July 9, 2023

Янги таржималар

Хута ГАГУА,
Гуржистон

* * *

Август тонгларининг салқин эпкини,

Она табиатнинг сирли овози.

Менга насиб этди гулбахт некбини,

Яна бошландими сурур парвози!

Чайқалади ўрмон, тоғлардан майин

Туман сийраклашиб борар тобора.

Икки қадам қўйсанг етасан, тайин –

Бахт ҳам сен томонга юрмоқда, қара!

Мен – мендирман, баланд дарахт мисоли

Оқаётган сувлар бўйида шодон.

Қўлларимни ёйсам, булутлар ёли

Қўлларимга тегар ҳарир, покдомон.

Бутоқларим ўсди уфққа қадар,

Сайроқи қуш унда сайраётир хуш.

Куйларида севинч ва ҳайрат оқар,

Овозинг бунчалар қудратли, эй, қуш!

Унинг ҳам ороми йўқ менинг каби

Кун бўйи тинмайди, тинмайди, фақат

Осмонга талпинар орзуманд қалби

Ёнади – оловли ишқ ила ҳасрат.

Ҳузур бағишлайди сувлар бўйида

Кўк ва замин аро кўтариб бошим

Яшамоқ – эзгулик ва бахт ўйида,

Ҳамиша куйласа мен-ла қуёшим!

ДЕҲҚОН

Бадқовоқ бойқушлар тун чоғи

Кундузги нурларни излашар.

Деразам ортида

Меваси мўл-кўл

Олма дарахтлари бутоқларида

Чайқалди осмон.

О, нақадар енгил

Узилар кўкдан

Олма юлдузлар!

Сен шу қадар ёшсан!

Шу қадар содда! –

Бошинг айланади,

Жаннати мева

Ҳидлари илоҳий,

Қўл етмас сеҳр...

Тун бўйи

Хиргойи қилдим тонггача.

Овозим пастлатдим –

Олма дарахтин

Оқлаётган

Деҳқонни бехос

Чўчиб юборгим келмади.

ТУҒИЛГАН УЙ

Шамол тинди,

Шивалар ёмғир.

Тайёрагоҳ салқин ҳавоси,

Урилади кўксимга ҳузур,

Шошилмасдан кўтариламан,

Нафасимда – юртим навоси.

Лаззатлидир парвоздан парвоз,

Осон эмас – қўниш туйғуси.

Табиийдир, содда, бепардоз,

Ташвишлари битмас заминга,

Яна уйга қайтмоқ орзуси.

Қалб куйлайди,

Иллюминатор

Сенга қарар,

Сен эса – ерга.

Учқур ҳаво кемаси такрор

Ошиқади бўлиққан дала,

Яшил ўтлоқ, яйлов ва қирга.

Она уйим – онажон шаҳрим,

Қимматлигим, беқиёслигим.

Сени кўрсам, очилар баҳрим,

Унутилар Париж соғинчи,

Қадим Рим ҳам кўздан йўқолар.

Ёзги илиқ ҳавасларимда

Самодан ҳам яқин ва азиз,

Жонга туташ бир тутам майса.

Менинг каби ҳатто темир қуш

Она юртим –

Она тупроқдан

Кўтарилар истамайгина...

УФҚ

Ўнгимда ҳам, тушимда ҳам

ғамгин нигоҳлар,

Кўзёшларим ёйилади, дунё сарсари.

Видоли елар сукутлар, оҳлар,

Поезд елар уфқ, кунботар сари.

Кенгликни силкитар

кучли чинқириқ,

Мени чирмаб олар поезд шовқини.

Видоли қарашлар –

шафқат билмас ўқ,

Улар мени адо қилар бир куни...

ТАШНАЛИК

Кузги намхуш ҳаволар таъзим

Қила-қила кирди шаҳарга.

Болаларча содда табассум,

Тиниқ нурлар тўлар саҳарга.

Кўзларимда – биллур шабнамлар,

Шаффоф кўллар мовий ва тубсиз.

Намланади кўзларда ғамлар,

Юлдузларга айланар олис.

Умрим йўли узун, дил – овчи,

Ташналигим асло қонмади.

Менинг каби ҳеч бир йўловчи

Бундайин ҳис билан ёнмади.

Кўринади қадрдон чироқ,

Ўчмас ота уйим ўчоғи.

Отажоним меҳридай қайноқ

Нурланади осмон қучоғи.

Онам ҳамон кўринади ёш,

Сувга кетиб қайтиб келмади.

Кўза каби чил синди бардош,

Биров билди, биров билмади.

Умрим йўли узун, дил овчи,

Ташналигим асло қонмади.

Менинг каби ҳеч бир йўловчи

Бундайин ҳис билан ёнмади.

Рус тилидан Ойгул СУЮНДИҚОВА таржималари