МУҲАББАТГА ЙЎҒРИЛГАН УМР
Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшлар тарбиясига боғлиқ, деган эди маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний. Бу каби ҳикматлар мазмунини теран англаган Гулнора Мансурова умрини илмга, ёшлар таълим-тарбиясига бағишлади. Устоз 70 ёшни қаршилаётган бўлса-да ҳамон сафда, ёш авлод тарбияси билан машғул.
Гулнора Мансурова Тошкент давлат техника университетининг рус тили кафедрасида ҳамда университет қошидаги биринчи академик лицейда узоқ йиллар дарс бериш жараёнида рус ва чет эл шоир, ёзувчиларининг асарларини астойдил ўрганган. 1991 йил “Миллий тилларнинг эркин ва тенг ҳуқуқли ривожланиши миллатлараро муносабатлар омилидир (ўзбек тили мисолида)” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади. 1992 йили Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири этиб тайинлангач, ўз устида астойдил ишлаган Гулнора Мансурова ўзбек тилига оид илмий мақолалар ва методик қўлланмалар ёзди, Ғафур Ғулом нашриётида “Ўзбек тили сабоқлари” ўқув қўлланмаси чоп этилди. 2005 йили эса “Мустақил Ўзбекистонда миллий тиллар ривожланишининг ижтимоий-фалсафий муаммолари” мавзусида докторлик диссертациясини ёқлаб, фалсафа фанлари доктори бўлди. Бўлажак ҳуқуқшуносларга “Маънавият асослари” ва бошқа фанлардан сабоқ берди, ижтимоий фанлар бўйича ўқув қўлланмалар яратди. Унинг таржимонлик фаолиятида ҳам изчил илмий-ижодий изланишлари қўл келди. Севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “Камтарлик ҳақида”ги шеърини Гулнора Мансурова таржимасида ўқисангиз, бунга ишонч ҳосил қиласиз.
Камтарлик ҳақида
О скромности
Ни к чему и нос вверх задирать.
Скромнее будь, запомни, что нельзя
Так приближать гордыню, похвалу
Бугунги кунда Гулнора Мансурова Беларусь ва Ўзбекистон ҳамкорлигида ташкил этилган институтда ёшларга рус тилидан сабоқ бермоқда. Шу билан бирга, талабаларни Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари ўзбек мумтоз ҳамда замонавий адабиёти намояндаларининг бой адабий мероси билан яқиндан таништирмоқда. Гарчи ўрта мактаб ҳамда олий ўқув юртида рус тилида таҳсил олган бўлса-да, олима ўзбек тили асосларини мустақил равишда қунт билан ўрганди, ҳар икки тилни мукаммал ўзлаштирди. У Акбар Мирзонинг “Сўнгги нидо” романини ҳам рус тилига таржима қилди. Тоҳир Маликнинг “Арафа” асари асосида киносценарий ёзди.
Серқирра ижодкор, шеърлар ёзиш билан бирга ўзбек, рус ва чет эл эстрадаси қўшиқларини маромига етказиб ижро этади. Оила бекаси сифатида ҳам ибрат бўладиган жиҳатлари кўп. Дарҳақиқат, “Муҳаббат фалсафаси” китобида ёзганидек, “Муҳаббат тушунчаси кўп қиррали бўлиб, инсон ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Негаки, инсон ҳаёти муҳаббатсиз ҳеч бир маънога эга эмас”. Қирқ беш йилдан буён меҳр-муҳаббат билан ёш авлодга таълим-тарбия бериб келаётган устозни куч-ғайрат ҳеч вақт тарк этмасин, деймиз.
Тошкент давлат юридик университети доценти,