“ШАЛОЛА”ДАН ШЕЪРИЯТГА ЙЎЛ
Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжоннинг ижодий камолотига Самарқанд адабий муҳити руҳ ва илҳом берган. Таниқли мунаққид Нуриддин Шукуров толмас адабиётшунос, шеърият ва адабий жараённинг синчков кузатувчиси бўлиш билан бирга, истеъдодли ёшларни ҳам асраб-авайловчи, рағбатлантирувчи ва ҳомийлик кўрсатувчи жонкуяр олим эди.
Домла томонидан Самарқандда ташкил этилган “Шалола” шеърият клуби шу жиҳатдан чинакамига истеъдодлар мактаби бўлган. Мазкур шеърият тўгарагининг номланиши ҳам бевосита Нуриддин Шукуровнинг севимли шогирди Омонов Матжоннинг ташаббуси билан боғлиқ.
Нуриддин Шукуров Омон Матжон ҳақидаги фикрларини шундай давом эттиради: “Кўп ўтмай унга ижодий тўгаракнинг сардор(староста)лигини топширдик. У тўгаракка “Шалола” деб ном қўйишни таклиф этди. Ижодий ишлар аввалгисидан ҳам жонланиб, ривожланиб кетди.
Омоннинг 1965 йилда ёзган шеърларидан бири “Очиқ деразалар” деб аталади. Унда ёш қалбнинг ҳаваслари, орзулари қуйидагича ифодаланган эди:
Очиқ деразалар, очиқ деразалар...
Тун қўйнига нури сочиқ деразалар.
Сизга мен ўғринча боқиб ўтаман,
Очиқ деразалар, очиқ деразалар.
Аммо, нечоғ оғир менга, эҳ, оғир менга,
Ўзга деразага боқмоқ суқ билан.
Мен ўз деразамни орзу қиламан,
Ёш шоирнинг “ўз деразасини орзу қилиши” унинг ҳаётдаги устувор ўрнини, ўз оиласи ва уйини, ижоддаги ўз мавқеини орзу қилиши эди”. (Нуриддин Шукуров. “Сўз сеҳри, шеър меҳри”. Самарқанд, “Зарафшон” нашриёти, 1992 йил. 173 – 176-бетлар.)
Омон Матжон ўзбек адабиётига катта умид билан очиқ, нур таралаётган деразадан кириб келди. 1970 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида унинг биринчи тўплами “Очиқ деразалар” босилиб чиқди.
Самарқанд адабий муҳити, қадимий шаҳарнинг залворли тарихи билан шоир ўқиш даврида танишарди. Хива, Хоразм ва Самарқанд кўчалари, узоқ ва сирли тарих унинг кўз ўнгида уйғунлик касб этар, шеърий сатрларига сержило бўёқ ва мазмун берар эди. Ижодининг салмоқли қисми тарихий мавзуда экани фикримизга далилдир. Омон Матжоннинг драматик воқеа ва образларга бой шеърияти, достонлари юрт тарихини яхши билишидан далолат бўлса, ўктам ва жонкуяр сўзи унинг қалб туғёнлари, ўтмиш ва бугуннинг сўроқларига жавобдир.
Омон Матжон СамДУ толиби эканлигидаёқ Алишер Навоийнинг “Хамса” асарига меҳри тушади, устозларидан Ботирхон Валихўжаев кўмагида адабиёт тарихини, Нуриддин Шукуров, Сайдулла Мирзаев дарслари ва суҳбатларида замондош адиблар асарларини чуқур ўрганади. Айниқса, Нуриддин Шукуров билан шоирнинг садоқатли устоз-шогирдлиги узилмади, самимий мулоқотлари олим вафот этгунга қадар давом этди. Омон Матжон ижодий ютуқларининг илк қувончлари, ёшлиги ҳақида сўз юритиб, Самарқанди азимнинг қизғин адабий муҳитидан баҳраманд бўлганини умрининг охиригача эътироф этиб келди. Шоирнинг маслакдош устози Нуриддин Шукуров 90-йилларнинг бошида Омон Матжон шеъриятининг ғоявий-бадиий хусусиятлари ҳақида баъзи илмий хулосаларни берган эди: “Омон Матжоннинг фалсафийлик ва тарихийлик билан йўғрилган бадиий фикрлаш тарзи унинг шеърларига ўз муҳрини босиши билан бирга, шеър учун танлайдиган тарихий фактлари умумбашарийлиги, кенг масштаблилиги билан алоҳида салмоқ касб этади.
Омон ижодида ижтимоий-публицистик, фалсафий шеърлар салмоқли ўрин тутади. Уларда мамлакатимиз ва дунё миқёсидаги ижтимоий-тарихий воқеа, ҳодисаларни илғор дунёқараш ва ўткир гражданлик позициясидан туриб бадиий таҳлил қилиш ва кучли хулосалар чиқариш, шу асосда катта поэтик мазмун ҳосил қилиш ва унга мос шакллар топиш асосий фазилат сифатида кўзга ташланади”.
Омон Матжон ижодининг сўнгига қадар шундай фуқаролик позициясида турди. Ватан ишқи, ҳаёт гултожи бўлган инсон тақдири, тинчлик ва ҳурлик туйғуларини баралла куйлади.
Парвоз этдим мен қушларга қўшилиб эркин,
Оқ булутлар пешонамни ўпдилар силаб.
Замин сеҳрин шунда қалбга жо этган эдим,
Оқ хирмондан ҳар ёқамга толалар улаб.
Ўзбекистон, зўр табаррук маъволар юрти,
Берунийлар, Хоразмийлар, Кубролар юрти,
Етти иқлим мафтун бўлган наволар юрти,
Ватан бирла миллатга жон фидолар юрти!
Омон Матжон таржима билан ҳам жиддий машғул бўлди. Фридрих Шиллер, Шарль Бодлер, Евгений Евтушенко, Расул Ҳамзатов, Шандор Петефи, Юстинас Марцинкявичюс, Берди Кербобоев, Ибройим Юсупов сингари шоир ва адибларнинг асарларини ўгириб халқимизга туҳфа этди. Омон Матжон ҳаётдан ҳикмат ахтариб, шеърдан қувват олиб яшади.
ҳикмат бу, баҳордек қисқа ва аён.
Севги ила масъуд онларни ўйла,
асл умр шулдир. Қолгани — ёлғон...
Омон Матжон шеърияти залвори ва оҳанги, сўз жилваси билан маржонга ўхшайди, ундан бирор мисрани олиб қўйиш амри маҳол. Мазмун ва тароватга путур етади. Шу боисдан ҳам унинг шеърларини катта ҳофизлар, ёш хонандалар иштиёқ ва мароқ билан қўшиқ қилиб куйлашади.