УЗУМ ҲАҚИ
Анор буви кенг ҳовлини эгаллаган ишкомларда эндигина пиша бошлаган узумга қараб, чолини эслади. Раҳматли кўп танти, миришкор боғбон эди. Бозорнинг олди узумларини ҳам у чиқарарди. Номлариям алламбало, кампирнинг уларга тили айланмайди. Энди шунча узумга ким қарайди?
Чол-кампирнинг пешонасига биргина ўғил битганди, ҳарбийга кетиб, ўша ёқларда қолиб кетди. Анчадан буён бедарак. Анор бувидан қўшнилари, уларнинг дастёр бўлиб қолган болалари хабар олиб туришади.
Мана ҳозир ҳам бирров ҳол сўраб кирган Соҳибжонни буви тўхтатиб, маслаҳат солди:
– Болам, бобонгни узумлари етим қоб кетди, қараб турсанг руҳи шод бўларди.
Соҳибжон рози бўлди. Ҳовлини тўлдирган ишком парваришини бошлади. Ёзнинг жазирамасида узумларнинг олди ранг олиб, бозорга чиқадиган бўлди.
– Буви, пишганларини бозорга олиб чиқаверсам, уч-тўрт сўм рўзғорга ишлатардингиз, нима дейсиз? – олтиндек товлана бошлаган узумларга ишора қилди Соҳибжон.
Анор буви нима ҳам дерди? Суюнди.
Аввал ҳосил капсани деб, бир патнис узумни ўз қўллари билан қўни-қўшниларга бир-икки бошдан улашиб чиқди, энди олиб чиқиб сотавер, деди.
Соҳибжон узумларнинг охирини сотиб келгач, бувининг олдига бир даста пул қўйди. Анор буви назарида пул мўлжалдагидан кўпроққа ўхшади. У шошмасдан пулларни тақсимлади. Каттароқ қисмини Соҳибжонга узатди.
– Шунча пулни менга беряпсизми? –ажабланди Соҳибжон.
– Бир этак боланг бор. Камига ишлат. Меҳнатни сен қилдинг. Рози бўл, болам. Бундан буёғига ҳам ўзинг қарайсан... – токларга ишора қилди буви, сўнг пулнинг бир қисмини ажратиб таъкидлади:
– Мана бунга ис чиқариб, худойи қиласан. Бу – узумнинг ҳақи. Савоби Олимжон бобонгга тегсин. Бобонгнинг удуми шунақа эди, албатта, узум ҳақини қўймай, ис чиқариб турарди.
Шу-шу Соҳибжон узумларга қарайди. Пишганда ҳосилини сотиб, Анор бувига даромадини келтириб беради. Буви ҳам, одатига кўра, пулларни тақсимлайди. Ҳар йили узумлар ҳақига эҳсон қилишни ёддан чиқармайди. Ёши анчага бориб қолган буви ёлғиз ўғлининг йўлига кўз тикиб, армонда омонатини топширди. Бувининг маъракаларини Соҳибжон ўтказди, келди-кетдини фарзандидан зиёда қилиб кузатди. Бир пайшанбада эҳсонга йиғилган маҳалла кексалари унга маслаҳат солдилар:
– Соҳибжон, сени Анор буви ўз ўғлидек кўрарди, ўғлидан дарак бўлгунча, шу ҳовлига ўзинг қараб тур. Катта ҳовли, кенг эшик, ғариб бўлиб қолмасин.
Катталарнинг гапини Соҳибжон қайтаролмади. Орадан бир муддат ўтиб, икки ҳовли ўртасидаги деворга дарча ўрнатилди. Ҳовлини тозалаш, экинларга қараш энди Соҳибжон ва унинг оиласи ихтиёрида эди. Узумлар... улар ҳамон киши кўзини қувнатиб, мўл ҳосил берарди. Соҳибжон уларга буткул боғланди. Узумлардан келган даромад эвазига уйларини янгилади, болаларини ўқитди, ўғилларини уйлади, қизларни чиқарди.
“Болам, менга шу узумлар тирикдек, одамни тушунадигандек туюлаверади. Унинг ҳақини ажратиб, эҳсон қилишни канда қилма”, деган Анор бувининг гаплари Соҳибжоннинг ёдида турса-да, ўз ташвишлари билан бўлиб, узум ҳақига қилинадиган эҳсонни унутди. Бугун у узум даромади ортидан қишлоқнинг олди бойларидан бирига айланган. Обрў-эътиборлилар қатори тўрларда ўтиради. Оқсоқоллар қатори ҳурматини қилишади.
Бир куни маҳалладаги издиҳомлардан бирида кимдир унга узум ҳақига қилинадиган эҳсонни эслатди. Шунда у бепарво:
– Ҳа энди, буям эскилардан қолган бир удум эди-да, – деди эътибор бермай.
Кунларнинг бирида бозорлик қилиб қайтаётган Соҳибжон отанинг мазаси қочди. Уйга аранг етиб келди. Эрининг аҳволини кўриб, қўрқиб кетган хотини унга жой тўшаб берди-ю, шошиб, “тез ёрдам”га қўнғироқ қилди. Зум ўтмай, етиб келган “тез ёрдам” шифокори уни текширди, эшитиб кўрди, сўнг бироз шамоллаганини айтиб, керакли дори-дармонни ёзиб бериб, кетди. “Шамоллаш” узоққа чўзилди. Дориларнинг эса, ҳеч бири наф бермади. Соҳибжон отанинг аҳволи кундан-кун ёмонлашиб борар, тунлари алланималардан қўрқиб, алаҳсираб чиқарди. Шундай кунларнинг бирида тушига ота-онаси, Анор буви кирди. Улар билан нималарнидир гаплашди, бироқ эслолмади. Қора терга ботиб уйғонганида, хотини йиғлар, пешона, бўйинларидаги терларни артарди. Аёлидан шошиб муздек сув сўради. У ташқарига чиққанда, қулоғида Анор бувининг узум ҳақи тўғрисидаги ўгитлари жаранглагандай бўлди.
Эски ҳовлида кўп нарса янгиланди. Ёмғирда ювилавериб нураган гувала деворлар ўрнини пишиқ ғиштлиси эгаллади. Оқ марварид кекса тут майда бўлакларга бўлиниб, ўтинга кетди. Таъмир зўр бўлди. Ҳовлининг бир бурчагида тутундан қорайган ўчоқ қолди.
Санобар ая бу ҳовлига келин бўлиб тушганида анча-мунча эркакнинг ишини бир ўзи бажарарди. Лой қориб, деворларни сувар, пахса деворларнинг нураган жойларини ямар, гувала, ғиштни ҳам ўзи қўйиб кетаверарди. Турмуш ўртоғи Аъзамжон тракаторчи эди. Эрта тонгдан оқшомгача ишдан бери келмасди. Болалар бирин-кетин улғайиб, ўқишди, ишларини топиб кетишди. Нафақа ёшида болаларнинг орзу-ҳавасини кўриб юриш Аъзамжон отага насиб қилмади. Унинг вафотидан сўнг Санобар буви муштдеккина бўлиб қолди. Қўнғир сочлари сийраклашди, оқ қировлар тушди. Сийрак сочларининг учига пахтадан пилик қўшиб, ўриб юришга одатланди. У зир югуриб, ҳовлини тўлдириб, бир зум тиним билмай, рўзғор ишларига андармон бўлган пайтларини эслаб, ёғоч сўрида букчайиб ўй суради. Бутун вужудини ғайрат-шижоат ҳамон тарк этмаган, бироқ энди мадор йўқ, зумда чарчаб қолади.
Ҳовлида айланиб, ёғоч синиқлари, дарахт новдаларининг ерда сочилиб ётган шохларини тўплаб, ўчоққа ўт қалайди, қора човгумда чой қайнатади.
Баъзан эса, буви бир ҳовучгина қозончани ўчоққа осиб, шўрва пиширади. “Кал пиёва” пишгач, ҳаммага пиёладан сал каттароқ чини идишларга ярим чўмичдан қуйиб, улашади. Масаллиғи оз бу суюқ овқатни ҳамма суйиб ичади. Ўчоқ бошидан доимий ўрин олган човгумда шақирлаб чой қайнайди. Унинг мазаси кампирнинг таъбирича, бошқаларига ўхшамайди.
Бир тонг бомдод намозига таҳорат олиш учун ҳовлига ўтган Санобар ая ўчоқнинг шапалоқдек кесаги ўпирилиб ётганига кўзи тушди. Ўғли ишдан қайтса, таъмирлаб беришини айтишни хаёлидан ўтказди...
– Ая, қизиқмисиз? Тайёр газ, тефал турганда ўчоқ нимаси? Аслида, шу ўчоғингизни аллақачон бузиш керак эди, – унинг гапини эшитган Баҳромжон тутақиб кетди.
– Уни бузмайсан, ўчоққа ўрганганман.
Санобар ая ўчоқни буздирмади. Ўчоқнинг тушган жойи ҳам қайта сувалмай қолди, бехосдан аянинг мазаси қочиб, бир неча кун кўрпа-тўшак қилиб ётди-ю, бирдан омонатини топширди. Кутилмаган жудолик ака-укаларни анча тентиратди. Улар биргалашиб, онасининг издиҳомларини кузатишди. Маърака-маросимлар ўтгач, яқинлар уй-уйларига тарқалишди. Ҳовлида Баҳромжон оиласи билан қолди. У келди-кетдини кузатишдан бўшагач, ҳовлига разм солиб ўтирди. Онасининг ҳовлида кезинганлари, тандир атрофида куймаланганлари кўзига кўринди-ю, ўпкаси тўлиб, йиғлади.
Бирдан ўчоққа кўзи тушди. Унинг ёнидаги супачада ҳамон кичкина декча, қора човгум жойида турарди. Кулиям олинмабди. Ўчоқ ўз эгасини кутаётгандек, човгумни кимдир сувга тўлдириб қўйибди. Балки, онаси тўлдиргандир... Онаси авайлаган ўчоқ энди қимматли ёдгорликдек туюлди. Бир пайтлар отасининг қўли теккан бу ўчоқни онаси бунчалар қадрлаганини у энди тушуниб етди. Бузмоқчи эди, қўли бормади. Ўчоқнинг шапалоқдек тушган кесагини жойига қўйиб, яхшилаб суваб қўйди.