December 15, 2023

ШУ КУНИ ТАНТАНА ЭДИ

1968 йили қўлим­га тасодифан “Ўз­бе­кистон маданияти” газетаси тушиб қол­ди. Адабиётга қи­зи­қиб, ўзича нималардир ёзиб юра­диган 7-синф ўқувчиси учун бу бир топилдиқ эди, десам муболаға бўлмас. Акамга айтиб газетага обуна қилдирдим. Ўша вақтлар газета ҳафтада икки марта чиқаркан. Шундан бери газетанинг бирор сонини ўқимасам нимадир етишмагандек туюлади. Кейинчалик “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафтанинг жума кунлари чоп этиладиган бўлди. Ёдимда, талабалик йилларимиз катта танаффусда университетимиз (ТошДУ) олдидаги кўчма дўконга газетани янги сонини олиш учун югурардик. Кимгадир етмай қолса, бир биримиздан олиб ўқирдик. Адабиётшунос олимларимизни қўя турайлик, филолог талабалар орасида газетанинг янги сонини ўқимаган ўзини айбдордек сезарди. Газетада бирор ёзгани чиққан кишига-ку шу куни байрам эди.

Бугунги адабий жараён, мум­тоз адабиётимиз, Шарқ ва Ғарб адабиёти, адабиёт назарияси, матншунослик, қадимги адабий ёдгорликларимиз ҳақида, умуман, адабиётга оид қизиқарли мақолалар бериладиган бу ягона адабий нашрни кузатиб бориш ҳар бир ижодкор, адабиёт ихлосманди, она тили ва адабиёти фани муаллимининг бурчидир.

Мен 55 йиллик муштарий сифатида ўзини адабиётга дахлдор деб билган ҳар бир киши, аввало, шоир, ёзувчилар, адабиётшунослар “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига 2024 йил учун обуна бўлиши, уни қўллаб-қувватлаши шарт, деб биламан. Келинглар, ўз газетамизга уюшқоқлик билан обуна бўлайлик, мажбурий эмас экан деб ихтиёрийликни қўлимиздан бой бермайлик. Ҳафталик байрамимизни қўллаб-қувватлаш ўз қўлимизда!

Адҳамбек АЛИМБЕКОВ,

ТДШУ профессори,

адабиётшунос.