялаш орқали равонлик, соддалик ва мусиқийликни таъминлаган. Агар шеърнинг фақат қофиясини мезон сифатида олиб унга баҳо берсак, бу шеър деб аталган адабий жанрга ўта жўн ёндашув бўлади. Шу ўринда “Сен кетурсан, изингдан” шеърини парча келтирамиз:
Мазкур шеърда шоир муҳаббатнинг синовли, ниҳоятда оғир руҳий айрилиқ ҳолатини содда, аммо мазмунан теран мисраларда бадиий талқин этади. Шоир “айрилиқ” мотивини жонли тасвирлаш мақсадида “кўз қоралиги”, “қора кун”, “қора қисмат”, “кўз қароғи” образли ифодаларни ишлатади. Натижада шеърда кутилмаган сўз ўйини, оҳорли поэтик таъсирчанликка эришади.
Шоирнинг “Ўртамизда биргина олма” шеърида эса олма поэтик образи соғинч рамзи сифатида бадиий талқин этилади. Аслида, олма халқ оғзаки ижодида “муҳаббат” рамзи сифатида келади. Омон Матжон Хоразм халқ лапарларида кўп учрайдиган ушбу образнинг бадиий маъно уфқларини янада кенгайтириб, олма образини соғинч рамзи сифатида тақдим этади:
Омон Матжоннинг муҳаббат мавзусидаги барча шеърларида севгидан қалби озорланган лирик қаҳрамон образи ҳам, ошиқ ва маъшуқа тимсоллари ҳам ўта шарқона, миллий, ҳаёли, иболи, нозик пардага ўранган ҳолда туҳфа этилади. Буни сезмаслик, ҳис қилмаслик мумкин эмас.
Шоирнинг яна бир машҳур “Эшигингдан ўтаман...” шеърида ҳам чинакам муҳаббатнинг умрбоқийлиги, унутилмаслиги, йитмаслиги, одам умри ўтса ҳамки, илк муҳаббат юрак тубида барибир сақланиб қолиши таъсирчан ҳамда халқчил руҳда ёзилган. Охирги банд шундай:
Шунингдек, шоирнинг “Мен ишқимни айтолмасам ўзингга”, “Сендан хабар келтирса” шеърларида ҳам муҳаббат ишвалари ўзгача услубда бадиий талқин этилади. Масалан:
Мен ишқимни айтолмасам ўзингга,
Баланд тоққа бориб солай ҳаё-ҳу!
Пойинг узра дарё бўлиб тўлғонсин,
Чўққиларнинг бошидаги оқ уйқу.
Лирик қаҳрамон севганига севишини айтолмайди, шу боис у дил изҳорини булутларга, тоққа, қалдирғочга айтади, юрагида бор дарди аламини табиатга тўкади. Унинг севгиси шу қадар кучлики, Ошиқ муҳаббат азобида ўртанаётганини булутга айтганида, унинг дардининг зўридан чақмоқ чақади. Ошиқ муҳаббат изтиробини тоққа айтганида, чўққилар бошида қору музлар эриб, дарё бўлиб тўлғониб оқади. Ошиқ ўз дардини қалдирғочга сўйлаганида, қуш унинг севги изҳорини маъшуқага етказиш учун унинг уйи бўғотига ҳар йили уя қуради ва ҳоказо.
Омон Матжоннинг “Яратганга шукр, сен яна келдинг” шеърида ишқни “эски дардларни янгилатгувчи”, “узоқ йўлларни яқинлатувчи”, “хотирани поклантирувчи”, “Ишқи омонларни яшартирувчи”, “кўҳна дардларни янгилатувчи” катта куч сифатида таърифлайди. Масалан:
Яратганга шукр, сен яна келдинг.
Ҳамма қонунларнинг ўзгарди кучи.
Сенга мен узундан-узун от қўйдим:
“Эй, кўҳна дардларни янгилатувчи!”.
Омон Матжон адабиётимизда жуда кўҳна, аммо ҳеч қачон эскирмайдиган, янгиланаверадиган Муҳаббат мотивининг теран қатламларини, қабатларини бадиий кашф этишда бетакрор Шоир даражасига кўтарила олди.
Дунё ва ўзбек адабиётида минг йиллардан бери куйланиб келаётган муҳаббат мавзуси Омон Матжон қаламида ранго-ранг, бетакрор, умуминсоний моҳият касб этди.
ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти етакчи илмий ходими