October 20, 2023

ЎЗБЕКИСТОН ШВЕЦАРИЯСИ  

Саёҳатлар ҳақида гап кетганда, беихтиёр юрагинг энтикади, орзиқади. Ўшажойларгаборгинг, кўргинг, гул-чечакларга бурканиб ётган далаларида ёш боладек югуриб ўйнагинг, биллурдай тиниқ чашмаларида балиқдай сузгинг, ҳавосидан тўйиб-тўйиб симиргинг келаверади.

Неча йилдирки, Чодак деганда ана шундай ҳислар оғушида қоламан. Чунки отам Наманганга кўп борган. Сафардан қайтгач, туғилиб ўсган жойлари ҳақида тўлиб-тошиб ҳикоя қилар, айниқса, Чодакка алоҳида тўхталиб, гўзал табиатини эҳтирос билан тасвирлар эди. Тоғлар орасидаги бу афсонавий қишлоқ шу тарзда юрагимдан чуқур жой эгаллаган, уни бориб кўришни болаликдан орзу қилардим. Кутилмаганда турмуш ўртоғим Чодакка борамиз, деб қолди. Қайдасан Наманган, дея йўлга тушдик.

Фарғона водийсига биринчи марта поездда боришим. Қишлоқлар, далалар, даралар шомда бошқача кўринади. Кўз ўнгимда отамдан эшитганларим: Исмоил Атоий, Бобойи Самосий, Бўсмат ота, Шоҳ Сулаймон Оқ мозор бува, Шодмон бобо, Лангар бува, Бобо Юсуф Ҳамадоний, Пошшо Хўжа мозори, Муғхона, Шайх Сулаймон Маҳжур сингари азиз-авлиёларнинг муқаддас қадамжолари жонланади. Шу зиёратгоҳлар билан бирга, “Келинчак тош” ва “Чир-чир момо” обидаларини ҳам кўраман, тарихи билан яқиндан танишаман, деб ўйлайман. Қаранг, бир қиш­лоқда қанча азизлар! Эшитишимча, “Чир-чир момо”ни маҳаллий тилда “Оналар кўз ёши” ҳам дейишади.

Поездимиз Қурама Чотқол тоғ тизмалари орасидан ўтиб, “Чодак” бекатида тўхтади. Замонавий темирйўл бекати кундузгидек ёп-ёруғ ва сокин. Меҳмонхона топиш мақсадида қатор турган “Дамас”ларга қараб юрдик. Хайрулло исмли ҳайдовчи меҳмонхонага олиб боргунча бир дунё янгиликлардан хабардор қилди.

– Қишлоғимиз денгиз сатҳидан 2500 – 2800 метр баландликда жойлашган, – дейди у. – Иқлимимиз мўътадил, салқин ҳаво пасттекисликлардан 12 – 15 даража фарқ қилади. Ёзнинг жазирама кунларида бундай оромижон муҳитни тополмайсиз. Қамчиқ довони орқали Фарғона водийсига замонавий автомобиль ва темирйўл ўтганидан кейин Чодак ўзгариб кетди. Қишлоғимиз ҳақиқий сайёҳлик масканига айланди. Қаранг, йўлнинг икки томони ҳам меҳмонхоналарга тўла.

Йўлбошловчимиз “мундоғроқ” деб таърифлаган оилавий меҳмонхона унча-мунча “ҳотел”лардан қолишмас экан. Сайёҳлар учун барча зарур шарт-шароитлар муҳайё. Йўл ёқалаб қурилган биноларнинг олди гулзор, арчазор. Арчазор ўртасида дид билан қурилган шаршара шовуллаб турибди. Бир тарафда қатор чорпоялар.

– Қишлоғимизни бекорга “Ўзбекистон Швецарияси” дейишмайди, – дейди меҳмонхона эгаси Муҳаммад ака. – Бу яқин-атроф­да бундай табиати гўзал, ҳавоси мусаффо гўша кам. Шунинг учун дам олувчиларнинг кети узилмайди. Авваллари бунақа эмасди. 2017 йилда қишлоғимизда биттагина меҳмонхана бор эди. Вазирлар Маҳкамасининг “Чодак кичик туризм зонаси”ни ташкил қилиш ҳақида”ги ҳамда “2021 – 2022 йилларда Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларидан кейин шароит тубдан ўзгарди. Умумий қиммати 279,1 миллиард сўм бўлган 257та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилди. Йўллар, электр энергия, газ, ичимлик суви, канализация тармоқлари, ирригация объектлари таъмирланди. Кўпқаватли уйлар қурилди, атрофи ободонлаштирилди. Қишлоқдаги 11та трансформатор мукаммал таъмирланди. Янги меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, кўп қаватли уй-жойлар, саноат зонаси, спорт мажмуаси, мактаб­гача таълим муассасалари бунёд этилди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” шиори остида одамларнинг ўзлари енг шимариб ишга киришиб кетди. Тадбиркор Камолиддин Фаёзов томонидан умумий қиммати 5 миллиард сўмлик олтита коттеж фойдаланишга топширилди. Бобомурод Турсуналиев бир вақтнинг ўзида 40 нафар сайёҳга хизмат қиладиган “Экотуризм” масканини барпо қилмоқда. Искандар Мадғозиев Сирдарё соҳилида 4 миллиард сўмлик меҳмонхона ва дам олиш маскани ташкил этди. Дилшод Тўрахўжаев томонидан фойдаланишга топширилган “Араrt Hotel Komos” меҳмонхонаси Чодакнинг экологик хусусиятларини кўз-кўз қилади. Табиий усулда қурилган бу маскан қишлоғимизнинг юқори қисмида жойлашган. Меҳмонхонанинг том қисмида очиқ осмон остидаги замонавий 800 ўринли ресторан бор. У ердан қишлоқ худди кафтдагидек кўради, гўзал табиат манзарасини томоша қилиш, тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олиш мумкин. Сайёҳлар мотопарапланда сайр қилади. Алпинизмга қизиқувчилар учун ҳам зарур қулайликлар яратилган. Сайёҳлик марказига кўтарилишда махсус вагондан фойдаланилади. Ноанъанавий тарз­да қурилган экомарказ бир умр ёдингизда қолади.

Эртаси куни Муҳаммад ака таърифлаган Ўзбекистоннинг Швецариясига бордик. Мана, Чодак. Қайси мамлакатда бор бундай сулув маскан?! Одамлари-чи?! Уларнинг меҳмондўстлиги, меҳнаткашлиги, тадбиркорлиги, ишбилармонлиги... Тадбиркор Дилшод Тўрахўжаев томонидан ташкил этилган “Мини зоопарк”даги шер, бўри, кенгуру иқлимга мослаштирилаётган экан. Тадбиркор ҳудуд кўринишига мос экзотик ғор ташкил қилибди. Дилшод Тўрахўжаев номи дунё бўйича 484 нафар интеллектуал салоҳиятли, қобилиятли, қатъиятли ишбилармонлар рўйхатдан иборат “Олтин дафтар”дан жой олибди.

Чодакнинг баланд чўққисида жойлашган “Мўъжиза шаршараси”да яна бир тадбиркор билан танишдик. Раҳимхўжа Ҳасанов уч ўғли билан бу ерда сайилгоҳ барпо этган. Ишбилармоннинг дам олиш мажмуасини айтмайсизми?! Ердан 96 метр баланддаги кўприкнинг узунлиги 400 метр. Мўъжизавий шаршара, Эйфель минораси кўринишидаги иншоот ҳам кишига олам-олам завқ бағишлайди. Бир тоғдан иккинчисига ўтишда канатдан фойдаланилади. Болалар арғимчоқларда маза қилиб учишади. Қафасларда турли уй ва ёввойи ҳайвонлар, ариқда ўрдаклар сузиб юрибди. Муталлихон Султонов раҳбарлигидаги “Кўланказор” масъулияти чекланган жамият объектлари эса деярли қуёш тушмайдиган қоялар оралиғида. Олтмиш метр баландликдаги шишасимон кўприкдан ҳаяжонсиз ўтолмайсиз. Дор йўли, турли аттракционлар каттаю кичикка бирдек хизматда. Муталлихон бу лойиҳага 3 миллиард сўм сармоя йўналтириб, 40 кишини ишли қилибди. Ҳар куни 300 – 400 кишига хизмат кўрсатилар экан.

Тўғри, Чодак Тошкент ёки Самарқанддек катта шаҳар эмас. 2300 киши истиқомат қиладиган 11та маҳалладан иборат. Аммо шу мўъжаз манзилга 2023 йилги мавсумда кунига 7000, бир ойда 210 минг, жами ички туризм йўналишида 600 мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюрибди.

Қишлоқ катта бўлмаса-да, бир-икки кунда томоша қилиб, саёҳатингизни тугатолмайсиз. Чодакдаги карвонсаройлар, меҳмонхоналар, кемпинглар, ошхонаю ресторанлар, савдо расталарию қишки ва ёзги чўмилиш ҳавзалари, автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчалари сони кундан-кун кўпайиб, замонавийлашиб бораётганини ҳар қадамда кўриш мумкин.

Кун бўйи айланиб, “Чур-чур момо” зиё­ратгоҳининг шифобахш сувидан ичолмадик, IХ асрга оид “Юсуфбой Ҳамадоний” мақбарасига боролмадик, “Келинчак тош”­ни кўролмадик, вақт етмади. Аммо бу сафардан унутилмас таассуротлар билан қайтдик. Хонадонларда тайёрланган сузма, қурут, қаймоқ ва чанқоқбосди мева шарбатларининг таъми оғизда қолди.

Мунира РАМАЗОНОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси