ОДАМ МЕҲНАТИ БИЛАН ОДАМ
“Қорақалпоқнома”дан парчалар
Адабиёт — ҳар ким кириб, тўйиб кетаверадиган тўйхона эмас. Шуҳрат тақсимлайдиган таванхона ҳам эмас. Табиат ато этган чинакам истеъдодингга қўшимча атрофлича билиминг, ақл-фаросатинг, одамзод учун қимматли эзгу ниятинг, пок виждонинг бўлсагина “Адабиёт” деб аталмиш муҳташам қасрнинг дарвозасига яқинлашишингда маъни бор. Унутма: бу даргоҳнинг тўрида Гомер, Данте, Умар Хайём, Навоий, Шекспир, Маҳтумқули, Гёте, Пушкин, Бальзак, Лев Толстой, Бердақдек сиймолар ўтиришибди. Улар адабиёт даргоҳига қабул қиладими – йўқми, ҳамма гап мана шунда!
Ҳаётнинг бошқа жабҳаларида бировга биров суянчиқ бўлиши мумкин. Адабиётда сенга ҳеч ким тиргович бўлолмайди. Ёзувчиликка ҳеч ким ҳеч кимни ўргатолмайди. Бировнинг сенга ижирғаниб қарамай, астойдил хайрихоҳ бўлиши учун, аввало, ўзингда мустаҳкам пойдевор яратишинг шарт!..
Ўзинг туғилган овулда турибоқ буткул инсоният тақдирини ўйлаш, кишилик жамияти тарихи, унинг келажаги ҳақида қайғуриш мумкин.
Мен кичкинагина бир халқ вакилиман, ҳаммадан юксакроқ чўққига интилишнинг нима кераги бор, дема. Ҳамма халқларнинг эрки ўзида. Бироқ ҳеч бир халқ ўз ҳолича ривожланмайди. Адабиёт ҳам яхлит бир организм: унинг кичиги йўқ.
Она юртингга, она халқингга қандай кўз билан қараш керак – энг муҳими мана шу! Буюк ёзувчиларнинг сезгирлиги, интуицияси, ноёб истеъдоди, бутун қудрати, аввало, шунда бўлса керакки, улар жузъий бир воқеада бутун жамият аҳамиятига молик моҳиятни кўра олади.
Гомерни ўқиганда қадимги дунёнинг афсонавий манзаралари, Дантени ўқиганда Ўрта асрларнинг бадиий тафаккур уфқлари, Умар Хайёмни, Навоийни ўқиганда муаззам Шарқ донишмандлиги, Лев Толстойни ўқиганда XIX асрда фавқулодда жунбишга келган Россия, Михаил Шолоховни ўқиганда инқилоб даврининг бутун мураккаблиги кўз олдингда рўй-рост намоён бўлади.
Дунё фақат икки қутбдан: яхши билан ёмондангина иборат эмас. Муҳими – ёмонни ёмондан, яхшини яхшидан фарқлай олиш. Бу иш ҳар хил воситаю бўёқларнигина эмас, аввало, пўлатдек мустаҳкам ирода, қатъий мантиқни талаб қилади.
Классик адабиётни ўқимай, билмай туриб, ёзувчи бўлишга интилиш ҳеч бир устахонани кўрмай моҳир дурадгор бўлишни хаёл қилиш билан тенг.
Буюк рус ёзувчиларидан Успенскийнинг кўпроқ статистикага, Короленконинг публицистикага мойиллиги, Лев Толстойнинг аввалбошдан фалсафа ва тарихга мустаҳкам таянгани, Тургеневнинг даврга хос сиёсат, замон оқимига ҳамоҳанг асарлар ёзгани хусусида кўп лекциялар тингласам-да, уларнинг айрим асарларини синчиклаб ўқиш натижасида шуни фаҳмладимки, бу санъаткорларнинг ҳеч бирини лекцияда айтилган айрим ўзига хосликлар билангина чеклаб қўйиш мумкин эмас экан. Бошқача айтганда, уларнинг бирига хос хусусиятларни иккинчисида, учинчисида… ҳам топиш мумкин экан.
Адабиётдаги новаторлик эски бино ўрнида тикланган янги бинонинг ўзига хослигидек нарса эмас. Назаримда, Лев Толстойга хос новаторликнинг муҳим белгиси — ҳаётни, одамлар қисматини, характерларни бутун мураккаблиги билан бевосита ёритганида, батафсил тасвир ва таҳлил этганида, уларни оширмай ё камайтирмай, айнан кўрсата олганидадир.
Лев Толстойни яқинроқдан таниганим сайин юрагимни ваҳима босаверди.
Халқидан ўрганмаган ёзувчи — бемақсад тентираган кема. Бундай кемалар адабиёт уммонида, афсуски, оз эмас. Аммо Лев Толстойни халқдан ўрганиш ва халқнинг руҳий чанқоғини қондиришнинг бемисл намунасини кўрсатган буюк толиб ва буюк устоз дейиш мумкин. Адабиёт тарихи ундан оламшумулроқ ёзувчини ҳали билмайди.
…Билиш жараёнининг чеки-чегараси йўқ, аммо билимнинг чегараси бор. Одамнинг билими, маънавий-маданий савияси унинг ҳар бир иши, хатти-ҳаракати, гап-сўзида аён кўриниб туради. Шу ташқи аломатлар орқалиёқ бошқа одамни била оладиган киши, бир сўз билан айтганда, мутафаккирдир.
Одам меҳнати билан одам. У дунёни ўзига хос идрок этиш йўлидаги муттасил интилиши, бетакрор руҳий олами туфайлигина одам!
Фёдор Достоевский яратган уммон шу қадар теранки, унинг ҳар бир асари билан танишганингизда, дам ёруғликда туриб қоронғиликка қараётгандай, дам зулмат исканжасидан халос бўлиш учун олис-олисларда милтираган хира шуълага талпинаётгандек бўлади киши! Назарингда, шу шуъланинг нарёғида мангу фароғат ўлкаси ястаниб ётгандек. Такрор-такрор ўқиганингиз сари хаёлингизни асир этган манзаралар тобора кенгайиб, жозиба касб этиб, ойдинлашиб бораверади. Санъатнинг бош мақсади – одамдан одам қидириб топишдир, деган мутафаккир ёзувчи ҳар бир қаҳрамонида одам боласининг нечоғли муаммолигини кўрсатибгина қолмай, бу муаммони ҳар бир асарида бетакрор тарзда ечганига амин бўлаверасиз.
Буюк рус адабиёти билан яқинроқдан танишиш туфайли унинг тўрт буржида қад кўтарган бири-биридан маҳобатлироқ, бақувватроқ тўрт чинор кўз олдимда намоён бўлди: Пушкин, Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Михаил Шолохов. Бу чинорларнинг ҳар бири ўзича, бири иккинчисига дахлсиз тарзда яшнаб турган бўлсалар-да, аслида уларнинг илдизлари рус заминининг туб-тубида ўзаро туташиб-чатишиб кетган.