* * *
Мен одам эмасман,
мен сўзман,
ҳамма ўқий билар бу сўзни.
Мабодо қийналса ўқишга
ҳақорат қилишар пайдар-пай.
Дунёда ҳеч ким йўқ
ва йўқ ҳеч нима,
фақатгина сўзлар бор
ёруғ дунёда.
Кўриб турганингиз
дарахт, одам ҳам,
ҳатто чумоли ҳам
оддийгина сўз.
Демак, мен одамман,
одам – сўз.
ШАМОЛ
Ҳовлиққанча кириб келар хонага,
Ўзимдай безовта, ўзимдай дилгир.
Стол устидаги қоғоз уюмин
Сочқилаб-сочқилаб кўради бир-бир.
У ёнга борару бу ёнга келар,
Ўзимдай шу тўртта деворга сиғмас.
Китобларни бир-бир варақлаб кўрар,
Лекин биттаси ҳам кўнглига ёқмас.
Ҳовлиққанча чиқиб кетар хонадан…
КЎЗЛАРИНГ ҲАҚИДА БИТИКЛАР
I
Сенинг кўзларингсиз умрим бемаъни,
Билмайман ҳаётим кунмикан, тун ё?
Мен қайга бораман кўзингдан бошқа,
Сенинг кўзларингдан иборат дунё.
II
Катта гуноҳ қилгани учун,
Куйгани-чун сени бир кўриб,
Кўчаларда тентираб зор-зор
Саболардан изингни сўриб,
Юргани-чун тинмай сиғиниб,
Ҳам борингга, ҳамда йўғингга,
Сургун қилай кўзларимни, кел,
Қоп-қоронғи қорачиғингга.
III
Айлангандай ер узра ой, ер
Айлангандай шамс теграсида,
Айланаман тиним билмайин
Қорачиғинг чегарасида.
Айланаман қорачиғингда
Мен ўзимни тополмай туриб.
Топишимга ёрдам бергали,
Оппоқ тонглар келар бостириб.
IV
Кўзларингдан олишар ибрат
Бутун олам, жамики борлиқ:
Кўзларингдай чақнайди қуёш,
Кўзёшингдай ёғади ёмғир.
Кўзларингда эрур мужассам
Бутун олам тортиш қонуни.
Йўқса, билмам, айланармидим
Атрофингда бунчалар, жоним.
V
Энди билдим кимлигимни мен,
Энди билдим ҳақиқий ўрним.
Кўзларингга термулиб туриб,
Илдиз отиб кетганим кўрдим.
ҲАЯЖОН
Сенга атаб олган гулларни
Учрашганда бермайман сенга,
Қўлимга ёпишиб қолади гуллар...
Қўлимга ёпишиб қолади...
Қўлимга ёпишиб...
Қўлимга...
Сенга атай тузган сўзларни
Учрашганда айтмайман сенга,
Тилимга ёпишиб қолади сўзлар...
Тилимга ёпишиб қолади...
Тилимга ёпишиб...
Тилимга...
Хаёл билан қайтаман ортга,
Хаёл билан қайтаман аста,
Дилимга ёпишиб қолади исминг...
Дилимга ёпишиб қолади...
Дилимга ёпишиб...
Дилимга...
* * *
Тошлар ёғаяпти,
ёшлар оқаяпти...
...юрагимга ғилоф тикиб бер...
Кипригимга қўниб турган қор –
қайиради дилимни,
айиради дилимни...
...юрагимга ғилоф тикиб бер...
Чўнтагим йиртиғидай
сўкилади умр,
тўкилади умр
чўнтагим йиртиғидан....
...юрагимга ғилоф тикиб бер...
Кўзимда ўт олар ўтинчим –
сен ҳам,
мен ҳам ўткинчи...
...юрагимга ғилоф тикиб бер...
* * *
Чумолилар наздида
сен ҳам битта дарахтсан
янтоқ.
Менинг қўлим кўкка етмайди,
бироқ
менинг қўлим етган жой
чумоли наздида осмондир,
билсанг.
Менинг қўлим кўкка етмайди
янтоқ.
* * *
Сени кўрсам,
ўтган кунлар ҳиди
урилади димоққа.
Қочиб кетаман
сендан қочгандай
қочиб ўзимдан.
Дунё тор,
беркина олмайман
ҳар ерда сен бор
Ҳар нарсада мени
таъқиб этасан
сен тош, сен дарахт, сен одам.
Ҳар кимда яшайсан
сени эслатади
кўзлари, қошлари, сочлари.
Мени тинч қўй,
таъқибингни бас қил,
қайтариб бер ўзимни.
Мен ҳам энди
одамдай яшай.
* * *
Сенинг юзларингга
Термулган сайин
Тойиб кетаверар
Нигоҳим.
Кипригингга осилиб турибман
Ё ҳаёт, ё мамот.
Юзларингга термулган сайин
Ўзимни бахтиёр сезаман.
Бироқ,
Мени қўрқитади
Гул юзингдаги
Суқланиб қараган нигоҳлар чиқиб...
ОВУТИШ
Қизим Хадичага
Баъзида уйғониб қолару виждон
Шартта тўсар ёлғоннинг йўлин
Ва бўғизга тиқилар ҳақиқат
Чўчима қизим
Йўтал тутиб турар
баъзан одамни
Эшитилиб қолганда ҳақ сўз
мудраган виждоннинг овози
Тасдиқлаб юборар бехосдан
Чўчима қизим
Баъзан акса уриб
туради одам
СОЧМАЛАР
Учиб кетмоқчи бўлади дарахт,
япроқларин қанот деб ўйлаб,
чангалини ботириб ерга.
* * *
Болаликни эслар онимда
битта юлдуз кўзини қисди
худди эски қадрдонимдай
* * *
Эртакдаги калава мисол
менга йўл кўрсатиб борар йўл.
Кетаяпман йўлнинг измида.
* * *
Нигоҳим – нигоҳинг тўқнашди.
Юмма, кўзингни юмма,
зулмат қопламасин дунёни.
* * *
Юрагим кўзларинг қаролиғича,
Орамиз икки кўз аролиғича,
Қачон учратамиз бир-биримизни?
* * *
Сенинг кўзларингга қарамоқ ўлим.
Менинг эса тинмай аксига олиб,
ўйнашгим келади шу ўлим билан.
Муҳиддин АБДУСАМАД