July 9, 2023

БАРОТ ШОИР БАРОКАТИ

Қотма, ҳаракатлари чаққон, юздан ортиқ меҳмон орасида бир зум ҳам тинмай пилдираб юрган Барот акани кўрсатиб, шу одам саксон етти ёшга кирди, ундан ҳам ошди, десангиз биров ишонмайди. Гапингиздаги ҳазил-ҳузулни айтиб тугатмасингиздан бурун илғаб (қулоғи динг), ўша мавзунинг ўзида яна бир ҳазил ё ҳангомани қистириб ўтишга мойил.

Бир ҳафта аввал, Қурбон ҳайитининг эртаси шоир оғамиз Барот Исроил “Бир келиб кетинг қиш­лоғимизга!”, деб чорлаб қолди. Қўй сўйиб, эҳсон қилишни икки йил аввал кўнглига туккану, кўзлаган ишининг битишига қараб турган экан. Ана шу кунлар насиб бўлган кўринади.

Мўлжаллаган иши нима эканини мен у кишининг ўғли Беҳзоддан суриштирдим. Шоир ўн мингдан ортиқ китобли шахсий кутубхонасини она қишлоғининг ёшларига ҳадя қилишни кўпдан бери ўйлаб юрган экан, ана шу кутубхона очиладиган бўпти. Бу китоблар... шоирнинг бир умр еб-ичиш, кийиниш, хорижий машина олиб миниш, қўша-қўша иморат солишдан ўзини тийиб, тежаган охирги пулларини сарфлаб сотиб олган бойлиги, албатта. Буёғи – ҳайитчилик ҳам.

Ҳамма билан қадрдон, камтарин, камсуқум шоир оғамиз Барот
Исроил бундан ўн саккиз йил аввал бир умр меҳнат қилган қадрдон корхонаси – Ўзбекистон радиосидан пенсияга чиққач, туғилиб ўсган Тош­сой қишлоғига қайтиб, ота-онаси умр кечирган, ўзининг киндик қони томган ҳовлига қаради, девор-тошини тузатди, дов-дарахтлар экди.

Бир умр ошиқмай-тошиқмай, сабр-қаноат билан умр ўтказган, фарзандларини ўқитган, ҳалол-пок ижод қилган шоирнинг шеърларидан ҳам ана ўша покиза нафас, муаттар бўй уфуриб туради:

Боғимда настарин бор,

Гуллайди ҳар илк баҳор.

Настарин гул қўлимда,

Қўлимдамас, кўнглимда.

Боғимда настарин бор,

Гуллайди ҳар илк баҳор…

Барот оға ўз ҳовлисининг кўча бўйига яқин жойига икки қаватли кутубхона қурдирибди, биринчи қавати тўлалигича катта ўқув зали (бир вақтнинг ўзида саксон нафар китобхон шуғуллана олади), иккинчи қавати эса китоб фонди, кўргазма заллари, кичик қироатхонадан иборат. Оҳангарон тумани ҳокими Абдурасул Абдуллаев ҳам адибнинг ташаббусини маъқул топиб, моддий кўмак берибди. Кутубхона бу атроф­га шунчалар керак эканки, ҳали очилмай турибоқ нафақат Тошсой, балки шу яқиндаги Янгиқишлоқ, Парписой қишлоқларидан ҳам ўқувчилар кела бошлади, дедилар. Туман раҳбарияти яна бир кўшиш қилса, кутубхона Интернетга ҳам уланиб, ҳар жиҳатдан тўкис ишга тушса, ажабмас.

Уйга қайтиб келар эканман, кутубхона барпо қилиш ҳам азим савобли ишлардан саналса керак, деб ўйладим. Қанчадан-қанча кекса шоирлар, ёзувчиларимиз бор, ҳар бир фан соҳасининг пири саналган талай олимларимиз бор. Улардан ҳар қайсисининг уйида бир кутубхона фондига татийдиган ажойиб китоб­лар йиғилган. Бугина эмас, дунёдан ўтган ўнлаб алломалар борки, улар тўплаган ва кўз қорачиғидай асраб келган китоблар энди уйларида кераксиз бўлиб, жойни банд қилиб турибди. Чунки... фарзандларининг ҳаммаси ҳам китобий соҳада ишламайди.

Нима қилиш керак?

Макулатурага топшириш – увол. Сотиш эса осон эмас.

Мен, ўзимча, адиблару олимларга, муҳандису шифокорларга бир нарсани таклиф этмоқчи бўлдим: биласиз, ҳозир бизда кутубхоналар камайиб кетган. Энг мушкули, одамларни, жумладан болаларни, китобга, кутубхонага қайтариш осон бўлмаяпти. Бунинг устига, кутубхоналар камайиб кетган.

Аксар қишлоқларда битта ҳам китоб ўқийдиган жой йўқ. Китобнинг ўзи ҳам йўқ. Чунки мактаб дарсликлари ва баъзи ташвиқот йўсинидаги сиёсий асарлардан бош­қаси асосан минг нусхада чоп этиляпти. Бу ҳар ўн минг, ё ҳар ўттиз беш минг кишига битта китоб, дегани. Кутубхона эса фақат мактаб­ларда қолган, холос. Шундай бир пайтда ҳар бир аҳоли яшаш пунктида, ҳар бир йирик корхона ва институтда камида бир кутубхона бўлишига эришмасак, одамлар китобдан бебаҳра ўтиши тайин.

Чорак аср аввал таниқли тилшунос олим Аҳмад Ишаев вафоти олдидан шахсий кутубхонасини ўзи бир умр ишлаган Тил ва адабиёт институтига ҳадя қилган эди. Ўшандан бери бу хазина олимлар хизматида, ўнлаб ёш тадқиқотчилар Аҳмад оға йиққан-терган китобларни хатм қилиб олим бўлди. Бу ҳам савоби жорий амаллар ҳисобига ўтади, иншооллоҳ.

Хуллас, юртимизда кутубхоначилик ҳаракатини кучайтириш керак. Ҳамма нарсани давлат қуриб берсин, деб кутадиган вақт эмас. Минг йиллик ўзбек маданиятини, маърифатини равнақ топтириш бугун ўзимизнинг фидойилигимизга боғлиқ.

Кекса шоир, камтарин ва самимий инсон Барот Исроил кутубхонаси очилишидан қайтар эканман, хаёлимдан шундай ўйлар кечди.

Сиз нима дейсиз, азизлар? Бизлар ҳам шундай қилсак, маъқул бўладими?

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ