July 14, 2023

РЎМОЛ

(ҳикоя)

Майин эсаётган шамол чигиртканинг чириллаши, моторнинг бир маромда ғувиллашига қўшилиб ажойиб куйга айланмоқда. Ҳайдовчи газни босиб, уйқу элитаётган кўзларини ора-сира уқалаб қўярди. Орқа ўриндиқда келаётган Тош­пўлат атрофни кузатар, тезроқ она қишлоғига етиб боришга шошиларди. Олдинда келаётган машиналардан таралган хира ёруғлик умид учқунидек ёрқинлашади ва ҳаёт каби бир зумда ўтиб кетади. Автомобил эса доимгидек яна тимқора зулматда ҳаракатланиб кетаверади.

Тошпўлат бундан бир йил олдин ёлғиз онасининг, маҳалладошларининг, қолаверса, раис буванинг қистови билан қишлоқдаги онаси, қадрдон кетмони, дўстига айланган олапар кучуги, бароқ мушуги, хуллас, барчасини ташлаб ўқишга отланди. Уни очиқ чеҳра билан кутиб олиб, бошини силаган шаҳар шу бугун рухсат бергани учун она қишлоғига бир йил деганда қайтаётганди...

Ниҳоят, тонгги соат бешларда машина таниш дарвоза ёнида тўхтади. Мунғайиб қолган ҳовлида онаси, қўшнилари, раис бува ва яна аллакимлар Тошпўлатни қарши олди. Тошпўлат аввал раис бува билан, сўнг қўшнилар билан, охирида эса кўзлари ёшга тўлиб жовдираб турган онаси билан кўришди. Онасининг бағрида болалигидаги таниш ифорни туйди. У катта шаҳарда ҳамма нарсага эришса-да, аммо мана шу ифорни излаб тополмаётганди...

Ҳовлига кирган Тошпўлатнинг кўзи олапарга тушди. Ит ҳам эгасини танигандек ғингшиб эркаланиб қўйди. Молхона томонга кўз ташлаганда бўш турган қозиқни кўриб қотиб қолди. Бирдан ўзига жўнатиб турилган пуллар ёдига келди. Юрагининг бир чеккасига нимадир қаттиқ санчилгандек бўлди...

Барча яқинлар уй-уйларига тарқалгач, супада аввалгидек ёлғиз қолган онасидан:

–Ойи, сигирни нега сотдингиз?! – деб сўради.

Кутилмаган саволдан она ҳайрон қолди. Кўзларини яширганча, ерга қаради.

–Ўғлим, мол-дунё топилади, сиқилма, – онанинг дастурхон попугини ўйнаётган қўллари титрарди...

Дарахт соясида кўзи илинган Тош­пўлат уйғонгач ҳовлида куймаланиб юрган онасига назар ташлади. Она эгнида бир неча йилдан бери кийиб юрадиган эски кўйлак. “Демак, боя кутиб олганда янги кийимида чиққан экан-да”, хаёлидан ўтказди ўғил. Сўнг онасининг оқариб кетган сочларини яшириб турган рўмолга эътибор берди. Тошпўлат эсини танибдики, онасининг бошида шу рўмолни кўради. Рўмол эскириб униқиб қолган. Онасининг шу рўмол билан боғлиқ хотиралари бисёр эди. Эскириб қолган уст-бошда юрган онаси унинг кўзига толиққандек, сўлиб қолгандек кўринди. Тош­пўлат онасининг ҳай-ҳайлашига қарамай, ўрнидан шаҳд билан туриб кетди. Бозорга борди. Бундан бир неча йиллар олдин шу бозорда сут, қатиқ сотиб юрган пайтларини эслади. Яқинда олган стипендиясига бозордан умрида илк бора онасига бир кийимлик атлас ва янги рўмол харид қилди...

Тошпўлат уйига етиб келганда кун исиб кетган, вақт ҳам тушга яқинлашиб қолганди. Онасини излай бошлади. Ҳовли бўйлаб иштаҳани қитиқлайдиган хушбўй ҳид ўрлади. Қозонда тушликка овқат осилганди. Ичкарида идиш-товоқнинг тақир-туқури эшитилар, эшик тутқичида ўша эски рўмол ўчакишгандек турарди. Тош­пўлат сумкадан янги атлас ва рўмолини олиб ошхонага яқинлашди. Жаҳл билан бориб эшикдаги рўмолни олиб ўчоқда гуриллаб ёнаётган оловга улоқтирди.

– Ойи, сизга совға олиб келдим..

– А, келдингми, болам, –деган ҳаяжон аралаш эшитилган овоз илкис ташвишли тус олди. – Вой, рўмолим! Эсиз, отангнинг совғаси...

Тошпўлат оловда ёниб тугаётган рўмолга термулиб қараб қолди.

Маъмура ТЎРАЕВА,

Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси