Умберто Эко
Эко фамилияси Ех Caelis Oblatus сўзининг бош ҳарфларидан олинган бўлиб, “само инъом этган” маъносини беради. Бу исм, италияликлар анъанасига кўра, Умберто Эконинг бобосига – гўдаклигида ташлаб кетилган болага берилган эди. Умберто Эконинг отаси Жулио оиладаги ўн уч боланинг бири бўлган.
Умберто Эко Туриндан узоқ бўлмаган Пьемонте шаҳарчасида ҳисобчи оиласида дунёга келган. Отаси ўғлининг ҳуқуқшунос бўлишини орзу қилади, аммо Умберто Турин университетида ўрта асрлар фалсафасини ўрганишга қарор қилади. Бу ердаги таълим-тарбия Умбертонинг динга муносабатини ўзгартириб юборади ва у атеист сифатида Католик черковини тарк этади. Умберто олмониялик санъат муаллимаси Ренате Рамгега уйланади, улар бир ўғил, бир қиз фарзанд кўришади.
Умберто Эко телевидениеда “Эспрессо” газетасининг шарҳловчиси сифатида ишлаган, шунингдек, Милан, Флоренция ва Турин университетларида маданият назарияси фанидан маърузалар ўқиган. Ўзи эса, Болон университетининг профессори, кўплаб хорижий университетларнинг фахрий доктори, французларнинг Фахрий легион Ордени соҳиби бўлган.
Унинг биринчи романи “Атиргул исми” дунё бўйлаб 10 миллион нусхада чоп этилган. Кейинчалик бу асар асосида фильм ишланиб, ундаги бош ролни машҳур киноактёр Шон Коннери ижро этган. Шунингдек, “Фуко капгири” ва “Баудолино” романлари ҳам жаҳон адабиёти бестселлерига айланди.
“Биз ўзимиз учун фақат биргина нарсани ёзамиз: ёддан кўтарилмаслиги учун харид қилинадиган нарсалар рўйхатини, дўкондан қайтишда бошқа керак бўлмагани учун уни йиртиб, ташлаб юборамиз. Қолган барча матнлар кимгадир ниманидир уқтириш ниятида ёзилади”, деган эди Эко.
Умберто Эко ўзининг ижод жараёни ҳақида шундай ёзган эди: “Бир китобни ёзиш учун менга кўп йиллар керак. Ҳар йили биттадан роман чиқарадиган ёзувчиларни тушунмайман (уларнинг айримлари, шубҳасиз, буюк кишилар, улар билан фахрланаман, аммо уларга ҳавас қилмайман). Роман ёзишнинг жозибаси натижада эмас, балки ижод жараёнидадир.
Мен китобим якунига етгани сари асабийлашаман, яъни ички мантиқимга асосан ҳозир воқеалар ниҳояланади, мен ёзишни тўхтатаман ва ҳаммаси тамом бўладигандек туюлаверади. Мен учун асар ёзиш олти, етти, саккиз йил давомида (бир умр бўлса ҳам майли) ўзим аста-секинлик билан яратган, ўзимники бўлган оламда яшашдир”.
Умберто Эко ўрта асрлар ва замонавий эстетикани, умумий маданиятини ўрганди ва тадқиқ этди, ўзининг семиотика назариясини Ўқувчи ва муаллиф ўртасидаги муносабат, бунда “ўқувчининг роли” муаммоси мавзусига асос солди. Яъни талқин масаласи унинг тадқиқотлари марказида турди.