October 6, 2023

САДОҚАТ

Абдуқаюм БЕККАМОВ

(ҳикоя)

Бугун қамоқдан озод бўлиб келганига беш кун бўлди. Шаҳарда яшаётган акаси оиласи билан ўша куниёқ келиб-кетди. Хеш-ақраболари ҳам хабар олишди. Ошна-оғайнилари ҳам унутишмапти. Улар Илёс билан қучоқ очиб кўришдилар. Ҳали униси, ҳали буниси нон, гўшт дегандай, егуликлар олиб келишди. Ишқилиб, қуруқ қўл билан келишмайди, барака топкурлар.

Меҳмонлар эл ётар маҳали тарқалишди. Хотини Садоқат ошхонада тарақа-туруқ қилганича идиш-товоқ юварди. Илёс келди-кеттини кузатаман, деб болалари билан ҳам дурустроқ гурунглаша олмади. Меҳмонларни кузатиб қўйгач, ўриндиқда ўтирганча сигарет тутатди. Сўнг ичкарига кириб, болалари ётган хонага ўтди. Иккала ўғилчаси ҳам донг қотиб ухлаб ётарди. У қамалганида каттаси уч ярим, кенжаси бир ёшда эди. Анча улғайишибди. Эгилиб, иккисининг ҳам манглайидан ўпиб қўйди.

Уйга келган куни тўнғичи бағрига отилди, кичиги эса бироз ётсираб, аланглаб турди. Фарзандларини оғушига олиб, ширинлик улашди. Лекин атайлаб ўйинчоқ олмаган эди. Олишни истамади. Тенгқурларига ўйинчоғини кўрсатиб, энди дадаси қаердан олиб келганини мақтанадими? Санаториядан ё шаҳар кўриб қайтаётган бўлсаям майли. Аммо у... ердан қайтишда болалари учун совға обкелишга ирим қилди. Фақат уйга сўппайиб кириб боришни ўзига эп кўрмай, қанд-қурс олди, холос.

Ўзи-ку, яхшигина ишлаб юрганди. Маоши бинойидек эди. Нима жин урди-ю, нокасларнинг тузоғига илиниб қолди. Шунга яраша жазосини олди.

Ҳай, майли, бўлар иш бўлиб ўтди. Бу ёғига...

У ўрнига узала тушиб, мудрай бошлади. Бир пайт эшик ғийқиллаб очилганидан уйғониб кетди. Қараса, хотини Садоқат уйдан чиқиб бораяпти. Соатига қаради: икки ярим. Уч кундан бери кузатади. Садоқат тунда айни шу пайтда чиқиб кетади, тонг ғира-ширасида толиқиб қайтади. Кейин нонушта ҳозирлайди. Кундузи бирон бурчакда мизғиса мизғиб олар, бўлмаса, меҳмонларни кузатишдан қўли бўшамай уйқусираб юради. Бирдан унинг кўнг­лига шубҳа оралади. Сўнгги кунлари хотинидан ижирғангандек қовоғини уйиб юрди.

Садоқат бурунгидек эмас, камгап, ранги сўлғин. Хотинининг юриш-туришида қандайдир сир, шубҳа борлигини сезади Илёс. Бу хавотир гумонларини кучайтириб, ич-­эти­ни кемириб бораверди.

Хавотири кучайиб, Илёс хотинининг рухсорига яширинча тикилади: қандайдир ҳорғин. Тавба, Садоқат тонггача қаерга бориб келади? Ё хиёнат кўчасига кирганмикин? Эрини ўйламаса ҳам, нега икки норасида гўдагини ўйламайди? Илёснинг боши қотди. Ўйлаб ўйига етолмади. Шу кунларда тотган нон-туз ҳам татимади. Эрининг икки ярим йил уйни тарк этганидан фойдаланиб, бундай нопок йўлга кирганини... Буни ҳеч нарса билан қиёслаб ҳам, оқлаб ҳам бўлмайди.

Ўтган куни ширакайф эди. Кеч тушгач, меҳмонларни кузатаётганида ён қўшниси Анорхол момо: “Илёсжон болам, ўзингиз эсон-омон келдингиз. Энди тунда болаларингиздан ўзингиз бохабар бўласиз-да”, деб кулганди. Илёс меҳмонлар билан бўлиб, момонинг гапини фаҳмлаб кўрмаганди. Тавба, коса остида ним коса, дегандай... Балки Анорхол момо очиқ кўнгиллик билан гапиргандир. Илёс буни англаб етмагандир. Нима учун момо шу пайтгача болаларига эрталабгача қараб турган-а? Момонинг ўзи художўй, ҳалол кампир-ку! Нега Садоқатни эгри йўлдан қайтармайди?

Хотинининг хурмача қилиқлари бутун бир қишлоққа ёйилган бўлса керак. Тўхта, уйга келиб-кетувчилар нега бу қилғиликдан оғиз очишмади? Ҳатто сирдош дўсти Умарали ҳам лом-мим демади. Балки Илёснинг дилини хуфтон қилмайлик, ўзи билиб олар, дейишгандир. Балки Садоқатни аяшгандир. Тағин ким билади? Лекин шуниси аниқки, Садоқатнинг ўйнаши бор...

Ҳадемай Садоқат уйга қайтади. Келсин-чи, яхшилаб тергайди.

...Азон овози эшитилди. Бироздан сўнг Садоқат хонага аста кириб келди. Илёс эса, ўзини ухлаганга солиб ётаверди. Садоқат ухлаётган болаларига, эрига бир қур нигоҳ ташлади. Кейин нонушта тайёрлашга киришди.

“Фоҳиша! Бузуқи! Бундан буёқ менга бегонасан!.. Сенинг ҳаром қўлингдан нон еганимдан кўра, очимдан ўлганим яхшт!”, кўнг­лидан ўтказди Илёс ва ўрнидан турди-да, чопонини кийиб, ҳовлига чиқди. Куз ҳавосининг изғирини баданини жунжиктирди. У қиш­лоқ четидаги даштга отланди. Болалигида ўйнаб-ўсган дала. Бу ерларга қадам босмаганигаям ўн йилдан ошибди. Қир устига чиқиб, сайхонликка разм солди: баҳорда тошган сел сувлари арна ҳосил қилибди. Авваллари бу ерлар текис сойлик эди. Болалар тўпланиб чиллак ўйнашарди. Кўкламда бу қирлар файз­ли бўлиб кетади. Қиру сой, ям-яшил майсалар, алвон-алвон чечаклар билан бурканади.

Илёс Садоқат билан бир синфда ўқиган, ҳатто бир партада ўтиришарди. Мактабни битирар кезлари баҳорда синфдошлари билан шу ёвонга сайрга чиқишганда Илёс суйилиб кетиб, “Садоқатхон, бу менинг сенга бўлган чин садоқатим рамзи!” деганича тап тортмасдан Садоқатнинг икки чеккасига қирмизи лолақизғалдоқларни қистириб қўйганди. Буни кўриб, қизлар баралла кулиб юборишган, йигитлар Илёсга хайрихоҳ бўлишганди. Садоқатнинг чеҳраси эса, лола тусига кирганди. Синфдоши Шайман ҳам Садоқатга ошиқу беқарор эди. Илёснинг журъати уни танг қолдирганди.

Илёс институтга кирди. Ўқишини тамомлагач, бир йил армия хизматини ўтади. Кейин Садоқатга уйланди. Садоқат номига монанд садоқатли, вафодор аёл эди. Рўзғорнинг бору йўғига чидаб келарди. Эригаям, болаларигаям чин маънода содиқ эди. Илёс қаерда бўлмасин, Садоқати билан чексиз ғурурланиб юрарди.

Бугун уятчан ва номусли, ориятли ва иболи Садоқат йўқ. У беҳаё, беномус Садоқатга айланиб улгурган. Эри, оиласи олдида унинг юзи қора.

Илёс дўнглик устига бориб ўтирди. Ғам, тушкунлик унинг юрагини баттар эзарди. Нега унинг омади юришмайди? Саккиз йил бурун отаси қазо қилди. Орадан икки йил ўтиб, онаси вафот эди. Ота-онадан айрилган икки ака-ука бир-бирига суянч бўлди. Бундан буён ғам-ғуссаларни унутай деганида бошига яна иш тушди. У шайтоннинг сўзига учиб, жиноят қилди, қилмишига яраша жазосини олди. Гарданига “қамалган” деган тавқи лаънат осилди.

Илёс нима қилишини билмасди. Боши қотди. Тубсиз, адоғи йўқ ўйлар исканжасида қолиб, бутун кунни у ёқдан-бу ёққа ивирсиб юриб, шу зайлда ўтказди, Кеч тушди, теваракка қоронғилик чўкканини ҳам сезмади у.

Юзларига ёмғир томчилари урилгандай бўлди. Кўнгилга ваҳм, хиралик солиб, кўкда қоп-қора булутлар сузиб юрибди. Булутлар баайни Илёснинг авзойидек сиёҳ. Совуқ қотганини пайқади.

Нурга чулғанган қишлоғи томонга боқди. Электр чироқларидан сочилаётган милт-милт ёғду ажиб манзара касб этарди. Қоронғида кимдир қўй-қўзиларини қур-ей-қурлаганча уйига ҳайдаб бораяпти. Унинг эса, уйга боргиси келмас, шармини унутган бир ҳаёсизнинг башарасини кўришга тоқати йўқ эди. Уйида фақат бир илинжи бор эди: норасида, бегуноҳ болалари...

Шу умидда шошилмай жўнади. Хуфтонда уйига кириб келди. Болалари аллақачон товқатланиб бўлишганди.

– Илёс ака, овқатингизни ейсизми? – сўради Садоқат ҳадик аралаш.

Илёс хотинига сўз қотиш тугул, беандиша турқига қарашниям эп кўрмади. Ундан жирканди.

– Илёс ака, эрталабдан бери қаёқларда қолиб кетдингиз? – деди яна Садоқат эридаги бетоқатликни тушунолмай.

– Мен бировларнинг аллақаёқларда санғиб юргани билан ишим йўқ-ку! – Илёс хотинига терс муомала қилди.

Садоқат лаблари пирпираб учиб, эрига бирров назар ташлаб қўйди. Илёс хотинига яна нимадир дейишга чоғланди. Аммо гапни чувалаштиришни истамади. Бўлак хонага ўтиб, ўрнига чўзилди. Бутун вужуди зил-замбил бўлиб, хаёлот ботқоғига ботиб борарди.

Илёс жойидан илкис турди-да, кўрпача устида чордона қуриб ўтирди. Бироздан сўнг Садоқат яна қайгадир ошиқади. Йўқ, орқаворотдан бунақа эзилишнинг нима кераги бор? У шу бугуноқ ҳаммасига нуқта қўяди. Иккаласиниям бурдалаб ташлайди! Бошқача бўлиши мумкин эмас! Бироздан кейин мудҳиш ниятидан воз кечди. “Ўлдирсанг ўлдирарсан. Сўнг беш-ўн йилга қамалиб кетасан. Хўш, нима ўзгаради? Болаларинг тирик етим бўп, кимларнингдир эшигида сарғайиб, ёзмишидан нолий-нолий эплаб-сеплаб кунини ўтказади-да!?. Шунча азоб-уқубат тортганинг етмайдими? Иблисга ҳай бермоқ лозим”.

Йўқ-йўқ, бунақа иснодни кўтариб юрганидан кўра, яхшиси унинг жавобини бериб юборади. Сих ҳам куймайди, кабоб ҳам. Хуштори билан яшайдими, бало-баттар биланми, унга фарқи йўқ. Кўзидан даф бўлса, бас...

Эшик ғичирлаб очилди. Хотини оёқ учида чиқиб кетаяпти. Илёс дарров сергакланди. Дарвоза қопқаси ҳам очилиб-ёпилди. Илёснинг онгига бир мақбул фикр келди: Садоқатнинг пайига тушиши керак! У ҳам ташқарига чиқиб, хотинининг изига тушди. Садоқат илдам юриб, кўча тарафга ўтди. Хотини тўхтаб, изига қайрилмоқчи бўлса, дарахтга паналаб зимдан таъқиб қиларди.

Билса-билмаса, Садоқат Шайманнинг уйи томон бораяпти. А-ҳа, тўппа-тўғри Шайманнинг уйига... Илёснинг йўқлигидан фойдаланиб, эски ошиқ унинг бошини айлантириб олган бўлса-я?! Вой, сабил қолгур зиқна-ей! Тўхта, хотини ҳар куни Шайманнинг уйида нима қилади ўзи? Ахир, унинг ҳам бола-чақалари бор-ку! Йўқ, янглишибди. Садоқат Шайманнинг уйига кирмай ўтиб кетди. У тағин қаерга бораркин?

Садоқат қадамини тезлатиб катта кўчага бурилди ва қаршисидаги универмагнинг орқа тарафига ўтди. Илёс ҳам жадаллик билан бориб, бурчакдан уни ўғринча кузатди. Темир панжара билан қуршалган узун бинонинг атрофи ва ичи игна йўқолса топиб олгудек даражада чароғон эди. Садоқат панжарали дарвоза яқинига бориб, ёши ўтинқираган кишига салом берди. Илёс уни таниди: Аҳмад чўтир-ку! Топган одамингни сенинг... Аҳмад чўтир Садоқатни тавозе билан қаршилади-да, дарвоза қопқасини очиб, бинога киритиб юборди. Ўзи эса эшикчани илдирмасдан нари кетди. Бино ичида чигирткаларнинг зорланиб чир-чирлашига ўхшаш чиғиллаган товуши эшитиларди. Илёс шипиллаб юриб, ўша бино деразасидан мўралади. Эшикбон ҳам жойида йўқ экан. Ўзини панага олганича бўсағадан одимлади. Аммо остонада ҳайратдан ёқасини ушлаб, бир муддат довдираб қолди.

Кенг хонада эгниларига бир хилда яшил камзул кийиб олган йигирма чоқли аёлу қиз зал бўйлаб ўрнатилган раста-раста тикув дастгоҳлари ёнида ўтириб ниманидир тикиш билан машғул эдилар. Хайриятки, хотини унинг изма-из пойлаб келганини сезмади. Ишчи аёллар ҳам уни ё кўришмади, ё эътибор беришмади. Садоқат девор ёнидаги шкафни очди-да, иш кийимларини ки­йиб, дастгоҳи ёнига бориб ўтирди. Бироздан сўнг Садоқатга тегишли тикув машинаси ҳам бир маромда ишлай бошлади.

Илёснинг манглайига совуқ тер тепчиди. Аъзои бадани музлаб кетгандек бўлди. Негадир тўйиб-тўйиб йиғлагиси келди.

Ўпкаси тўлиб уйига қайтаркан, шундоқ мунис ва вафодор аёли ҳақида чиркин ва бўлмағур ўйларга берилиб, қовоқ-тумшуғи осилиб юргани учун ўзини койирди.

Тун чекиниб, тонг оқара бошлади.

Абдуқаюм БЕККАМОВ