September 29, 2023

МАДАНИЙ ИСЛОҲОТЛАР САМАРАСИ

Мамлакатимизда устозларга, ўқитувчи ва мураббийларга ҳурмат кўрсатиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида кейинги йилларда талайгина ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг “Муаллимнинг обрў-эътибори – бу, аввало, миллатнинг, бутун халқнинг обрў-­эътиборидир”, деган сўзлари бунинг тасдиғидир.

Юртимиз бўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар бизнинг Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ҳам ўз аксини топмоқда.

Бу даргоҳда халқимизга кенг танилган санъаткорлар етишиб чиққан, десак муболаға бўлмайди. Боиси, халқимиз азалдан маданияти юксак, санъатсевар. Энди-энди тетапоя қилаётган санъат намояндаларидан тортиб, эътиборга тушган ҳофизу қўшиқчиларгача халқнинг ардоғида. Институтимизда эса, нафақат созанда-ю хонандалар сабоқ олишади, балки кино, театр, мусиқа санъати сирлари ҳам ўргатилади. Шунингдек, фольклор ва этнография, маданият муассасалари бошқаруви, кейинги йиллардан бошлаб кутубхона-ахборот фаолияти каби соҳаларда бакалавр, магистр ва докторантура босқичларида мутахассислар тайёрланмоқда.

Таълим даргоҳимизнинг бугунги кунгача эришган салмоқ­ли ютуқларида институтда фаолият юритган устозларнинг муҳим ҳиссаси бор. Давлат ва сиёсат арбоби, тарих фанлари номзоди, профессор Азиз Тўраев, ўзбек маданияти намояндаси, давлат арбоби, педагогика фанлари номзоди, профессор Бахтиёр Сайфуллаев, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Йўлдошев каби устоз­ларнинг хизматларини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Шунингдек, Ўзбекистон дав­лат санъат ва маданият инс­титутининг Нукус ва Фарғона минтақавий филиалларида ҳам жонкуяр устозлар талабаларга ижодий тажрибаларини улашиб, уларга санъат сирларидан сабоқ бериб келишмоқда. Санъат ва маданият соҳасида малакали кадрлар, чинакам ижодкорлар етишиб чиқишида ушбу таълим даргоҳларида дарс бераётган азиз устозларнинг фаолияти барчага ибратдир.

Институтимиз ҳар доим қайноқ ижодий муҳит ичида бўлиб, санъатнинг кўплаб турлари бўйича талабаларимиз ўз иқтидорини чархлаб боришади. Уларнинг дунёқараши кенгайиб, тафаккури юксалишида эса, албатта, бадиий сўз санъатининг – адабиётнинг аҳамияти катта. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонига ташрифи чоғида хиёбонда ёдгорлик ҳайкаллари ўрнатилган 24 нафар адибнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида кўрсатмалар берилди. Шундан сўнг Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига Халқ шоири Муҳаммад Юсуф ижоди билан боғлиқ тадбирлар ўтказиш белгиланди. Ўтган вақт мобайнида Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодига бағиш­ланган саҳна асарлари яратилди, ҳужжатли фильмлар суратга олинди, илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди.

Бугун санъат ва маданият соҳасига эътибор ҳар қачонгидан-да кучайиб бормоқда. Соҳада мунтазам амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини ижодкор ёшларнинг халқаро майдонда эришаётган ютуқлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Ёшларнинг ўз истеъдодларини шакллантириши ва намоён этишида устоз зиёлиларнинг, санъат педагогларининг ўрни беқиёс экани шубҳасиз. Ҳақиқатан, ўзининг ҳаёти ва сермаҳсул ижоди билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган устоз ижодкорлардан қанча ибрат олинса ҳам кам. Уларнинг меҳнатини қадрлаш, фаолиятини муносиб эътироф этиш эса соҳанинг мунтазам ривожланиб боришида ўта муҳимдир.

Мана шундай муҳим тадбирлардан бири 2023 йил 27 июль куни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий аттес­тация комиссияси томонидан маданият ва санъат соҳаси ривожига улкан ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ устозлар илмий унвонлар билан тақдирланишди. Ўзбекистон Респуб­ликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги 536-сон қарорида кўзда тутилган вазифаларнинг ижроси сифатида тақдим этилаётган илмий унвонлар соҳада тизимли ислоҳотларнинг давом этаётганини англатади.

Профессор илмий унвони билан тақдирланганлар қаторида санъат соҳасининг ривожига ўзининг ижоди ва илмий салоҳияти билан йиллар давомида ҳисса қўшиб, ёшларга таълим бериб, ижодий йўл-йўриқ кўрсатиб, санъати ва фаолияти билан ибрат кўрсатиб келаётган устозларни кўришимиз мумкин. Озодбек Назарбеков, Фаррух Зокиров, Абдуҳошим Исмоилов, Гавҳар Зокирова, Усмон Азимов, Сойибжон Ниёзов, Омонилла Ризаев, Оролмирзо Сафаровнинг хизматларидан барча ижод ихлосмандлари бирдай мамнун.

Таъкидлаш жоиз, бугун мамлакатимизда маданий соҳадаги қизғин ислоҳотлар жамиятдаги ҳар бир инсонни, санъат ва маданият соҳасининг ҳар бир вакилини тўлқинлантириши шубҳасиз. Дарҳақиқат, маданият ва санъат жамиятда кишиларнинг илғор фикрли бўлиши, яратувчанликка интилиши, яхшилик ва эзгуликка эш бўлишига таъсир этувчи асосий кучдир. Маданий ислоҳотларнинг амалга ошишида соҳага қалб қўрини бағишлаган устозларнинг ҳиссаси ҳам катта эканини эътироф этиш жоиз. Бу инсонлар биз учун ҳамиша қадрлидир.

Профессор ва доцент илмий унвонлари билан тақдирланган ижодкорлар орасида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ўқитувчилари нуфузи ҳам салмоқли экани барчамизни қувонтиради. Уларнинг меҳнати, салоҳияти, ижоди таҳсинга лойиқ. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият инс­титутида маданият ва санъат соҳаси бўйича етук кадрлар, маҳоратли ижодкорларни тайёрлашда, таълим жараёнида фан ва санъат, ижодий фаолият ва амалий технологиялар уйғунлигини таъминлашда бу устоз­ларнинг хизматлари беқиёс. Улардан дарс олган иқтидорли ёшлар халқаро фестиваль ва форумларда, нуфузли танловларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Маданият ва санъатга, адабиётга эътибор Янги Ўзбекистоннинг эзгу ғояси – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш мақсадига хизмат қилади. Шундай экан, соҳа вакиллари бунёдкор халқимизнинг эзгу орзу-умидларини юксак пардаларда тараннум қилшида давом этаверадилар. Бу эзгу мақсадга ўз ҳиссамизни қўшиш бизга ғурур, фахру ифтихор бағишлайди.

Элдор ШЕРМАНОВ,

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори

вазифасини бажарувчи