December 1, 2023

ҲАЛОВАТЛИ УЙҚУЛАР  

Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар залида рассом Татья­на Фадееванинг “Ҳаловатли уйқулар” деб номланган кўргазмаси очилди. Экспозицияда намойиш этилаётган элликдан ортиқ ижод намуналарида рассом ижодидаги янги даврни кўриш мумкин. “Келинчак”, “Ниначи”, “Гирдоб”, “Қўмсаш” каби асарлар бир қарашда содда кўринади, лекин замирида улкан маънолар яширин. “Ширинликларга тўла дастурхон”, “Алвон елканлар”, “Фавн”, “Қўғирчоқ” сингари асарларда замонавий дунёнинг турли манзаралари ифодаланган. Чизгиларининг ўзига хос йўналишини шакл ва ранглар орқали излаётган рассом асарларида баҳор ифори, баҳорий ранглар мужассам. Т.Фадеева ўзининг барча асарлари билан яхшилик ғалабасини тасдиқлайди. Кўргазма ўзига хос геометрик шаклда қурилган бўлиб, ўткинчи ва хаёлий, ажойиб тушларга сайр қилиш манзарасини акс эттиради.

ҲУНАРГА БАХШИДА ҲАЁТ

Замонавий ўзбек кулолчилик санъатини моҳир уста Абдулло Назруллаев ижодисиз тасаввур қилиш қийин. У анъанавий ва замонавий кулолчилик санъатини уйғунлаштирган ҳолда ижод қилиб, миллий кулолчилигимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётир. Маълумки, техника ривожланган сари кулолчилик ҳам ривожланиб бориши сир эмас. Шунингдек, ҳар бир вилоятнинг кулолчилик санъати ўзига хос услуби, шакли, ранги, нақши ва технологияси билан ажралиб туради. Улар орасида Ғиждувон кулолчилик мактаби қадимий ва навқирон анъаналари билан ном қозонган.

Нарзуллаевлар сулоласининг олтинчи авлод вакили А.Нарзуллаев ўзининг ижодий фаолияти давомида қирқдан ортиқ давлатларда ўтказилган бир юз олтмишдан зиёд халқаро кўргазма, фестиваль ва танловларда иштирок этиб, ўзбек кулолчилиги санъатини кенг тарғиб этиб келмоқда.

Айни пайтда уста Абдулло ўзининг хонадонида “Ибодулло Нарзуллаев номидаги уй-музейи” ташкил этиб, нафақат анъанавий кулолчиликни ривожлантириб келмоқда, балки Ҳунармандчилик маркази ташкил этиб, бу ерда Ғиждувон анъанавий каштачилиги ҳамда “Бухоро ипак гилам тўқимачилиги”ни ҳам йўлга қўйган ва саксонга яқин маҳалладошларини иш билан таъминлаган.

* * *

Ўзбек адабиётининг йирик намояндаси академик Ғафур Ғулом таваллудининг 120 йиллиги муносабати билан адиб номидаги нашриёт томонидан “Шум бола” қиссаси янгидан нашр қилинди.

Куни кеча Ғафур Ғулом уй-музейида ушбу китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ушбу қисса халқимизнинг қалбидан жой олгани бежиз эмас. Турфа ҳангомаларга бой бу асарнинг ичакузди сюжетлар замирида давр­нинг жиддий муаммолари, оғриқли нуқталари тасвирланган. Ёзувчи ўзи яшаган даврнинг қиёфасини маҳаллалардаги ҳаёт тарзини, ишсизлик, қашшоқлар ва бойлар ҳаётини тасвирлаш билан бирга, ХХ аср­даги халқимизнинг турмуш тарзи, Иккинчи жаҳон уруши таъ­сири, Ўзбек халқининг азалий урф-­одатларини аниқ-тиниқ очиб берган.

Тақдимотда сўзга чиққан адабиётшунослар, шоир ва ёзувчилар асарнинг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти ҳақида сўзлаб, Ғафур Ғуломнинг серқирра ижодига ҳам тўхталиб ўтишди.

Сарвара ҚОСИМОВА