ИТАЛИЯДА “БОБУРНОМА” АСАРИ ЧОП ЭТИЛДИ
Италиянинг тарихий илмий-оммабоп адабиётларга ихтисослашган етакчи нашриётларидан бири “Sandro Teti Editore” нашриёт уйи Заҳириддин Mуҳаммад Бобурнинг машҳур “Бобурнома” асарини итальян тилида юқори полиграфик сифатда чоп этди.
Бу йил нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида Заҳириддин Mуҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Соҳибқирон Амир Темурнинг авлоди Бобур Мирзо ҳассос шоир, қомусий олим, атоқли давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида ўзидан такрорланмас ва бой ижодий-илмий мерос қолдирган.
Бобур ижодининг дурдонаси, ҳеч шубҳасиз, XV-XVII асрларда Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон ва Эронда содир бўлган тарихий воқеалар ҳақида ҳикоя қилувчи “Бобурнома” тарихий-биографик асаридир. Ғоят муҳим ва кўп қиррали маълумотлар асосида моҳирона тартиб берилган ушбу хотира китобини мазмун жиҳатидан беқиёс ҳаётий энциклопедияга қиёслаш мумкин. “Бобурнома” ўзида халқимизнинг азалий қадриятлари, интеллектуал ва маънавий олами хазиналарини бамисоли кўзгудек акс эттиради.
Ушбу нашр ўзбек ва итальян халқлари ўртасидаги адабий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик алоқаларининг самарали ва ёрқин намунаси сифатида дунёга келди.
Китоб давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг сўзбошиси билан очилади.
Маълумки, “Бобурнома” кўп асрлар давомида турли илмий йўналишлардаги Шарқ ва Ғарб тадқиқотчиларининг эътиборини ўзига тортиб келади. Дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган ушбу нодир китоб эндиликда биринчи бор итальян ўқувчиларига ҳам тақдим этилмоқда.
Асарни итальян тилида нашр этиш жараёнига мазкур нашриёт раҳбари Сандро Тети бошчилигидаги малакали таржимонлар, муҳаррирлар ва дизайнерларнинг катта гуруҳи жалб этилган. Китобни тайёрлашда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов ва италиялик таниқли турколог, профессор Федерико Де Ренци илмий ва адабий муҳаррирлар сифатида иштирок этган.
Атоқли итальян олими ва адиби Франко Кардини томонидан “Бобурнома” асарига ёзилган кириш сўзида Бобур “Сўз санъатига меҳр қўйган буюк ҳукмдор ёхуд салтанатни севган буюк адиб”, деб таърифланади. “Бобурнома”ни ўқишга жазм қилган европалик китобхон ундан бош кўтаролмай қолиши шубҳасиз. Шу аснода инсонпарвар папа Пий II – Энеа Сильвио Пикколоминининг “Изоҳлар”и, император Пётр Леопольд Габсбургнинг автобиографик мулоҳазалари беихтиёр хаёлга келади; баъзан ўқувчи ўзини Монтенни, баъзан эса Марко Поло ёки Буюк Фридрих ёхуд Мелвиллни мутолаа қилаётгандек ҳис этади”, деб таъкидлайди Кардини.
Таржимон Федерико Пасторе китобга ёзган шарҳида “Бобурнома” “ўз даврининг кундалик ҳаётини қайта тиклашга имкон берадиган, ислом тамаддунига хос автобиографик асарнинг илк ростгўй намунаси” эканига алоҳида урғу беради.
Асарнинг итальянча таржимаси Уилер М.Такстоннинг инглиз тилидаги таржимасига асосланган бўлиб, у Бобур Мирзо ёдномаларининг барча хусусиятларини имкон қадар кўпроқ ва тўлиқлигича сақлаб қолган, “зеро, хотираларнинг яхлитлиги XVI аср Осиё тарихидаги асосий қаҳрамонлардан бирининг ёрқин қиёфасини аниқ акс эттиради”.
Ушбу нашр Бобурийлар даврига оид 96 та бадиий миниатюра билан безатилган. Бу суратлар ўша замон учун тарихий, географик, этимологик омилларни тўлиқ ҳисобга олган ҳолда, китоб қаҳрамонларининг характерлари ва ички дунёсини ҳақиқий, реалистик тарзда очиб берадиган рангтасвирнинг илғор йўналиши бўлган. Машҳур мўъжаз расмлар ранглар палитраси, нафис безаклари ва теран маъноси билан ажралиб туради.
Кўп нусхада чоп этилган “Бобурнома” Италия ва Европанинг кўплаб китоб марказларига тақдим қилинади.
Қуйида италиялик атоқли олим ва адиб Франко Кардинининг “Бобурнома” ҳақидаги эссеси жузъий қисқартиришлар билан эълон қилинмоқда.
СЎЗ САНЪАТИГА МЕҲР ҚЎЙГАН БУЮК ҲУКМДОР
ёхуд салтанатни севган буюк адиб
Биз – “Ғарб аҳли”нинг дунёдаги бошқа халқлар маданияти олдидаги қарзимиз, сўзсиз, ниҳоятда катта: биз ўзгаларнинг юртига бостириб кирганмиз, уларнинг мол-мулкини талон-торож қилганмиз, ўзимизга бўйсундирганмиз. Ҳатто бизлар яратган Рим ҳуқуқи, қайта-қайта ўқилгани ва насронийлик таълимоти орқали жорий этилганига қарамасдан, бизнинг истилочилар, қотиллар, қулдорлар каби ҳаракат қилишимизга йўл қўйиб бергани маълум.
Бу борада исбот талаб этмайдиган бир ҳақиқатни таъкидлаш керак: бизнинг ўзга халқлар молу давлатини тортиб олишдан ҳам, уларни озодлигидан, ҳаётидан маҳрум қилишдан ҳам кўра шафқатсизроқ кирдикорларимиз бўлган. Яъни, биздан бошқача фикрлагани, бошқача яшагани учун ғайри миллат ва элатларни менсимасдан, уларга “паст” тоифа деб қараб келганимиз сир эмас.
Бизнинг зулмимизга қарши туришга уларнинг қурол-яроғи ҳам, баъзан ҳатто хоҳиш-истаклари ҳам йўқ эди. Ўзга халқларнинг илм-фан, санъат, гўзаллик борасидаги қадриятларини биз ҳеч вақт, ҳатто яқин-яқинларгача ҳам назар-писанд қилмаганмиз. Бизни фақатгина уларнинг моддий бойликларини қўлга киритиш қизиқтирар эди.
Биз ҳатто ўз жиноятларимизни тезроқ яшириш ва ўзимизни оқлаш учун “тарихи йўқ халқлар” деган сохта тушунчани ўйлаб топдик. Ҳолбуки, биз ушбу миллатлардан зўрлик билан тортиб олган бойликлар аслида уларнинг ҳақиқий, асл ва ниҳоятда беҳисоб хазиналарининг юзаки, ташқи бир қисми эди, холос.
Шунинг учун кейинчалик бу маънавий бойликларнинг қадрига ета бошлаганимизда ҳам биз ушбу масалага мустамлакачилик руҳи билан ёки янглиш тасаввуримизга кўра, ўз билимини уларнинг илмига нисбатан устун деб ҳисоблайдиган антрополог сифатида ёндашиб иш кўрганмиз.
Мана энди калаванинг учини йўқотгач, биз надомат ила иқрор бўляпмизки, агар ўзга халқларнинг ҳаёти ва тафаккур тарзини ўз вақтида ўрганганимизда ва англаганимизда эди, биз ўзимизни нафақат жиноий қилмишлар ва суиистеъмолчилик иллатидан ҳимоя қилган, балки барча тўсиқ ва ғовлар ўз моҳиятини йўқотган бугунги замонда (гарчи бир вақтлар содир этган адолатсиз ишларимиз сабабли кўнглимизда нохуш хотиралар қолган бўлса ҳам) улар билан бирга яшашимизни осонлаштирган бўлардик.
Биз ўтмиш ва келажак ҳақидаги тушунча ва тасаввурларимизни ҳам ўзгартирдик – экзотика ва ориентализмга хос воқеликни бор ҳолича қабул қилдик. Боз устига, тахминан XVIII асрдан буён босиб келаётган тарихий йўлимиз мобайнида ўзимизни оқлаш учун гўёки бу тамаддунни, бу урф-одатларни, манзараларни, товушларни, ҳатто ҳидлар ва таъмларни ҳам севиб қолдик. Дунёнинг ўзи каби кўҳна бу аъмол бамисоли гўзал қурбонига охир-оқибатда ошиқу беқарор бўлиб қолган фотиҳ қисматини эслатади.
Аммо биз баъзан ўзимизнинг норасо хилқат эканимизни ҳам ошкора тан олиб қўямиз. Илмий-техник кашфиётлар тараққиёти нафақат савдо соҳасидаги, балки энг аввало, илмий, маданий, эстетика ва этика борасидаги неча минг йиллик тасаввурларимиз ва муносабатларимизни ўзгартириб юборди.
Фақат мана энди, асрлар бўйи кечиккан ҳолда, ушбу мўъжиза гўёки бизга илгаритдан танишдек, ҳозир эса “бошқа халқлар билан” юзма-юз келиб, улар билан олиб бораётган мулоқотимиз ижобий натижаларни бераётгандек қабул қилмоқдамиз.
Масалан, Буюк мўғуллар ёки аниқроғи, Бобурийлар сулоласи давридаги Ҳиндистоннинг виқор ва ҳашаматига қайта назар солар эканмиз, биз бу азим шаҳарлар, саройлар ва боғларнинг кўрку жамолига қараб, ўз маданий тараққиётимизнинг авж нуқтасида яратган Уйғониш даври ютуқларига тенг, баъзи ўринларда эса улардан зиёда бўлган “ўзга Ренессанс”ни кўрамиз. Биз фақат ўзимизга таскин бериш учун бу одамлар бизни ҳам қаҳр-ғазаб, шафқатсизлик, очкўзлик ва ҳийла-найрангга ўргатишлари мумкин эди, дея оламиз, холос.
Заҳириддин Муҳаммад айни вақтда Бобур номи билан танилган улуғ шахсдир (Бобур – мусулмонча улуғвор исм бўлиб, форс тилида бабр, яъни, “йўлбарс” маъносини билдиради. Худди Темур исми “темир”ни англатгандай). Унинг ҳаёти ва фаолияти эронийларнинг азалий ғаними бўлган Ўрол-Олтой қабилалари эгаллаган Каспий денгизи, Ҳиндикуш ва Тиёншон тоғлари ўртасидаги бепоён кенгликларда шаклланган Турон маданиятига хос ажойиб ва ёрқин бир мисол бўла олади.
Бобур мансуб бўлган туркий қавмлар вақти-соати келиб, ўртадаги мингларча тафовутга қарамасдан, эронийлар билан умумий маданият қура билдилар ва турк-эрон-араб “учлиги” доирасида лингвистик ҳаракат қилдилар. Яъни, ўз ҳаётлари давомида баъзан Оллоҳ ҳақида ва Оллоҳ билан сўзлашувчи араб тилини, гоҳо муҳаббат ва шукуҳни ифодаловчи форс тилини, баъзан эса ҳарбий салоҳият ва жанговар қудратни намоён этгувчи турк тилини навбатма-навбат қўллаб келдилар.
Бобур 1483 йил февраль ойида Андижонда, “Ипак йўли” тармоқларидан бирида жойлашган қадимий шаҳарда дунёга келди. Бу кент ҳозирги Хитойнинг Шинжон вилоятидаги Кошғар, Қирғизистондаги Ўш ҳамда Фарғона водийсидаги Қўқон оралиғида, бугунги Ўзбекистон ҳудудида жойлашган.
Бобур Самарқанднинг афсонавий ҳукмдори Амир Темурнинг эвараси, темурийзода Умаршайх Мирзо ва Чингизхоннинг олис авлоди бўлмиш аслзода малика – Қутлуғ Нигорхонимнинг тўнғич ўғлидир.
У эски ўзбек тилида сўзлашган, лекин бутун Марказий Осиё учун муштарак ҳисобланган форс тилини ҳам, табиийки, Қуръонни қироат билан ўқиш ва тушуниш, шарҳлаш учун араб тилини ҳам яхши билган. Бобурга эргашган одамлар, унинг лашкари ҳам этник жиҳатдан ранг-баранг бўлган.
Бобур қисқа умр кўрган: Ҳиндистон шимолидаги кейинчалик мўъжизавий Тожмаҳал бунёд этилган Агра шаҳрида 1530 йили вафот этган. Ўша вақтда у 47 ёшда бўлиб, бу XVI аср учун унча кичик ёш саналмайди (қарийб уч юз йилдан кейин вафот этган Наполеон Бобурдан атиги беш ёш катта бўлган, холос. Аммо, бунга қарамасдан, XIX асрда Муқаддас Елена оролидаги шифокорлар XVI асрдаги ҳинд саройи табибларидан кучли бўлган, деб таъкидлаш жоиз эмас, балки бунинг акси ҳам бўлиши мумкин).
Бобур 1511 ва 1512 йиллар оралиғида жанубга – тоғли Кобулга чекинишдан аввал бир вақтлар Амир Темур давлатига қарашли бўлган бир неча шаҳарларни қўлга киритишга эришди.
Бу ердан унга Ҳиндистон сари йўл очилди: айнан шу манзилда лоҳурлик лўдийлар сулоласига мансуб шаҳзодалар ҳамда ҳинд ражпутлари иттифоқи уни табиий бойликлари мўл бўлган ушбу ярим оролни забт этиш учун гижгижладилар.
Ва ниҳоят, Бобур ҳарбий юриш бошлашга қарор қилди: 1526 йилда Панипатда бўлиб ўтган жангда ўзининг тезкор ва ажойиб ҳарбий тактикаси ва замбаракларининг устунлиги боис лўдий ҳукмдорларининг сўнгги намояндаси бўлмиш Иброҳим II устидан ғалаба қозонди.
Шундан кейин Бобур Ҳиндистонда муқим қолиб кетди. Аммо бу ўлка шоҳнинг кўнглига ўтиришмади: бу элнинг ўзига бўлган муносабатидан, мамлакат иқлимининг оғирлиги, яхши отлар ва муз йўқлигидан, егуликнинг сифатидан нолиб ёзган сўзлари “Бобурнома” саҳифаларида сақланиб қолган. Бу ҳол бироз ғалати бўлиб туюлиши мумкин. Лекин Бобур ҳаётни, ҳаёт неъматларини хуш кўрадиган инсон эди. Умри тахт устида ўтган бўлса-да, бадиий ижод билан шуғулланишни ёқтирарди. Биз Бобур ҳақида жуда кўп нарсаларни, ҳаттоки шоҳнинг шахсий ҳаётига оид анчагина маълумотларни, жумладан, унинг дарду ташвишлари, турфа ҳиссиётлари хусусида бевосита ўзи яратган асарлар орқали хабардор бўламиз.
Кобулда, у ўз таъбири билан айтганда, “дунёдаги энг гўзал” боғларни барпо этган (бу муаззам боғлар 2002 йилгача – Американинг Афғонистонга муваффақиятсиз босқинига қадар сақланиб қолган эди).
Буларнинг барчаси ва бошқа кўплаб ноёб маълумотлар бизга эски ўзбек тилида ёзилган ва кейинчалик кўплаб тилларга, шу жумладан, эндиликда итальян тилига ҳам таржима қилинган “Бобурнома” орқали аён бўлади.
Бу шунчаки тарихий қийматга эга бўлган кундалик, саёҳатнома, хотира, автобиография, солномагина эмас, балки ушбу муҳташам асар муаллиф ҳукмдорнинг ўз замонасида мавжуд бўлган сохта ва баландпарвоз адабий услубларни инкор этадиган илмий-бадиий салоҳиятини ҳам яққол намоён этади.
“Бобурнома”ни ўқишга жазм қилган европалик китобхон ундан бош кўтаролмай қолиши шубҳасиз. Шу аснода инсонпарвар папа Пий II – Энеа Сильвио Пикколоминининг “Изоҳлар”и, император Пётр Леопольд Габсбургнинг автобиографик мулоҳазалари беихтиёр хаёлга келади; баъзан ўқувчи ўзини Монтенни, баъзан эса Марко Поло ёки Буюк Фридрих ёхуд Мелвиллни мутолаа қилаётгандек ҳис этади.
Бобур сўз санъатига меҳр қўйган буюк ҳукмдор ёхуд салтанатни севган буюк адибдир.