June 22, 2023

ОЗОДЛИК ҚУШИ

Арон ТАМАШИ, можор адиби

Хунгарларнинг секей қавми яшайдиган кичкина бир шаҳарча. Қиш­лоғимиздан унчалик узоқ бўлмаган бу манзилдаги гимназияга саккиз йил ўқишга қатнадим. Аниқ ҳисоб-китобга кўра, оралиқдаги масофа ўн икки километр эди. Тўғрисини айтганда, айниқса, рождество ва пасха байрамлари кунлари бу йўл менга жуда олис туюлиб кетар эди. Одатда бу кунлари бизга таътил берилар, мен эса гимназия­дан уйимизга пиёда бориб келишдан бош­қа иложим йўқ эди. Рождествода бўрилар изғийдиган қалин қорларга ботиб, пасхада эса, балчиғу лой кечиб, йўл азобини тортардим.

Ёзда бериладиган катта таътилларда эса, уйдагилар келиб аравада олиб кетишарди.

Тез орада барча сайру саёҳатларим, беғам ва беташвиш кунларимни унутишимга тўғри келди, чунки уйимизда қалашиб ётган рўзғор ишлари мени сабрсизлик билан кутар эди. Шундай ишлардимки, гўё қиш бўйи умуман билим олмасдан, фақат хўжалик ишларини бажаришгагина тайёрланганман, холос.

Ишдан бўйин товламасдим, аммо қачонлардир бу ақлли бош елиб-югуриб, қора меҳнат қилаётган оёқ-қўллардан кўра устун бўлишига ишонардим. Энди тўртинчи синф­га ўтаман деб турганимда тўсатдан барча умидларим биратўла пучга чиқди. Ахир, ёзда биринчи катта уруш бошланиб қолди, натижада елкамга шунчалар кўп иш юкландики, уни тасаввур қилиш амри маҳол. Дам олмасдан, тинимсиз меҳнат қилар эдим. Чунки ўттиз икки ёшгача бўлган барча эркакларни урушга олиб кетишди, фақат бизга ўхшаган болалар ва қари-қартангларгина уйда қолди.

Шундай қилиб, ўн беш ёшимда қўлимга ўроқ олиб, белларим толиб ўт ўришга тушдим. Тез орада эпчилгина ўроқчи бўлиб қолдим. Менинг оёқ-қўлим чаққонлигини кўриб билган қишлоқдошлар ёз ўртасида турнақатор бўлиб эшигимизга тизилиб келишар, қариндошларимиз Худонинг зорини қилиб, мендан ўт ўришда ёрдам сўрашар, бегоналар эса, анча-мунча пул билан кўндирмоқчи бўлиб, ҳоли-жонимга қўйишмас эди. Мен уларнинг ўтинчларини индамай тинг­лар, аммо “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб беришга шошилмас эдим – улар кўпроқ кутгани маъқул, ўшанда менинг қадрим янада ошади.

– Ўғлим, балки ўроққа ёрдамлашарсан-а? – дер эди онам сукут сақлашимга чидаб туролмасдан.

– Вақтим йўқ, умуман қўлим тегмайди! – дердим хуноб бўлиб.

Аммо кўпни кўрган қария Лёринц Хаднад бобонинг юзидан таралган нур ҳамманинг кўнг­лини ёритиб юборарди. Унинг ҳикоялари эса менинг тасаввурларимни бойитиб, хаёлимни осмону фалакка олиб чиқарди. У нима ҳақида гапирмасин, бўлган воқеани шунчаки айтиб бермас, таъсирчан сўзларидан очилган гуллар яшнаб, хушбўй ифор таратар, гурунгларидан ёнган гулхан олов тиллари билан жонингни иситар эди.

У ўтган-кетган воқеаларни жонлантириб, чинакам ҳаётга айлантирар эди. Бобонинг сўзларидаги сеҳр мени мафтун этганди. Шунинг учун у билан бирга ўт ўришга икки оёғимни қўлимга олиб югурардим. Бобо билан бирга кечган кунларни худди шеър маржонларини хотирам ипига тартиб билан тизгандек ёдлаб олганман. Айниқса, бир кун алоҳида ажралиб туради.

Кун тушга яқинлашиб қолганди. Эрта тонгданоқ ўт ўришга тушгандик. Ўтлоқни шудринг босган. Атрофда турфа товушлар эшитилади – ҳамма кулар эди. Қушларнинг чуғур-чуғури, чалғининг “шир-шир” ўт ўраётгани... Кун кўтарилиб, шудринг қуриганда эса, пириллаб учаётган капалаклар орасида ўт ўрдик. Бобонинг ўрнига аҳён-аҳёнда қандайдир қари калхат қичқириб қолар, менинг ўрнимга эса икки дарахт ўртасида кўприк солаётган қизил­иштоннинг сайроғи янграрди.

Айни туш палласи Лёринц бобо осмондаги қуёшга қараб бош чайқади:

– Кунга қара, осмоннинг тос тепасини ёндиради-я!

У нигоҳлари билан шохлари кенг қулоч ёйган бир эман дарахтини кўзлади, биз тушлик қилиш учун унинг сояси томон юрдик. Тугунимизни очиб, овқатланаётганимизда фақат калхатлар ва майда-чуйда қушлар бир-бири билан ўзаро гурунглашиб туришди. Қорни тўйгач, Лёринц бобо ҳам тилга кириб, гап қўшди:

– Хўш, мактабни битирганингдан сўнг нима қилмоқчисан? – деб сўради у.

– Эҳ-ҳей, ўқишим қачон тугайди-ю, мактабни қачон битираман?.. – деб жавоб бердим.

– Қачон-қачон деявермай, ўқиш учун пул тўлагандан кейин, олдиндан ким бўлишни ният қилиб қўйиш зарур, – деб бобо ўз гапидан қайтмасдан кўзларимга синовчан тикилди.

Сершох эманнинг салқин соясида бошимни қашиб, анча ўйланиб қолдим, миямга бирон жўяли фикр келавермагач, охири савол бердим:

– Сиз нима деб ўйлайсиз, Лёринц бобо, ким бўлсам экан?

– Ботир ва тўғри одам бўлишинг керак! – деди бобо.

Унинг гапи тасаввуримда умумий тушунча ҳосил қилган бўлса ҳам, ботир ва тўғри одам бўлиш менга ёқди. Аммо осмондаги булутларни кўзинг билан ушлаб қолишга қанчалик уринма, улар тутқич бермай сузиб кетаверади. Мен қариянинг сўзларига шу­урим билан қанчалар ёпишмайин, улар маъносини англатмас, тўхтамасдан булутлардек қочаверар – кун нурига аралашиб, осмонларга сингиб кетаверарди.

– Хўп, бобо, қандай одам ботир бўлади?

– Ёмон кунда ҳам, яхши кунда ҳам одамгарчиликни йўқотмаган киши ботир бўлади.

– Тўғри одам-чи, қандай бўлади?

– Бутун ҳаёти давомида умрининг сўнгги соатида яшагандек яшаган одам!

Бундай ҳикматли сўзларни эшитиб, ушбу икки хислатнинг адолатли эканини ақлим билан англадим, чиройли эканини юрагим билан ҳис этдим.

Кимларни ботир ва тўғри одам деб ҳисоблаш мумкинлигини ёдимга муҳрлаб олдим-да, яна савол бердим:

– Айтинг-чи, қандай касбни танлаганим маъқул?

– Нима десам экан, – деди Лёринц бобо мийиғида кулиб. – Ёшларга маслаҳат бериш – нозик масала, очиғини айтганда, пул топиш учун қандайдир бир ишнинг бошини тутиш зарур, бу борада сенга муҳим гапларни тайинлаб қўйишни истайман. Руҳоний бўлишингни маслаҳат бермайман, гарчи кўпчилик улар бошқа бандалардан кўра аниқ жаннатга тушади, деб ўйласа ҳам. Гарчи бизнинг дардимизга малҳам қўйса ҳам, шифокор бўлишингни истамайман. Гарчи адолатни ҳал қилса ҳам, қози бўлишингга рози эмасман. Бир сўз билан айтганда, бир пайтнинг ўзида ҳам руҳоний, ҳам шифокор, ҳам қози бўла оладиган одам бўл! Шоир бўл!

Бобо бу сўзларни айтаётганида тўлқинланганимдан ўрнимдан сакраб туриб кетдим. Шундай ҳаяжонландим, шундай ўт-олов бўлиб ёндим, илгари кимдир оддий қишлоқ боласига шоир бўлишни маслаҳат берганини умуман эшитмаган эдим-да.

– Қандай шоир бўлиш керак? – деб сўрадим.

– Шандор Петёфидай!

У шоирнинг номини шундай оҳангда айт­дики, гўё ҳақиқатан ҳам Шандор Петёфини жуда яхши биладигандек эди. Гўё уни кўрган, у билан гаплашгандек, иккалови ҳозир мен билан ёнма-ён туриб, шудринг ҳўл қилган хушбуй пичан ўргандан ҳам кўра кўпроқ пичан ўргандек эди. Кўзларимни катта-катта очиб, сўрадим:

– Сиз у билан таниш эдингизми, наҳотки?

– Ҳа, таниш эдим!

Мен унга бир неча сония ҳангу манг бўлиб термулиб қолдим. Қишлоғимиздагиларнинг ҳаммасини яхши билар эдим, лекин Лёринц Хаднад бобонинг Шандор Петёфи билан таниш эканини эшитмаган эканман. Ниҳоятда ҳайрон бўлдим.

– Сиз уни кўрганмисиз?

Бобо нигоҳларини кенгликларга қадаб, худди олис-олисларда яшаётган одамдек чуқур уф тортди. У манзил шу қадар олис эдики, у ерда воқелик билан хаёлот бир-бири билан яхлит бўлиб, қўшилиб кетгандек эди. Сўнгра у ўрилган пичан уюми ёнида икки қўлини боши остига қўйганча, осмонга қараб ётиб олди. Кўзлари билан эман дарахти барглари орасидан нималарнидир излагандек ҳикоя қила бошлади.

– Она Ватанимизнинг кўзига ёш тўлган қирқ тўққизинчи йил1да аскар бўлиш учун уйдан қочиб кетдим. Ёз авжига чиққан; халқ кўзига қон тўлган эди; тоғлар ва водийлар аро қўнимсиз шамолдек қўшиқ кезар эди.

– Ўшанда неча ёшга киргандингиз? – деб сўрадим.

Аммо шу топда ноўрин савол бериб, бобонинг сўзини бўлганим учун афсусландим. У менга ялт этиб қаради-да, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномамни уйда унутиб қолдирган эдим, дегандек гинадор тўнғиллаб қўйди.

– Хўш, кейин нима бўлди? – дедим қизиқишим кучайиб.

– Шундан сўнг йўлимда дуч келган одамлардан эринмасдан сўраб чиқдим. Охири генерал Бем2нинг армияси Шегешвар ҳудудида жойлашганини билиб олдим. Жанг майдонига етиб борганимда мени мовий кўзли генерал ҳузурига олиб киришди. Қўмондон шу заҳоти мен қаерни истасам, ўша ерда жанг қилишим ҳақида буйруқ берди. Мен эса энг илғор сафда жанг қилишга хумор эдим, ўзимга ўхшаган кўнгиллилар билан фронтнинг олдинги чизиғига қараб югурдим. Шундай қилиб нақд Фейередхаза3 чегарасига етиб бордик. Можор қўшинларининг илғор қисми чегарадаги йўлни кесиб ўтган эди. Мен борган жой бир тепалик эди, атрофи текис далалар, экинзорлар. Ўша тепаликдаги аскарлар қароргоҳига қўшилдим. Офицерлар ҳам, аскарлар ҳам – ҳамма бир жойга беркиниб олган. Шу яқин орада юрган душман сезиб қолмаслиги учун баланд овозда сўзлашиш мумкин эмасди. Маккажўхоризор, баланд поялар орқасига яшириниб олиб, жим ўтирардик. Орамизда фақат бир киши сира тиниб-тинчимас, бу ёқдан у ёққа елиб югураверар эди. Ниҳоят, у отдан тушди, жиловни дарахт бутасига маҳкамроқ боғлади. Тўриқ от эди. Негадир ҳарбий либос киймаганди, масалан, ҳатто қиличи ҳам йўқ эди. Бир қараганимдаёқ сездим – нақд шамолда яшнаб турган тошкўмир чўғи эди-я...

Юрагим шув этиб кетди.

– У Шандор Петёфи эди, шундайми?

Лёринц бобо саволимга парво қилмади, аммо у сўз мўъжизаси билан кўз ўнгимда жонли ҳаётни ярата бошлади.

– Ҳар замон-ҳар замонда бир-икки мисра шеър ўқийди-ю, бирданига кулиб юборади. Мен эса унинг ким эканини билиб, яхшилаб кўриб қолиш ниятида унга киприк қоқмай боқаман. Кўзларимга ишонмайман, наҳотки тирик шоирни кўриб турган бўлсам. Ҳа, у шундоқ ёнгинамда эди. Мана, қари нок дарахти танасига елкасини суяб ўтирибди. Сумкасининг устига қоғоз қўйиб, нималарнидир тез-тез ёзади, яна бирданига ўйланиб қолади, кўзларида ўт ёнади. У қари нок дарахтига суяниб ўтирган пайтда ногаҳон рўпарасидаги теракка қўнган қандайдир қуш сайрай бош­лади. Қуш шундай ёқимли куйлардики, гўё бу дунёнинг барча ғамларини олиб, навога қўшиб осмону фалакларга учириб кетарди.

Бу қушнинг сайрашини ҳаммамиз берилиб тинглардик. Шоир бетакрор оҳангга афсунлангандек илкис ўрнидан турди-ю, олдинга бир-икки қадам босиб, терак томонга ҳайратланиб қараб қолди. Биз ҳам бу ғаройиб қушни томоша қилиш учун шоирга яқинроқ бордик. Теракка қўниб сайраётган қушни ўз кўзимиз билан кўрганимизда ҳайратимиз янада кучайиб, оғзимиз ланг очилиб қолди. Чунки бу ажойиб қушнинг бўйин-тўши қизил, қанотлари оқ, оёқлари эса яшил эди4. Шоир мўъжизавий қушга ниҳоятда ҳайратланиб қараб туриб, бирданига: “Бу бизнинг озодлигимиз қуши!” дея наъра тортиб юборди.

Бобо бирпас сукут сақлаб жим бўлиб қолди. Сўнг яна ҳикоясини давом эттирди:

– “Бу – озодлик қуши!” деб ҳайқириб айт­ганидан кейин шоир шошилмасдан теракка яқинлашди, мўъжизавий қушни тутиш учун дарахт танасига тирмашиб, тепага чиқа бош­лади. Шоир тобора баландроқ, янада баланд­роқ кўтарилаверди. Душман айғоқчилари уни кўриб қолган бўлса керак, чунки ёвнинг бутун армияси қўзғалиб, устимизга бостириб кела бошлади. Шунда биз хавфсизроқ жойга чекинишга буйруқ олдик. Кимдир шоир­га душман ҳужумга ўтди, қоч, деб қичқирди. Шоир эса, ўша душманнинг башарасига тупурдим, деди парво қилмай.

Бу воқеани айтиб бўлгач, қартайиб қолган Лёринц бобо ётган жойидан туриб ўтирди. Бир неча лаҳза кўзларимга тикилиб қолди.

– Ундан кейин Шандор Петёфига нима бўлди? – деб сўрадим.

– Менингча, у ўша теракнинг устидан учиб кетди.

Шу пайт тепадан тарс этиб эман ёнғоғи тушди-ю, ер сатҳида нуқта бўлди.

Рус тилидан Рустам МУСУРМОН таржимаси.

1 1849 йилги Можористон инқилоби назарда тутилмоқда.

2 Юзеф Бем (1794 – 1850) – поляк ҳарбий сиёсий арбоб. 1848 – 1849 йиллар Можористон инқилоби даврида можор қўшинлари қўмондони бўлган. Шандор Петёфи унинг армия­сида хизмат қилган.

3 Шегешвар остонасидаги Фейередьхаза қишлоғидаги жанг майдонида Шандор Петёфи ҳалок бўлган.

4 Венгрия Республикаси байроғининг рангларига ишора – байроқнинг тепаси қизил, ўртаси оқ, пасти яшил ранг­лардан иборат. (Таржимон изоҳи.)