ЎЗБЕК ТЕАТРИ: КЕЧА ВА БУГУН
ХХ аср аввалида, ёзма драматургия шаклланаётган бир даврда адабиёт ва санъат соҳасида ҳам ўзгаришлар бўй кўрсата бошлади. Сиёсий ҳаракат тарзида юзага келган, жамиятни илм-маърифатга чорлашни мақсад қилган жадид драматургияси жадид театри яратилишига туртки берди. Қўлидан саҳнага мос асар ёзиш келадиган илк муҳаррирлар майдонга келганидан сўнг, адабий турнинг драма жанри ҳақида гапириш имкони туғилди.
Бу жиддий ҳаракат эди. Драматургияга ҳаваскорларгина эмас, балки ўз замонининг илғор фикрли, билимдон ва истеъдодли зиёлилари бўлмиш Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Ғози Юнус, Ҳожи Муъин Шукрулла, Абдулла Авлоний, Абдулла Бадрий, Ғулом Зафарий, Абдулла Қодирий, Маннон Уйғур каби ижодкорлар кириб келди. Улар ўзларининг саҳна асарларида маърифатпарварлик ғояларини куйладилар. Аксар ҳолда бу зиёлилар ўзбек миллатига, ҳаётига хос ва мос мавзу, муаммоларни драматургия қонун-қоидалари асосида ёритиб, томошабинлар эътиборига ҳавола этдилар. Уларнинг пьесалари қайси жанрда, қайси мавзуда ёзилган бўлишидан қатъи назар, бир ғоявий мақсадга хизмат қилган. У ҳам бўлса маърифатпарварлик, кишилар онгидаги сарқитларни, саводсизликни йўқотиш, миллий тараққиётга интилиш ғояси эди. Зеро, уларнинг асарларида дидактика руҳи ёҳуд томошабопликка мойиллик кучли бўлишига қарамай, жиддий мавзуларга мурожаат ҳам яққол намоён бўлди.
Ёзма драматургиянинг шаклланиш даврида барча мавжуд драматургик жанрларда изланишлар олиб борилган. Йигирма йилга яқин давр ичида жадидлар драма, фожиа, мусиқали драма, болалар репертуари, комедиялар яратишди ва саҳналаштирди. Ўша даврда қалам тебрата бошлаган ижодкорлар замонга ёҳуд ўтмиш воқеаларига мурожаат қиларкан, томошабинни янги театр санъатига ўргатиш мақсадида долзарб ҳамда даврга ҳамоҳанг мавзуларни акс эттирдилар. Бу нафақат талаб, балки эҳтиёж ҳам эди. Демак, европа шаклидаги илк янги ўзбек театри репертуаридан нафақат кулгига мойил таржима асарлар, шунингдек, оригинал, халқ турмушидан олиб ёзилган саҳна асарлари ҳам аста-секин ўрин ола бошлади.
Бу эса Туркистонда ҳали профессионал ва ярим профессионал, ҳаваскор рус, татар, озарбайжон ва арман труппалари томоша кўрсатаётган бир шароитда амалга оширилди. Туркистон ўлкасида ижодий сафарда бўлган, ҳаётий зарурат туфайли ёҳуд бошқа сабабларга кўра томошалар кўрсатган ҳаваскор ҳамда профессионал театр труппалари янги шаклдаги ўзбек театридан бир бош баланд эди. Сабаби, аввало, улар аллақачон европа шаклидаги театр билан таниш, ёзма драматургияга ва профессионал актёр, режиссёр кадрларга эга эди. Туркистон ўлкасида эса ХХ аср бошида энди-энди европа шаклидаги театрга қизиқиш, театрни ўзига касб қила олишга тайёр зиёли ёшлар чиқа бошлаган эди. Рус, айниқса, озарбайжон ва татар театр намояндалари бу ҳаракатда ўзбек театрига ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак берди.
Ўзбек театрининг ўн йиллиги муносабати билан мулоҳаза шаклида ёзилган бир мақолада шундай дейилади: “Ўзгаришнинг бошларида театру адабиёти уч турли одим билан кетмишдир. Биринчиси – чет миллат халқи турмушидан олиниб ёзилган кўп катта ва ерли халқ учун ҳазми жуда оғир нарсалар берса, иккинчиси – ҳеч бир маъноси бўлмаган мазасиз нарсалар билан саҳнани тўлдириб ташлаб, халқ учун ўтмас-ўтмас бўлиб қолган эдилар. Учинчи одим эса, ерли халқнинг ўз ичидан олиниб, моҳир қалам билан енгилгина ёзилган асарлар бермиш эдики, бу одимни “Беҳбудий оқими” деб айтишга тўғри келади...Унинг кўргазган режаси бўйинча, бир қанча драмма ҳам комедиялар ўртага чиқди”. Бу ерда гап репертуардаги уч тоифа асарлар ҳақида: ўзбек томошабини ҳаётидан узоқ, тушунилиши қийин бўлган асарлар; енгил-елпи нарсалар; халқ ҳаётини ёритувчи драма ва комедиялар. Танқидчи “Беҳбудий оқими” деб атаган ҳолда, учинчи тоифа асарларни миллий театр репертуарида етакчи бўлишини истайди.
Томошабин ўз турмушимиздан олиб ёзилган, ҳаққоний ҳаёт акс эттирилган саҳна фожиалари, драмаларига интилган. Беҳбудийнинг “Падаркуш”, Ҳожи Муъин Шукрулла ва Нусратулла Қудратулланинг “Тўй” драмалари шуҳрати бунга мисол бўла олади. “Халқ театруга юрмайди, деган гап тўғри эмас, халқ юрадир. Локин театр – томоша исмида бўлатурғон қурчоқ ўюнларга, ўз руҳига ёт бўлғон, унга англашилмайтурғон таржималик “ғарби” асарларга юрмаса ҳақи бордир. Йўқ эса ўзини қизиқтурғон заминларда ёзилғон ва яхши ўйналатурғон томошаларга халқ юрадир”, деб ёзган эди Чўлпон.
1917 йилги қизил инқилоб муносабати билан санъат турларининг соф санъат қонуниятлари асосида эмас, балки сиёсий чақириқлар таъсирида фаолият олиб борган даврида ҳам европа русумидаги ўзбек театри шаклланди, оёққа турди, ривожланди. Янги аср бошида янгиликка илҳақ жадидлар маориф, илм-маърифат тарқатишда пешқадам бўлдилар.
Янги шаклдаги театрни яратишга киришган жадидларда анъанавий театр томошаларига нисбатан икки хил қараш мавжуд эди. Айрим жадидлар халқ майдон театрини бутунлай инкор этишди. Гўё масхарабоз ва қизиқчилар санъати улар кўтариб чиққан ғояларга зид ва тамомила қарама-қаршидай талқин этилди. Бошқа жадидлар эса, аксинча, европа театри неъматлари ҳозирча ўзбек томошабинига тушунарсиз эканлигини таъкидлашди. Бу қараш “Туркистон” газетасининг 1922 йил 22 сентябрь сонида эълон қилинган “Ўзбек театруси” номли мақолада ифодасини топган эди. Мақолада шундай ёзилади: “Бизнингча, бунинг сабаби ёлғиз санъаткорликдир. Халқимиз ҳозирда ингичка санъатлар истамайдир. Театрларға келганда ҳам фақат тамошо, кўнгул очиш учун келадир. Унга ўн беш минутлик бир ўйин учун бир-икки соат декоратсия қуруш билан овора бўлмоқ ҳеч ёқмас. Бу ҳол табиийдир. Санойиъ нафиса, ўйин-кулги ва диққатни ўзига жалб қилгувчи ҳолатлар билан халқнинг ҳиссига таъсирли ижро қилиб, унинг руҳини тарбиялайдирган кучлик бир омилдир. Ҳозирғи театрумиз халқнинг диққатини ўзига жалб қилолмоғонидан, унинг руҳи тилагига жавоб бера олмайдир. Бас, ўзбек халқ театрусини бор, деб бўлмас. Йўқдур”. Ёхуд шу мақолада: “Бизнинг турмуш ва руҳимиз нуқтаий назаридан бирор қийматга эга бўлмаган Шекспир ва Фитрат, Гоголь ва Камолларни ҳозирғи театрумиз доирасидан чиқариб турмоқ, тўғруси, бизга унларнинг доирасидан чиқиб турмоқ керакки, биз унларни онглаёлмасмиз ва унлар бизга бирор таъсир ижро қила олмаслар”, деган фикрларни ўқиймиз. Янги шаклдаги театрни тузишга бел боғлаган ижодкорлар жадидларнинг мана шундай бир-бирига зид қарашларига ўхшамаган тамомила бошқа йўлни танладилар. Улар европа театри тажрибасини ўрганиш билан бирга, анъанавий театр эришган ютуқларни ҳам унутмадилар, халқнинг эстетик диди, эҳтиёжларини ҳисобга олиш йўлидан бордилар.
ХХ аср европа русумидаги ўзбек театр санъати шаклланиш жараёнида бир қанча муаммоларга тўқнаш келди, дедик. Аввало, бу санъат тури реакцион диний уламолар қаршилигига дуч келди, иккиламчи энди-энди тетапоя қилаётган театр санъати қандай йўлни танлайди, азалий анъаналарга содиқ қоладими ёхуд четдан кириб келган, ёзма адабиётга асосланган, кўпроқ шартли, томошабоп хусусиятларга эга анъанавий театрдан фарқли ўлароқ, реал ҳаёт ҳақиқати намоён бўлган театр анъаналарини тарғиб этадими... Агар ХХ аср ўзбек театри ривожланиш тамойиллари ҳақида гапирадиган бўлсак, ундан советлар мафкурасининг асосий ғоявий қуроли сифатида фойдаланилганини кўрамиз.
ХХI аср – илм-маърифат ва рақамли иқтисодиёт бирламчи бўлган технологиялар даврида ўзбек театр санъатининг ўзига хос ривожланиш йўллари ҳақида сўзлаш айни муддао. Сабаби, бу ривожланиш жараёнлари ХХ аср аввалида миллий театрнинг ўз йўлини топиш давридаги уринишларга жуда-жуда ўхшаб кетади. Ўтган аср бошида истиқлол шамолини кутиб яшаган жадидларнинг ушалмаган орзулари рўёбини топди. Ўзбекистон бошқа ҳамдўстлик республикалари қатори миллий мустақилликни қўлга киритди. Бугунги кунда давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан театр санъатига, санъаткорларга берилаётган эътибор чексиз. Зеро, ҳатто ривожланган давлатларда ҳам қирқдан зиёд театр давлат тасарруфида бўлиб, улар турли жанрий ва специфик хусусиятга эга бўлишига, жойлашиш манзилларига қарамай, ҳаммасига бирдай муносабат билдирилмайди. Бу ҳолат ҳам ижодий салоҳиятнинг ўсишига кўмак беради, албатта. Энг асосийси, бу даврда театрлар бир мақомда маълум анъаналарни давом эттириб қолмай, унутилаёзган саҳна анъаналарини ҳам тиклашга киришди. Шунингдек, маънавий меросимиз кўзгуси бўлган театр санъатини соф санъат тараққиёти нуқтаи назаридан ўрганиш, таҳлил этиш имкони туғилди. “Замонавий театр ҳаётининг сурати ранг-баранг, – деб ёзади Э.Мухторов. – Театр ўзида мавжуд бўлган воситалар ёрдамида Ўзбекистон маданиятининг ноёблиги, ўзига хослигини сақлагани ҳолда, ўз қобиғида ўралашиб қолмасдан, саховат билан дунёга маънавий қадриятларимизни тақдим этди ва инсониятнинг энг яхши ютуқларини идрок эта олди”. Яъни Ўзбекистон санъати ўз миллий хусусиятларини унутмаган, аксинча, уларни қўллаган ҳолда, жаҳон бадиий маданиятига юзланди.
Муҳими, бу даврда ижодкор эркин ижод қилиш, мавзу танлаш ва истаган мавзусини ёритиш имкониятига эга бўлди. Санъат, адабиёт намуналари аввалгидан фарқли ўлароқ давлат назоратидан чиқди. Бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида давлат театр, умуман, санъат аҳлини бир оз бўлса-да маблағ билан таъминлашни ўз бўйнига олди. Бироқ бозор иқтисодиётида театрлар асосан ўз маҳсулоти бўлмиш спектаклни рақобатбардош этиб саҳналаштириши ва шу йўл билан ўз-ўзини таъминлаши лозим бўлди.
Мустақиллик йилларида театрларимизда унут бўлаёзган, нотўғри талқин этилган тарихимиз, йўқолиб бораётган урф-одатларимиз, қадриятларимиз, анъаналаримиз ҳақида ҳикоя қиладиган саҳна асарлари кўплаб қўйилди, ижро ва талқинларда эса азалий халқ томоша санъати тизимлари билан ҳамоҳанг жаҳон театр санъатида кузатилаётган услублар, ифода воситалари қўллана бошлади. Халқимиз тарихидан ҳикоя қилувчи ва буюк алломалар, давлат арбоблари Имом Бухорий, Термизий, Амир Темур, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хоразмий, Беруний, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Алишер Навоий, Бобур, Мирзо Улуғбек, Бобораҳим Машраб каби сиймоларнинг ҳаёти ва фаолияти ёритилган драматик асарлар дунёга келди ва саҳналарда қўйилди. Бу даврда яқин тарихимиз намояндалари Беҳбудий, Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий, Усмон Носир ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна асарлари ҳам яратилди, улар ҳақидаги ҳақиқат айтилди.
Тарихга бу қадар қизиқишнинг сабаби шундаки, халқимиз ўз тарихидан буткул бехабар бўлиб, воқеалар мафкура қатларига ўраб тақдим этилганди, истиқлол шароитида эса мана шу парда олиб ташланди. Тарихий асарлар асосида яратилган спектаклларга катта маблағлар ажратилди ва давлат томонидан алоҳида эътибор берилди. Бу ҳам мазкур жанр тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатди. Энг муҳими, тарихий спектакллар маҳобатли ечими, шартли-мажозий услуби, актёрлик санъатидаги йирик ютуқлари билан ажралиб турди. “Демакки, – деб ёзади Ш.Ризаев, – санъат тарихга, ўтмишга бир қур эътибор қаратса, бошқа бутун диққатини бугунги кунда, воқе ҳолатда жамламоғи шарт. Акс ҳолда санъатнинг қадри-қиммати тушиб кетади. Афсуски, маълум вақт шундай бўлди ҳам. Театрларимиз тарихга зўр берган пайтда, томошабин бу “неъмат”дан баҳра олиб бўлгач, ўз аҳвол-руҳияси, бугуни, тўю ташвишларини саҳна ва экранларда кўргиси келди, шунга интилди. Унинг бу истак-интилишига лаббай дейдиган “учар”лар ҳам топила қолди. Бу эҳтиёжни аҳли нафоис идрок этиб, бирон нима яратгунига қадар бўлган фурсатда “учар” олғирлар фикрни эрмакка, кўнгилхушликка томон буриб, жуда кўп нарсаларга эришиб улгурди”. Мустақилликнинг илк даври театр репертуарида тарихий мавзу ва комедия етакчи ўринга чиқиб олди. Бу икки жанрнинг биринчи планга чиқишига асосий сабаблардан бири халқимизнинг миллий ўзлиги, қадриятлари, удум ва урф-одатлари яна ўзига қайтариб берилганида, деб ўйлаймиз. Бироқ, афсуслар бўлсинким, театрлар репертуарида, айниқса, томошабинга кўрсатиш борасида “кассабоп” асарларнинг тоши босиб кетганини ҳисобга олмасликнинг иложи йўқ.
Назаримизда, тарихимиз, урф-одатларимиз, қадриятларимиз, миллий анъаналаримиз, удумларимизни тиклаш йўлида анча ишлар қилдик. Ўзбек театри бозор иқтисодиёти шароитида томошабинга қандай спектакллар кераклигини, ҳам маънавий озуқа бера оладиган, ҳам маблағ келтирадиган рақобатбардош саҳна асарлари қўйиши лозимлигини англаб етди. Эндиги вазифа нафақат ибратомуз тарихимиз ҳақида, балки истиқлол шамолидан баҳра олиб умргузаронлик қилаётган инсонлар, жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, инсоний муносабатлар, содир бўлаётган ижобий воқеалар, баъзи ечимини кутаётган муаммолар ҳақида бадиий идрок этилган замонавий мавзудаги саҳна асарларини яратишдир. Бугун драматург ва саҳна ижодкорларидан ана шу нарса талаб этилади. Зеро, замонавий ҳаёт манзаралари, сиз билан бизни ўраб турган воқеликнинг нафақат комедияларда бадиийлашган қиёфаси, балки драма жанрида ҳам ўз ифодасини топиши лозим. Қувонарлиси, бугунги кунда мазкур жанрда ҳам ижобий изланишлар кўзга ташланмоқда.
Зотан, бугунги кунда тез суръатлар билан тараққиёт сари интилаётган мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида кузатилаётган жараёнларда маънавиятни соф сақлаш ва асрашда театр санъатининг ўрни беқиёс.