October 20, 2023

СОМОН МАВСУМИДА  

Маҳмуд РАЖАБ

(икки ҳикоя)

Бекорчиликданмас, ишим кўплигидан қўлим ишга бормай, ёнбошлаб ётибман. Эринчоқлигим эмас, куюнчаклигим сабабли таш­виш­лар кўпа­йиб, оёқ-қўлим боғланган. Ишининг кўзини билмайди, дейишади мени. Нима қилай, мен қилмоқчи бўлган ишларнинг кўзи йўқ.

...Даладаги шолини янчиб олганимизга бир ҳафта бўлди. Сомонига ҳали қўл текизмадик.

Чел-чебирда ўт кўп-у, уйда сигир очлигидан додов* турибди. Уни далага етаклаб кетмоқчи эдим. Қарасам, бўйнидаги ип титилиб кетибди. Ҳовлини айланиб бир қарич ҳам ип тополмадим. Ўтган йили ўн қулоч арқонни қаерга бекитганимни эслай олмай, ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилиб юбордим. Ҳай, майли дедим-у сигирни қозиқдан бўшатмоқчи бўлдим. Ип тугун бўлиб қотиб қолган экан. Уни омбурсиз ечиб бўлмасди. Омбурни кеча сўраб олиб кетган қўшнимиз уйида йўқ экан. Пухталигим доим ўзимга панд беради. Сигирни қозиққа маҳкам боғлаган ўзим эдим.

Сомон олишга борай десам паншаха синиқ. Уни олиб пайвандчиникига бордим. Пайванд­чи ток йўқлигидан устахонасини қулфлаб, сомон олгани кетибди. Сомон мавсумида қўшнилардан паншаха сўраш бефойда. Уларнинг ўзлари менинг паншахам бут бўлишини пойлаб юришибди.

...Сомонсиз қолсак – чатоқ.. Нечта молинг бўлса, шунча арава сомон олиш лозим. Кузда трактор билан бир арава сомон келтирсак, баҳорда унинг чиқиндисини бир арава қилиб чиқариб ташлаймиз.

Шу йил баҳорда мол арзон, ўт қиммат бўлиб, тракторнинг тиркама аравасига ҳакканинг уясидай қилиб юкланган сомоннинг баҳоси 200 мингга чиқиб кетганида, 200 минг сўмга бир ғунажин олган эдим. Ҳаром ўлгурнинг шу кунгача еган сомони ўзининг баҳосидан ҳам ошиб тушди. Ҳозир шуни бозорда 200 мингга олмайди. Шундай қилиб у ўзини ўзи аллақачон еб қўйди. Яхшиям сомон бизда деҳқончилик.

... Нима иш қилсам экан, деб ҳовлини айланиб, боққа чиқдим. Анжир, анорларни ўраб кўмиш учун қамиш ўриб келмоқчи эдим, сувэтик тешик экан. Бунинг устига ёз бўйи офтобда қолиб титилиб кетаёзибди. Энди уни яматишдан фойда йўқ.

Бугунги ишларнинг ҳаммасидан воз кечиб, қўлимни ювиб қўлтиғимга суртмоқчи эдим, дастшўйда сув йўқ.

Кўчадан ҳамма шошиб ўтар, тузукроқ саломлашишга ҳам вақтини қизғанарди. Бошим гаранг бўлиб турганда қадрдон ошнам келиб қолди. Қўшни қишлоқдаги жанозага бориш учун унга велосипед керак экан. “Велосипедни пахта тергани далага хотиним миниб кетди”, дедим.

– Уф!- деди у .

– Келганингиз яхши бўлди - дедим, қўшадиган одам топилганидан хурсанд бўлиб. Юзларини ажин босган, яқинига борса мол ҳуркадиган қаримсиқ улфатим шу дамда кўзларимга чўғдай босилди. – Айни вақтида келдингиз.

Газагига битта пиёзни иккига бўлиб, икковимиз битта шишани бўшатдик. Улфатим ҳаваскор ашулачи эди. Сўнг­ги пиёлани қўлига олганида шунақанг­и куйладики, у ҳеч қачон ҳозиргидай ёқимли куйламаганди. Мен ҳам ҳеч қачон бугунгидай яйраган эмасдим.

– Келганингиз яхши бўлди, – дея оёқ-қўлларимни узатиб чалқанча ётиб эснадим. – Куни бўйи беҳудага калла қотирибман-ов. Сигирни далага олиб борганим билан, барибир, чириган ипни узиб пахтага тушиб кетарди. Сомонга бормай тўғри қилдим. Бугунгидай шамолли кунда сомон олиб бўладими?

– Бугун жанозаси ўқилган одамнинг қанча ишлари қолиб кетди экан-а, – деди улфатим бош­ини чайқаб.

Оғзимиз сўзга қовушмаса ҳам, борган сари гап-гапга қовушарди...

...Ёстиқни кўкрагига босганча кўзи илинган шеригим бир пайт бошини кўтариб, ботаётган офтобга қаради-да, сапчиб ўрнидан турди. Нимадир бирдан эсига тушди, шекилли, “ҳай-ҳай”лашимга қарамай, ҳар оёғи ҳар ёққа тушиб югургилаб кетди.

Лекин у негадир уйига эмас, бошқа томонга қараб кетди.

____________________________

* Додов туриш – ёш боланинг оёқда зўрға туриши.

УСТУН

Ака-ука болалар ҳеч чиқишолмай, жиққамушт бўлаверганидан сўнг бобо укани аяб, акани устунга боғлаб қўйди.

Ҳавонинг иссиғи, оёқ-қўлларнинг толиқиши ва зерикишдан болакай устундан сирғалиб ерга ўтириб олди. У ҳар ҳар замонда эшик томонга бесаранжом қараб қўярди.

Бобо ўзини қўярга жой тополмай, ҳовлининг атрофини айланиб юриб, орқа томондан ичкарига кирди ва деразадан қаради.

Ука аканинг қаршисида ноилождек турарди. Ака сув сўради. Ука қумғонни кран тумшуғи остига қўйиб, бор кучи билан дастакни босди. Кучи етмаганидан дастакка солланиб олди. Кўп машаққатлар билан бир пиёлача сув олишга эришди. Қумғоннинг жўмрагини аканинг оғзига тўғрилаб, сув ичкизди.

Бобонинг юзига табассум югурди. У нималар ҳақдадир ўйлаб қолди.

Эртаси куни акаси мактаб ки­йим­ла­рини кияётганда ука югуриб бориб унинг ботинкасини тоза­лашга киришди. Устун воқеасидан кейин қирпичоқ ака-укалар ўртасида қандайдир меҳр уйғонгандек бўлганини кўрган бобо қачонлардир онасидан эшитган бир воқеани эслади.

– Катта опанг ҳали ёш эди, – деганди онаси. – Бир куни тинмай йиғлаб турганида отангнинг акаси келиб қолиб, эркалаш ўрнига унга қаттиқ-қаттиқ гапириб чиқиб кетди. Мен нима қилишимни билмай, тўнкарилган яшик устида индамай папирос чекиб ўтирган отангга: “Нега у бизнинг боламизни уришади, сиз эса индамадингиз” дедим.

– Акамиз, ахир, нима қилса ҳаққи бор, – деди у.

Онасидан бу гапни эшитиб, катта опасининг ёшлигида йиғлаб ўтирганини тасаввур этиб:

– Отамнинг акаси ёмон экан-да, – деган эди у.

– Йўқ болам, - бош чайқаганди онаси. – Аслида у меҳрли, ғамхўр эди.

У онаси ўшанда бу гапни беҳуда айтмаганини энди фаҳмлагандек бўлди.

Устун воқеасидан кейин қиш­лоқда миш-миш тарқалди.

– Нима эмиш, фалончи жимитдек неварасини устунга боғ­лаб савалабди, нонсиз, сувсиз қўйибди, – одамлар орасида шивир-шивир кўпайди. – Қариганда мияси кетибди чоғи.

– Маҳаллага айтиб, жазосини бериш керак.

– Болаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида қонун бор.

– Мелисанинг қўлига тушса биларди устунга боғлаш қанақалигини.

Бу гаплар қулоғига етиб келса-да, у ўзини босди. Эшитиб, эшитмасликка олди.

Бир кун ўтиб у туш кўрди. Тушида ер бир томонга оға бош­лабди. Пастлаётган то­монда ернинг охири ўпирилиб тубсиз жарликка қулаётган эмиш. Осмондаги шафақ жар­ликдаги оловнинг ёлқини эмиш. Қизилликка қараб юраклари ҳап­риққан болалар оталарининг қўлларидан тортиб ўша томонга кетаётган эмиш. У ҳам ўша томонга интилаётган невараларини тутиб олиб юқорига ҳаракат қилар, оёғи то­йиб йўли унмас, одамлар унинг устидан гоҳ кулиб, гоҳ заҳрини сочар, ер эса тобора оғиб борарди. Одамлар сирғалиб пастга кета бошлади. У бор кучи билан юқорига интилди. Бир маҳал қараса ўчоқ ёнидаги устунга яқин жойда экан. Чиранавериб баданидаги ҳамма томирлари бўртиб кетди. Бир маҳал қўллари устунга етди. Устунни қучоқлаб бирпас нафас ростлади ва катта неварасини унга маҳкам боғлади. Бошқа ип йўқ экан. Қумғоннинг жўмрагидан оққан сув арқонга айланиб илондай ака-укани ўраб олди. Ясси Ер аста ўз ўрнига қайта бош­лади. Келин қаёқда қолди экан деб атрофга аланглади. Қараса, шундоқ ёнгинасида ўчоқ бошида кир ювиб ўтирган эмиш.

Устун воқеасидан сўнг болалар ёқалашмай овқатланадиган бўлишди. Ҳеч ким ўргатмаса ҳам дастурхондаги нарсаларни бир-бирига узатишни ўрганишди.

Устун воқеасидан сўнг…

Ака-ука бир-бирига меҳр қўйиш­ди.

Маҳмуд РАЖАБ