October 27, 2023

ТОҒНИНГ ЕМИРИЛИШИ  

Абдужалол РАҲИМ

(ҳикоя)

Бу аёлнинг бардоши тоғдек, дейи­шарди. Ражаб каттойим – амакимнинг аёли ҳақида бу гап. Ёш бола эдим-да, одамларнинг гапларига сира тушунолмасдим. Ахир, катто­йим хонасидан чиқмайдиган, жуссаси бир бурда кампир. Бунинг устига, кўзи ожиз. Шу муштипар аёл қайда-ю, биз “Алифбе” китобида расмини кўрган бала-анд тоғ қайда? Амаким ҳали ҳаёт эди. Нега каттойим “бева” бўлиб қолганиниям билмасдим. Бир куни ўқитувчимиз Қумри опа қилмиши қора Дев ҳақида эртак ўқиб бердилар. Шундан кейин, каттойимнинг кўр бўлиб қолишиям ўша Девнинг иши деб ўйлаганман.

Биз ҳар куни зоғора нон ердик. Мактабимиздаги болалар папкаларига зоғора нон солиб келишарди. Зоғора нон сариқ маккайи унидан бўлгани учун ранги зарғалдоқ, таъми чучук. Тишлаганингда уваланиб кетади, озгина есанг қорнинг тўяди. Бошқа егинг келмайди. Буғдой нонни қўмсайсан шундай пайтда. Бир куни:

– Оқ нон, буғдой нон ейман, – деб зорландим онамга.

– Буғдой уни йўқ-да, болам, – қўлидаги енгча билан бир амаллаб тандирга ёпиштирган зоғорани узиб олаётган онамнинг юзлари қип-қизил чўғнинг тафтидан лов-лов ёнарди.

– Нега йўқ буғдой ун?

– Билмасам, Хурушчўп ҳаммаёққа маккайи эктирган, дейишади... Зоғора нон маккайи унидан бўлади-да.

– Унда мен каттойимникига бораман!

– Нега?

– Каттойим тандирга оқ нон ёпади.

– Каттойинг тоғ, болам. Сабри тоғдек, нон ёполмайди, кўзлари кўрмай қолган.

– Ёполмасаям, оқ нон ясаб ўтирганини ўзим кўрганман.

Онам менга “ялт” этиб қаради. Кўзларидан ёш оқарди. Кўр бўлиб қолган каттойимга ачинибми, бизга оқ нон ёпиб беролмаганиданми – билмадим, бу кўз ёшларининг боисини. Бола эканман-да, ўжарлик қилиб туриб олганман:

– Бораман, каттойимникига!

– Йўқ, болам, йўлда тўқай бор, тўқайда...

– Дев борми?

– Темир йўлда темир Дев ҳам бор!

– Бўлса бўлар!

– Темир Дев болаларни еб қўяди, юбормайман, бормайсан!..

* * *

Болалик давримдан жуда кўп воқеалар хотирамда қолган. Катто­йим ҳаммомда йиқилиб, кўзлари кўрмай қолган экан. Ўша пайтларда кўз табобати бугунгидай бўлмаган-да. Жуда хушфеъл, меҳрибон аёл эди. Шунинг учун уйларига тез-тез бориб турардим. У қорамтир дуррасини пешонаси аралаш маҳкам боғлаб оларди. Лабларини қимтиб, ҳамма ишларни ўзи қилади. Болалари билан яшайдиган ота уйи укасига тегишли бўлган. Лампамой ҳиди ўтириб қолган катта хона доим озода эди. Бу хонадаги ҳар битта буюмнинг ўрнини ёддан билиб, керагини адашмасдан топар, шу кунигаям рози бўлиб яшар эди у.

Каттойимнинг хамир қориб, нон ясаб ўтирганини кўп кўрганман. Фақат нонни жиянларининг хотинлари ёки қўшни аёллар тандирга ёпиб беришган.

Ражаб каттойимнинг уч ўғиллари, Сайдиниса исмли қизлари бор эди. Болаларининг қўлларидан иш келиб қолган бўлсаям, уй юмушларини ўзи эплаб ўтирарди. Чўккалаб судралиб хонани супуриш, кир ювиш ҳам кўзлари ожиз аёлнинг қўлидан келган.

Бу гаплар ўтган асрнинг эллигинчи йиллари охирида бўлиб ўтган. Ҳали биз томонларга электр келмаганди. Сайдиниса опам ичига чўғ солиб ишлатиладиган дазмолда акаларининг кийимларини дазмолларди. Бундан аввал каттойим ўғилларининг ювиб қуритилган кўйлакларини қўллари билан сийпалаб текислар, ке­йин тахмондаги кўрпаларнинг қатига бос­тириб қўярди. Шунда кўйлак дазмоллангандек текис бўлиб қоларди.

– Ойи, ювилган кирларни текислаб ўтирманг, – деди бир куни Сайди опам. – Овора бўлиб нима қиласиз, ўзим дазмоллаб бераман-ку.

– Болам, акаларингни кийимларини дуо қилиб силайман, – катто­йим жиддий гапирди.

– Шундай, ўтириб дуо қила қолинг-да.

– Йў-ўқ, кўйлакларини силасам меҳрим ўтади.

Сайди опам индамай, кулимсираб қўя қолди. У жудаям кўнгли очиқ, содда қиз эди. Бизникига тез-тез келиб турганидан ўзимнинг опамдек яхши кўрардим. Ҳар келганида нимчасининг чўнтагида майиз, туршак олиб келарди.

Каттойимнинг болаларига меҳри беадоғлигини ҳамма биларди... Йўқ, унинг вужуди меҳрдан яралганди. Уч оға-ини ўғиллари – Жўра, Жамол, Жамбил акаларим оёққа туриб қолишганда фожиа юз берди. Тоғни ҳам қулатадиган, оламни остин-ус­тун қилиб юборадиган фожиа эди бу...

Ўшанда каттойим ранги униққан шолчага ёзилган супрага эгилиб олганча нон ясаётган эди. Мен ҳовлидаги тандирга оқ нон ёпилишини сабрсизланиб кутардим. Каттойимнинг рўпарасида ўтириб олгандим.

– Бирпас сабр қил, болам, – каттойимнинг овозида меҳр сезилиб туради. – Сайди опанг келяпти, манави нонни тандирга ёпиб беради.

Мен ҳозиргина тандирдан узилган оқ кулчани “куҳ-куҳ”лаб еяётгандек тамшанаман. Каттойимни яхши кўриб кетаман.

– Каттойи, оқ унни қайдан олдингиз? – бирдан хаёлимга шу савол келиб қолади.

– Тоғанг обкелди, – каттойим ҳовли томонга ишора қилади. – У темирйўлда ишлайди, оқ ун бериб туришади. Шунгаям шукр, бошқалар зоғора нон еяпти-ку.

Уйни бурчагида уч пиликли юмалоқ кирогаздаги човгун пишиллади.

– Пилигини пасайтириб қўй, болам, чойимиз нон пишгунча қайнаса бўлди-да.

– Хўп, – мен чаққон ўрнимдан туриб, кирогазнинг олдига бордим-да, чўнқайиб ўтириб, гул япроғига ўхшаган тутқичларни бураб, кирогаз пиликларини пасайтира бошладим.

Бирдан ер силкинди. Қўрқиб кетиб яна каттойимнинг рўпарасига келиб ўтириб олдим. Ўша темир Дев бостириб кела бошлаганди. Эски шолча остидаги бўйра шилдираб силкинди. Юрагимни ҳовучлаб, Девнинг ўтиб кетишини кута бош­ладим. Ҳамон нон ясашдан тўхтамаётган каттойимга тикиламан. У сўқир кўзларини оппоқ ун ёйилган супрага қадаб, тинмасдан хамир ёяди. Худди кўриб тургандек озғин қўллари билан адашмасдан зувала муштлайди. Шу пайт ерни титроққа солиб ўтаётган темир Дев ваҳимали ўкириб юборди. Каттойимнинг ранги ўчиб, қўллари зувала ёйишдан тўхтаб қолди.

* * *

...Сайдиниса опамнинг – бўй қиз­нинг юзлари лолагун, хаёллари ҳам­қур дугоналариники сингари паришон бўлиб қолганди. Уйлари темирйўл бўйида эди. Сайди опам пўлат излар ёқалаб юришни ёқтирарди. Ўшанда ўй суриб қолибди қизгина. Нималарни ўйлади экан? Акалари – уч оға-ини ботирлардан яширган кўнгил изҳори борми эди? Ёки ожиза онажонисининг кўзларига нур бўлишни кўнглига тугиб эҳтиросларга берилдими?

Ўй-ўйга уланиб, хаёл олиб қочган уни. Қизгина истиқболга томон шошар, йироқ уфқларга кўз тикиб, орзуларининг ижобат бўлишини илтижо қилиб, алланималар дея пичирларди. Ботиний туйғуларига шунчалар берилгандики, темир Девнинг оламни тутган ҳайқириғи эшитилганда сесканиб кетди. Шунда ер ларзага келди. Ёноғи лолагун қиз ортига ўгирилиб улгурмади. Вужуди осмону фалакка учди... Ёруғ оламга лоларанг қонлар сочилди-ю, қиз зимистонлик қўйнига сингиб кетди…

Бу пайтда каттойим ҳамон суп­рага эгилиб ўтирар, мен эса унга термилиб, оқ ноннинг ёпилишини кутардим.

– Оҳ! – деди каттойим бошини чайқаб. Унинг ранги оқариб, қўллари ҳаракатдан тўхтаб, тахтадек қотиб қолди.

Шунда яна бир чийиллаган шовқин кўтарилди. Қулоқларни қоматга келтирган бу товуш аввалгисидан ҳам ваҳимали ва қўрқинчли эди.

– Нега тўхтади-и, нима бўлди-и! – дея инграб юборди каттойим.

Ер силкинмай, ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди. Мен заминни титратиб чопаётган темир Дев тўсатдан тўхтаб қолгани, бу жудаям ёмон аломатлигини тушуниб, каттойимнинг аҳволига қараб йиғлаб юбордим. Унинг тарашадек қотиб қолган вужудида қалтироқ турди. Қовоқлари пирпираб, лаблари алланималарни тинмай пичирлади.

– Фалока-а-ат-т! – ҳовлидан эркак кишининг қичқирган овози келди.

– Болам-м-м! – каттойим иккала қўлини эшик томонга узатиб, ниманидир ушлаб қолмоқчидек эмранди.

Бўялмаган кўҳна эшик тарақлаб очилди. Бўйи узун, қотма, эскириб ранги униққан дўппи кийган одам кўзларини катта-катта очиб бизга қараб турарди. Каттойим нафас олмай, сўқир кўзларини унга тикди.

– Сайдини поезд...

Каттойимнинг олдинга узатилган қўллари новдасидан узилган баргдек шалвираб тушди. Бир муддат бошини эгиб ўтирди-да, менинг кўз ўнгимда супра устига оҳиста ёнбошлади. Ўзи майин қўллари билан ясаган оқ нонга бошини қўйди. Ун сочилган супра оппоқ булутга, каттойим эса булутга ёнбошлаган фариштага ўхшарди ўшанда...

Шу куни уч оға-ини ботирлар икки тобутни кетма-кет Саййид Жаъфар Ғозий бобо қабристонига элтишди. “Она-а, онажо-он!”, “Сайди-и, жигари-им-м!” – дея кўз ёшларини тўкишди улар.

Энди йигитларнинг кўйлакларини ҳеч ким меҳр билан сийпаламайди. Энди Сайди ҳам акаларининг кийимларини ҳеч қачон дазмолламайди. Бугун супрада қолган нонлар тандирга ёпилмайди....

Бошларига оқ дока рўмол ташлаган аёллар айтиб-айтиб йиғлашди. “У тоғ эди, тоғ эди”, дея дод солишди улар. Шу куни одамлар тоғнинг емирилишини биринчи ва охирги марта кўришди.

Абдужалол РАҲИМ