August 18, 2023

АЛЛОМАНИНГ АДАБИЙ МЕРОСИ  

Шарқ тамаддунининг порлоқ юлдузларидан бири, шайхурраис Абу Али ибн Сино ҳақида сўз кетганда, аввало, унинг тиббиётга қўшган ҳиссаси ёдимизга келади.

Унинг тиб, фалсафа, илоҳиёт, математика, мусиқа, адабиёт, тил, мантиқ каби соҳаларга доир асарларини чуқур ўрганиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан. Зеро, унинг ижодий мероси 479та асарда жамланган. Дунёни илм ва тафаккур орқали забт этган Ибн Сино асарлари кўп қиррали, шу боис ҳам уларнинг янги жиҳатлари кашф қилинмоқда.

Ҳаёти турли ўлкаларда кечган олим илм­дан, ижоддан асло тўхтамаган. Бухоро диё­рида туғилиб ўсган бўлса, унинг хоки Ҳамадон шаҳрида қолган. Исфаҳон шаҳрида эса, аллома дарс берган мадраса мавжуд.

Асарлари нафақат дунёнинг кўп тилларига таржима ва тадқиқ қилинган. Беш жилддан иборат “Тиб қонунлари” ўзбек тилида уч марта нашрдан чиққан ҳамда тиббиётга оид қарашлари сараланиб, “Тиббий ўгитлар” номи билан китоб шаклида эълон қилинган.

Аллома шеърларидан намуналар дарсликларга киритилган. Шоислом Шомуҳамедов, Жамол Камол, Абдусодиқ Ирисов, Эргаш Очилов унинг ғазаллари, рубоийлари, қитъа ва фардлари ҳамда тиббиётга оид назмий парчаларни тилимизга ўгирган.

Алломанинг адабий меросини шартли равишда рамзий қиссалар ва эсдалик­лар ҳамда турли жанрдаги шеърларга ажратиш мумкин. Рамзий қиссаларини ўрганиш шунинг учун ҳам аҳамиятлидирки, унинг фалсафий қарашлари мағзи шу асарларда мужассам.

Муаллиф Фарджон зиндонида бўлган пайтда ёзган “Қуш ҳикояти” қиссасидан таъсирланиб Муҳаммад Ғаззолий, Суҳравардий, Аттор шу асосда асарлар яратганлар. Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достони генезисини айнан шу асар ташкил этади.

Шунингдек, “Ҳай ибн Яқзон” (“Уйғоқ ўғли Тирик”) рисоласи ҳам Фарджон зиндонида яратилган. Шайхурраиснинг шогирди Абу Мансур ибн Тоҳир ибн Зила ушбу асарни араб тилидан ўгириб, унга мукаммал шарҳ ҳам илова қилган.

Ибн Синонинг тугалланмай қолган асари — “Таржимаи ҳол”(“Саргузашт”)ни шогирди Жузжоний якунлаган. Унда шайхурраиснинг болалигидан бошлаб вафотигача бўлган воқеа-ҳодисалар қисқача тасвирланган.

Аллома ижтимоий-фалсафий қарашлари хулосасини баён этиш учун лирик жанрлардан фойдаланган. Шеърий тўпламларида ижтимоий-фалсафий, дидактик, ишқий ва ҳасби ҳол мавзуларига бағишланган шеърий парчалар учрайди.

Фалсафий дунёқараши қаймоғини ташкил этган шеърий парчалар муаллифнинг бой тафаккури маҳсулидир. Ҳикматли шеър­ларини ўқир эканмиз, кўзимиз ўнгида етук файласуф ва жасоратли шоир гавдаланади. У олий мақсади йўлида ҳеч нарса тўсиқ бўла олмаслигини баён қилган ва маънавий камолот йўлида ўзи намуна бўлган. Шеърлари унинг ҳаёти ва тафаккур тарзидан хабар бериб туради, яъни мисраларда келтирилган гўзал намуналар бошқа жойларда айтилган ҳикматли сўзлари билан ҳамоҳангдир.

Хўш, шундай экан, нима учун кўпчилик уни фақат тиббиётга қўшган ҳиссаси туфайли ёдга олади? Боиси, аллома халқ ичида ҳаким ёки файласуф сифатида танилган. Шоирлиги эса, кўп ҳам кўзга ташланмаган.

Рубоий жанрининг ўзига хос хусусияти шундаки, биринчи ва иккинчи сатрларда бирор масала кўтарилади ва учинчи ҳамда тўртинчи мисраларда фикрлар хулосаси жамланади. Бундай усул эса, турли фалсафий фикрларни баён қилишда қўл келади. Ибн Синога мансуб рубоийларни ўқиганда, уларда айнан шу хусусиятлар мужассамлигини пайқаш мумкин. Аллома рубоийлари турли мавзуларни қамраб олган: дунёнинг бебақолиги, маънавий камолот, ишқ жозибаси ва аҳамияти, ҳасаднинг ёмонлиги ва ҳоказо. У ҳар доим рубоийнинг охирида хулосавий фикрини келтиради. Яъни ҳар бир рубоийда мавзу турлича бўлиши мумкин, аммо масалани ўртага ташлаб, унга ечим топиш услуби ўхшаш. Хайёмнинг фалсафий рубоийлари шаклланишига Ибн Синонинг шеърлари туртки бўлган. Шундан келиб чиқиб фалсафий рубоийлар, асосан, Ибн Синода шаклланган бўлса, Хайём ижодида чўққисига етди, десак муболаға бўлмайди.

Ибн Синонинг саноқли рубоийлари неча юз йилдан бери халқ хотирасида сақланиб келмоқда.

Қаро ер қаъридан то авжи Зуҳал

Коинот мушкулин барин қилдим ҳал.

Кўп мушкул тугунни англадим, ечдим,

Ечилмай қолгани биргина ажал.

(Абдусодиқ Ирисов таржимаси.)

Абу Али Сино табиб сифатида барча касалликларнинг давосини топган бўлса-да, ўлимга ҳеч қандай даво йўқлигини эътироф этган. Аллоҳ башариятга кўп имкониятлар берди, инсоният барча соҳаларда янги кашфиётларга эришди, ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан юксалди, лекин ўлим олдида ожиз қолди. Бу эса инсон ҳаёти Холиқнинг иродасига боғлиқлигини кўрсатади.

Ибн Сино маънавий камолотга эришишни энг асосий вазифа деб белгилаган. “Таржимаи ҳол” асарида: “Ўз камолотига эришмаганлар дангаса ҳисобланади”, деб таъкидлайди. Дарҳақиқат, вақт ўлчаб берилган, дунё вақтинча яшаш учун мўлжалланган манзил, бу ерга келиб, камолотга эришиш олий мақсад ҳисобланади.

Муаллифнинг бир қитъасида инсон ақли билан кўп нарсага эришиши мумкин, акс ҳолда тубанликка тушиб қолади, деган маъно мужассам. Аллома инсоннинг асосий қуроли билим ва ақл-тафаккур эканини ҳисобга олган ҳолда, инсониятни маънавий камолотга чорлайди. Унингча, комил ақл инсониятни ҳар қандай ножўя эҳтирос ва ғафлатдан қутқаради. Инсонга берилган умр ниҳоятда қисқа, у бироз муддатдан кейин Зуннун (Юнус алайҳиссалом) балиқ қорнига тушгани каби тақдир комига тушиб йўқ бўлади. Шунинг учун ақлни тўғри ишга солиш ва вақтдан унумли фойдаланиш масаласи кўндаланг қўйилган.

Охирги вақтларда Ибн Сино қаламига мансуб янги қитъа ва рубоийлар аниқланган. Улар орқали алломанинг фалсафий-ижтимоий қарашларидан хабардор бўлиш имкони бор. Янги топилган шеър­лар билан ҳисоблаганда, Ибн Синонинг лирик шеърлари тўртта ғазал, саккизта қитъа, қирқта рубоий ва учта фарддан иборат. Умумий тарзда муаллифнинг араб тилидаги шеърларидан ташқари 141 байт назмий мероси мавжудлиги аниқланган.

Ибн Сино шеърларининг тўла нашри ҳали чиқмаган. Бу борада изланишлар олиб бориб, шеърий девонини тузиб нашр этиш тадқиқотчилар олдидаги долзарб вазифадир.

Хусрав ҲАМИДОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори