ҚАРДОШЛИКНИНГ КУЧ-ҚУДРАТИ
“Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида ўтган йил Самарқанд шаҳрида ўтказилган саммит давомида, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида таъсис этилган Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотга туркий дунё бирлигига, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган Чингиз Айтматов лойиқ кўрилган эди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 апрелда “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори адиб асарларини ўзбек китобхонларига янада кенг тарғиб қилишга асос яратган. Бу йил нишонланаётган адиб таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан таниқли адабиётшунос олим Маҳкам Маҳмуд Андижонийни суҳбатга чорладик.
– Маҳкам ака, суҳбатимизни Чингиз Айтматов асарларининг ўзбек тилидаги таржималари мавзусида бошласак.
–Чингиз Айтматов ижоди Ўзбекистонда ҳамиша адиблар ва мунаққидларнинг эътиборида бўлиб келган, ўзбек ижодкорлари унинг асарларига ҳавас ва юксак эҳтиром билан муносабатда бўлишган. Ғайбулла Саломов, Сайди Умиров, Иброҳим Ғафуров сингари атоқли олимлар Чингиз оғанинг барча асарлари ҳақида қимматли фикр-мулоҳозаларини билдирганлар. Чингиз Айтматов асарларининг қаҳрамонлари Жамила, Дониёр, Нурбек, Саида, Камол, жафокаш Мўмин чол, Султонмурод, Танабой, Ўрхон, Милхун, Кириск, Эдигей, Абутолиб Қуттибоев – барчаси меҳнаткаш, жафокаш, покиза қалбли халқ вакиллари. Чарльз Диккенс, Николай Гоголь, Федор Достоевский қаҳрамонлари каби жабрдийда, кичкина одамлар. Мансабдорлар, сиёсатдонлар, киборлар бундай одамларни одам ўрнида кўрмай, уларнинг устидан кулиб, инсоний қадрини ерга урадилар. Аммо шуниси эътиборга моликки, авлодлар кетидан авлодлар келиб, абадий яшовчи халқнинг ақл-заковати, покиза виждони, ажойиб фазилатлари киборлар менсимаган мана шу софдил одамларда сақланиб қолади.
Таржимон Асил Рашидов муаллифнинг худди шу поэтик ғоясини теран ҳис этади. Ҳар бир асар ва қаҳрамонлар тўғрисида кенг фикр юритади. Сўзлар устида ишлайди. Хаёлан асар қаҳрамонлари билан мулоқот қилади. Китобхон кўнглини топишга интилади. Мустабид тоталитар тузум халқнинг энг яхши фарзандларини асосий бойлиги – эркинлигидан маҳрум қилиб, инсоний қадр-қимматини оёқости қилиши, яхши инсонларнинг ватанини ҳам тортиб олиб, марҳумга бир қабрли жой ҳам бермай, маҳаллий халқни одам ўрнида кўрмаслиги, яъни шахс эркинлигини бўғиши, инсон ҳуқуқларини поймол қилиши “Асрни қаритган кун” романида юксак бадиий пафос билан тасвирланган. Заррача айби йўқ маҳбус Абутолиб Қуттибоев ўқитувчиликдан, оиласидан, озодликдан маҳрум қилиниб, қилмаган айбига жазони ўташ учун Сариўзак даштида кўчма қамоқхонада вагонда борар экан, темир йўл ёқасидаги кулбасида уни куну тун зориқиб кутадиган хотини ва болаларини бир зумгина кўриб қолишни умид қилади. Инсон зотига бундан ортиқ ҳақорат борми? Асил Рашидов таржимасида ҳам аслиятдаги мана шу драматик ҳолатлар жуда таъсирли берилган. “Оқ кема” асарида фарзандсиз Ўрозқул қайнотаси Мўмин ва боланинг кўз ўнгида Она Буғуни болта билан нимталаши, буни кўриб турган чол билан набиранинг нафис туйғулари топталиши эпизодини олайлик. Болага портфел олиб берилганида унинг севиниши-чи? Ёки қирғиз халқини ер юзасида битта қолдирмай қириб ташламоқчи бўлган душманлар хонининг икки норасида гўдакни ўлдириб кел, деб Чўтир Баймоқ кампирга дўқ уриши, кампир болаларни чўққидан дарёга ташламоқчи бўлиб турган пайтдаги ҳолат ўзбек тилида “О, муаззам Энасой дарёси! Сенинг қаърингга тоғни қулатса, у бир харсангдай жо бўлади. Агар юз йиллик қарағайни ташласа, уни чўпдай оқизиб кетасан. Кел, энди, икки қум заррасини – икки инсон боласини ўз бағрингга олгин. Уларга ер юзида жой йўқ. Қўй, улар бу манфур дунёмизни гўдакликда, тоза қалб билан, болалик ҳаёси билан, ёвуз ният ва ёвуз ишлар қилмай, ўз номига иснод келтирмай тарк этишсин”, деган тарзда жуда таъсирли ифодаланган. “Оқ кема” қиссасидаги романтизм руҳи таржимада ҳам аниқ-равшан инкишоф этилган. Унинг таржимасида ҳам асарнинг ўзидаги каби кампир билан бола ўртасидаги муносабат яхши очиб берилган. Таржимон бадиий матнни сўзма-сўз ўгирмаган, балки “Худди шундай ҳолатда ўзбеклар нима деган, муаллиф ўзбек бўлганида, у қандай ёзган бўлар эди?” деган андиша билан кўриб, услубий мос, бадиий аниқ, муқобил таржима намунасини ижод қилган.
– Чингиз Айтматовнинг ўзбек таржимонига мактубида, жумладан, шундай сўзлар бор: “Менга ихлос қилиб, китобларимни ўзбек тилига таржима қилган дўстларимга, айниқса, адабиётшунос, таржимон Асил Рашидовга ташаккур айтмоқчиман. Чунки менинг “Оқ кема”, “Жамила”, “Алвидо, Гулсари!” сингари бир қанча қиссаларимни Асилжон ўзбекчага худди мен қирғиз тилида ёзгандай жарангли таржима қила олди. Мана шунинг ўзи ҳам дўстликнинг куч-қудратидир”.
– Шу ўринда ёзувчининг “Юзма-юз”, “Жамила” қиссалари тўғрисидаги сўзларини эслаш жоиз. “Мен “Юзма-юз”, “Жамила” ва бошқа асарларимни шахсий таассуротларим асосида ёзганман, – дея эслаганди у. – Уруш йиллари фронтдагина эмас, балки фронт ортида ҳам ҳаёт оғир кечганлигини яхши билардим. Ўшанда, умримда биринчи маротаба китобхонларнинг миннатдорчилиги-ю, улар йўллаган мактубларнинг ҳар бири мен учун ҳақиқий байрам бўлганлигини англаб етган эдим. Бироқ, айни шу йиллари, мен илк бор адабий ҳаётнинг тескари жиҳатларига ҳам дуч келдим”.
Шу сабабли, ёзувчининг асарлари таржимасига киришишдан аввал унинг ижодини, асарлари тўғрисида ўзи баён этган фикр-мулоҳазаларни чуқур ўрганиб чиқиш лозим. Бизнинг таржимонларимиз худди шундай қилишди. Шунинг учун ҳам Чингиз Айтматовнинг уларга меҳри ўзгача эди.
Асил Рашидов табиат манзараларини ҳам худди асар ўзбекча ёзилгандай, кўз ўнгимизда равшан гавдалантира олган: “Тунда сой бўйи ҳам кўркам, ҳам ваҳимали бўлади. Ўтлоқнинг у ер, бу ерида ўтлаб юрган отлар қорайиб кўринарди. Ҳаммаёқ жимжит. Отлар шабнам тушган ўтларга тўйиб, дамба-дам пишқиришар ва енгил мудрашарди. Сал нарида Гуркиров суви қутуриб, майда тол новдаларини эгиб, тошларни юмалатиб, сокин тун жимлигини бузиб, гўё ер қаъридан қайнаб чиқаётгандай даҳшат билан шариллаб оқарди”.
Бу сизга нималарни эслатяпти? Умумий руҳимизни эмасми? Ахир, қирғизлар, ўзбеклар яшайдиган сокин қишлоқларнинг манзараларини бундан ортиқ ифодалаш мумкинми?
– “Эрта қайтган турналар” қиссаси таржимаси ҳақида нималар дея оласиз?
– Уруш даврида болалар ва аёлларнинг чеккан оғир машаққатларини, фронтга кетган йигитларнинг қайтиб келишини сабр-тоқат билан кутишларини, хуллас, халқнинг жаҳон урушида тортган жабру жафоларини таржимон Асил Рашидов ҳам худди ёзувчи Чингиз Айтматов каби қалбидан ҳис этади. У, ўсмир Султонмуроднинг отаси борлигида бутун олам бошқача, отаси йўқлигида бошқача эканлиги ҳақидаги ўйларини ўз бошидан кечиргандай таржима қилади. Жаҳон уруши ўзбек, қирғиз қишлоқларига ҳам қанчадан-қанча мусибатлар, фалокатлар келтириш билан бирга, халқнинг қалбидаги энг гўзал фазилатларни ҳам юзага чиқарган эди. Биз буни “Эрта қайтган турналар”да фронтга кетаётган йигит Жамонқулнинг суюкли қизни хайрлашувга чақирувчи мактубни Султонмуродга ёздириши, Жамонқулнинг сўз танлаб ҳаяжонланишидан боланинг ичида кулгиси қистагани, ошиқни хафа қилмаслик учун буни билдирмагани, кўп вақт ўтмай Султонмуроднинг қалбида ҳам сирли ва гўзал туйғулар ғунчалаб, у Мирзагулнинг қанчалар гўзаллигини ва нафақат овулда, балки бутун оламда тенги йўқ эканлигини хатда айтишни истагани, бошқача айтсак, қаҳрамонининг болалик билан хайрлашиб, ўсмирлик ва йигитлик фаслига ўтиш жараёнини муаллиф ҳам, таржимон ҳам моҳирона ифодалаб берганлар.
– Сиз Асил Рашидовдан таржимонлик сири ва маҳоратини ўрганганмисиз?
– Ижодкорлар бир-бири билан гоҳида баҳс-мунозара қилишдан ташқари йўл-йўриқ олиб, фикр алмашиб ҳам туришади. Асил аканинг ижодий йўлини, таржимада халқона, жонли, табиий сўзларни заргардай танлашини кузатишга муяссар бўлганман. Чингиз Айтматов бадиий услуб жиҳатидан энг нафис, фалсафий маъноларга, драматик ҳолатларга бой асарларидан бири “Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар” қиссасини биргалашиб таржима қилиш жараёнида яхши ижодий ҳамкорлик қилдик. Бадиий ва илмий фалсафий таржима соҳасида озми-кўпми малака ҳосил қилганман. Арасту “Поэтика”сини, Луис Борхес, Стефан Цвейг новеллаларини, Лев Толстойнинг адабий ўйлари, Бальзакнинг “Сағри тери тилсими” романи, В.Белинский ва Н.Чернишевский асарлари, Г.Х. Андерсен эртаклари, Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри аҳолисининг қарашлари” (устозим Абдусодиқ Ирисов билан ҳамкорликда), Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асари (Нажмиддин Комилов билан ҳамкорликда форсчадан), Эмиль Верхарнинг “Микеланжело” поэмасини таржима қиларканман, кўпинча устоз таржимонларимиз тажрибаларини ўрганганим қўл келди. Мен, одатда, бадиий асарларни завқ билан ва тез таржима қилар эдим. Асил ака билан ҳамкорликда ёзувчи Чингиз Айтматовнинг “Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар” асарини таржима қилишда менинг тезкорлигим тўғри келмади. Бу гал Асил аканинг шошмасдан, сидқидилдан, синчовлик билан сўз танлаши фойда берди. Менинг таржимамда бир қанча ўринларда маъно бузилган экан. Асил ака бу хатоларимни тез топиб берди ва уларни тузатиш йўлларини ўргатди. Бу менга кейинги ишларимда жуда қўл келди.
– Ҳақиқатан ҳам, ибратли жараён экан.
– “Чингиз Айтматов ижоди ўз-ўзидан қуппа-қуруқ заминда юзага келмади, – деган гапни такрорлашни Асил Рашидов хуш кўрарди. – Аксинча, бир халқ иккинчисидан, ёш авлод кекса авлоддан, бир ёзувчи иккинчи ёзувчидан сабоқ ўрганиб келгани сингари, унинг ноёб истеъдоди ҳам мавжуд ижтимоий шароит ва янги тарихий, миллий заминда юзага келди, ўсиб улғайди ва равноқ топа борди”.
Чингиз Айтматов асарлари дунёнинг 168 тилига таржима қилиниб, 67,2 миллион нусхада чоп этилганлиги оммавий ахборот воситалари орқали маълум бўлганди. Унинг асарларини 170 миллат вакиллари бугунги кунда меҳр билан ўқиши ҳам сир эмас.Чингиз оғанинг асарлари бутун дунё халқларини ҳайратлантиради ва завқ бахш этади. Камина ҳам бир таржимони ва мухлиси сифатида фахрланиб юраман.
– Чингиз Айтматов даҳоси ҳақида кўп сўз айтилган, бу борада Сизнинг фикрингиз қандай?
– Туркий дунё Алишер Навоийдан қарийб беш юз йил сўнг адабиёт чўққисига Чингиз Айтматовни олиб чиқди, деган гап бор. У рус тилида ёзди. Унга рус адабиёти ракурсидан қараб баҳо беришга одатланиб қолганмиз. Аммо Чингиз Айтматовдаги туркийлик руҳи бизнинг руҳимиз. Шунинг учун бизнинг кўнглимизга ҳаммадан кўра яқинроқ. Алишер Навоий билан таққослангани ҳам кўнгилга оғир ботмайди. Ёзувчи ҳаёт билан юзма-юз яшади. Мен бир йили ёш олимлар қаторида Югославияда Ўрта Ер денгизига туташ Адриатика денгизи соҳилларида саёҳатда, Сербия ва Хорватияда бўлганимда бу юртнинг мумтоз адиби Иво Андрич қабрини зиёрат қилдим. У Нобель мукофотига сазовор бўлган “Дрина кўприги” романида Туркия қурган бир кўприкка алоқадор одамларнинг 500 йиллик машаққатли ҳаётини тасвирлайди. Ҳар бир ижодкорнинг ўз услуби, ўз қараши, ўз фикри, ёзиш йўналиши, таржимачилик соҳасида маҳорати бўлади. Бу маҳорат истеъдодга йўғрилган бўлиб, қалбдан вулқондек отилиб чиқади, у вулқон радиусидан юз баравар, минг баравар кенгроқ ҳудудларнинг халқларига одамийлик, яхшиликни эъзозлашни, тинчлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш заруриятини англатади. Тоза қалбли инсонлар аҳил ва кучли бўлса, золимлар заифлашади. Ҳаётда даҳолар қудрати ва меҳнати қадрланиб борилади.