СУКУТ ВА ДОНОЛИК ИШОРАТЛАРИ
Адабиётимизнинг катта авлод вакиллари, айнан 50-йиллар атрофида таваллуд топганлар адабиёт саҳнига чиққан даврда, яъни 80-йилларда аксарият Шарқ мамлакатлари мустамлака асоратидан қутулиб, бир силкиниб, ўз қаддини, қадрини тиклаб, катта йўлга чиқиб олган эди. Тарихга назар ташласак, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, яъни уруш вайроналари тикланиб, 60 - йиллардан эса бошлаган ирқий, миллий эркни қўмсаган шабадалар бутун дунё адабиётида, умуман, маданий ҳаётида янгича яшашни ва ижод қилишни истайдиган ёш авлодни вужудга келтирди.
Айни шу вақтда ўзбек адабиётига ҳам ўз қирғоғига сиғмаётган дарёнинг тошқин тўлқинлари сингари бир қатор истеъдодли ёш шоирлар кириб келдилар. Улар ўз овозларини баралла қўйиб, назм ва наср гулшанини ўзига хос бетакрор нағмалар билан тўлдира олдилар.
Йиллар ўтиб, ўша пайтларда ёш ҳисобланган авлод бугунги кунга келиб салобатли ва салоҳиятли катта ёзувчи-шоирларга айланишди. Бу даврда айрим ижодкор зиёлилар онгу тафаккурида ҳар хил қарашлар, янги бозор муносабатлари шароитига мослашишга уриниш, ўзлари орзу қилган мустақиллик насимларидан ғурурланиш ҳолатлари, моддий имконлардан фойдаланиш, фаровон яшаш завқи ва ҳоказолар кузатилди. “Кангул” сардори эса, ҳеч қандай оғишларга берилмади. Бир умр “кангул”га, шунинг баробарида виждонига, инсонлигига, адабиётига, шеъриятига, “ўзининг журналига” (40 йилдан ошибдики, “Шарқ юлдузи”да ишлайди) содиқ қолди.
Гап ким ҳақида кетаётганини зукко ўқувчи англаган бўлса керак. Биз ҳазрат Навоийнинг мисраи олийсини бекорга келтирмадик. Туркий тилдаги қадимий “кангул” сўзига (Навоий ижодида ҳам худди шундай тарзда учрайдиган ўринлар бор) жон берган ва шу “маҳбуба”га содиқ қолган, шоир ҳам удир. Шоир Икром Отамурод бир умр “кангул”ни севди ва ўз “маъшуқа”си – “кангул”нинг камолини кўриш иштиёқида уни шарқ ва ғарб адабиётининг гўзал намуналари билан озиқлантирди, яъни жаҳон адабиётини ўқиб-ўрганди ва таржималар қилди. Назаримизда, бир умр муҳаббат билан парваришланиб камолга етказилган “кангул дарахти” улканлашгач, донолик “мева”ларини бера бошлади: “Доғ”, “Ўрин”, “Балки”, “Жадвал” достонлари, айниқса, кейинги йиллардаги шеърлари...
Икром Отамурод тўғрисида бир қанча мақолалар эълон қилинди. Ҳатто унинг достонлари ҳақида уларни “достон жанрига киритиб бўлмаслиги” ҳақида мулоҳазалар билдирилди. Балки, ростдан ҳам, шоирнинг достонлари достон жанри ҳисобланиши учун анъанавий достон талабларидан бироз чекинишга тўғри келар. Гап шундаки, жанрдаги бундай ўзгаришни ўз-ўзидан содир бўлган ҳодиса, деб эмас, ижтимоий ҳаётдаги қонуний янгиланишларнинг шеъриятдаги ифодаси сифатида тушунмоқ керак, назаримизда.
Икром Отамуроднинг “Жадвал” достони ҳақида фақат 2016 йилда учта мақола ёзилди: Булар У.Жўрақуловнинг “Ҳузн саодати” (“Шарқ юлдузи”, 2016 йил 7-сон (достонга сўзбоши ўрнида)); И.Ёқубовнинг “Аттор растаси ифорлари ва Навоий базми наволари” (муаллифнинг ўзидан олинди); Комил Авазнинг “Мушоҳада мундарижи” (“Ҳуррият” газетаси, 2016 йил 7 декабрь сони).
Биринчи мақола муаллифи “Жадвал”даги фикрларни Навоий ҳамда Огаҳийга, иккинчи мақола муаллифи Фаридиддин Аттор ва Навоийга, учинчи мақола муаллифи тасаввуфга боғлайди. Аммо буларга кичкина бўлса ҳам далил келтирилиб фикрлар исботланса, янада яхши бўларди.
Икром Отамуродни инсоний ҳолатлар мусаввири, дейиш мумкин. Унинг бир оний кайфият ҳақидаги шеъри ҳам, бутун бир умр тўғрисидаги асари ҳам сокин, сиртдан тинч дарёга, тўғрироғи, денгизга ўхшайди. Асарларидаги образ ҳеч қачон “тўлиб-тошиб” кетмайди, гўё тўлқинлари қирғоққа урилиб ўзанига қайтгани сингари, яна биринчи куплет такрорланади ва шеър якунланади. Рассом чизгандек, кайфиятнинг авж палласи – оний ҳолат! Шу ўринда “Шундай билинади зайли-зайлида...” деб бошланувчи шеърини кузатайлик. Лирик қаҳрамон ёлғиз ва имконсиз: “Яккалик пичоғи эса суякка қадар” қадалади.
Қайгадир йўл олгим келар, дилхаста,
Барига қўл силтаб, баридан кечиб.
Лекин, ҳовурга ҳай бераман аста
Сабримнинг милт-милт ёшини ичиб.
Шеър давомида бўёқлар тобора қуюқлашади, ҳолат тасвири кучаяди ва лирик қаҳрамон уни ҳам дунё чорлашини хитоб қилиб сўрайди (авж ҳолат), аммо шеър якунида ўша дастлабки ҳолатни акс эттирган тасвир – куплет қайтарилади. Бу шеърни автопортрет дейиш мумкин, янаям аниқроғи, у Ўзбекнинг портрети, ҳолати, яшаш тарзи. Ўзбек ҳеч қачон ўзини ўйлаб муҳитидан, болалари - оиласидан кетиб қолмайди, сабр қилади, “ҳовурига ҳай беради” ва яшашда давом этади. Ахир, унинг “жўжабирдай жонлар”и бор. Шоирнинг аксарият шеърларида шундай мазмун мужассам. “Йиллар ортда” шеърига эътибор берайлик.
Йиллар ортда қолиб боради секин
Бир маъни топиб ё топмайин, лекин,
Сездириб-сездирмай ўтади умрим.
Бу шеърда барча умрларга хос умумий хусусиятлар акс этган. Ҳақиқий муҳаббат соҳиби ўзидан бир умр қониқмай яшайди, умридан ҳам. Умр тасвири шеър якунида яна дастлабки мисралардагидек такрорланади. Бу услубда шоирнинг фалсафий қарашига ишора бор, яъни ҳамма нарса ўз ибтидосига қайтади.
Шоирнинг образларидан кескин, залворли ларзаларни кутиш бефойда. Унинг шеърларини ўқисангиз, ўз ҳаётидан нолишни истамайдиган, лекин дунёнинг адолатсизлигига ҳам бефарқ қараб турмайдиган, дунёнинг ҳам, ўз кўнглининг ҳам ободлигини истайдиган образларни учратасиз. Улар тақдирига кўнган, сабрли, дардларини очиқ айтмагувчи мағрур инсонлар тимсолидир. Уларда асли шоир шахси мужассам. Бу образлар француз шоири Рене Шаррнинг шеърларини ёдга солади. Зотан, Рене талқинича, энг яхши яшаш – ҳеч кимга ҳалақит бермай яшашдир. “Тағаззул”да бундай портретлар талайгина. Мана бир шеърдаги деҳқон “портрети”:
Ернинг расмин чизмиш тақдири азал –
Меҳнат қилиб деҳқон пешонасига.
Шундан қадрдондир, ёрон ҳар маҳал –
Дил очар, дард ёрар Ер-ошносига.
Бу деҳқон ер билан яшаб, ер билан улғайган. Ер деҳқон учун шунчаки ризқ манбаи эмас, ер унинг учун ўзликни ифодалаш воситаси. Деҳқон ерини “гуллатиб қўлида қадоқ кўкар”тиради. Аламини ҳам, дардини ҳам меҳнатдан олади, меҳри-муҳаббатини ерига беради, бола-чақа боқиш умиди билан. Ерида меҳнат қилиш унинг учун роҳат. Шеърдаги деҳқон сурати типик, мукаммал яратилган. У фойдани кўзламайди. У ерни севган фидойи деҳқон образи. Ва у, албатта, бугунги тадбиркор ҳам эмас. У асрлар бўйи ерни кўкартирган фидойи. Шеър бир оддий деҳқон ҳақида. Агар инсон бутун борлиғи ва руҳини ифодалаш воситасини топса ва унга бутун вужуди билан фидо бўлсаю худди ана шунинг ўзи буюк саодат. Айниқса, унинг иши буюк яратувчанликдан иборат бўлса, айниқса, бу инсон деҳқон бўлса-ю, ўз ҳаётининг мазмун-моҳиятини Ерида, меҳнатида кўра олса.
Туфроқнинг тафтидан илиб қалб қати,
Туфроқнинг ҳидини симирар тўлиб.
Ердан айрилган кун бўлади етим,
Шеърдаги деҳқон Ерни азал-абад шундай қабул қилади. Чунки ер боқади, овутади, керак бўлса, деҳқон дардини олади. Бу айнан шарқона ҳикмат, эътиқоднинг юксак намунаси. Чунки ерини севган соҳир деҳқоннинг Яратганга ишқи чексиз бўлади.
Юқорида Икром Отамуроднинг шеърларига кескинлик хос эмас, дедик. Ерини севган деҳқон учун ундан айрилиш – ўлим. Шеърда бундай конфликтни ҳам шоир оддий, фожиали тус бермай тасвирлайди: “Ердан айрилган кун... Ўлим”. Ва шеър тугайди. Ўз туққан ери – “Қашқадайро”сини севган шоир буларни ўз тийнатидан ўтказган бўлса, ажаб эмас.
Тўхтади, йўлни безаб кетаётган аёл,
Очилган гулга нигоҳи тушиб бирдани.
Ул мисоли яноғга нақш этилган хол,
Ўтлар орасида ўсар, ёлғиз – бир дона.
Манзаранинг табиий бўёқларда чизилиши, атиргул ҳовлини безагандек, ўтиб кетаётган аёлнинг йўлни безаши каби бадиий ифодаларни соқит қилиб, қофияга эътибор қаратайлик. “Бирдани” ҳамда “бир дона” кабиларнинг қофияланиши ўзига хос, “икромона” қофиядир. Бундан ташқари, шоир маълум сўз бирикмаларини қўллашдан қочиб, янгича тасаввур берадиган иборалар топади: ой нури эмас, “Тўкилади ойдан бўлаклар”.
Умуман, шахснинг ботинида улкан, жуда ҳам улкан, англаниб-англанмаган миллий маданий менталитет унсурлари туради. Масалан, мен шоир Икром Отамурод ижодиёти ортида минглаб йиллар ҳунармандлик билан шуғулланган ўзбекнинг ўтроқ халқ маданияти хусусиятларини, айнан Касбининг тарихий турмушига хос тарихий тафаккур тарзини илғайман.
Икром Отамурод шеърлари ҳақида сўз юритганда кўз ўнгингизга “Жадвал” достони келаверади. Достонни бир-икки марта ўқиш кифоя қилмайди. Уни ўқиб уқмаслик эса, худди боғга кириб, гулларнинг латофатини, булбулнинг хонишини сезмасдан ўтиб кетгандек гап. Асарни тушуниш ҳам осонмас... умуман, шоир достонлари алоҳида таҳлил, талқинни тақозо этади.